1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳ билиб тасарруф қилади

17:07 / 29.03.2020 3620 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

Набийлари уларга: «Албатта, Аллоҳ Толутни сизга подшоҳ қилиб юборди», – деди. Улар: «У бизга қаёқдан подшоҳ бўлсин?! Ваҳоланки, подшоҳликка ундан кўра биз ҳақлироқмиз. Қолаверса, унга кўпроқ мол ҳам берилмаган», – дедилар. У: «Албатта, уни сизларга Аллоҳнинг Ўзи танлади ва илмда, жисмда кенглигини зиёда қилди. Аллоҳ подшоҳлигини Ўзи хоҳлаган кишига беради. Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир», – деди. (Бақара сураси, 247-оят)

Бану Исроилнинг талабига биноан, уларнинг Аллоҳ йўлида қиладиган урушларига раҳбарлик қилиш учун подшоҳ ихтиёр қилинди.

«Набийлари уларга: «Албатта, Аллоҳ Толутни сизга подшоҳ қилиб юборди», – деди».

Шунда Бану Исроил ўзининг бузғунчилигини яна бир бор кўрсатди. Подшоҳ талаб қилган ўзлари эди, шу талаб инобатга олиниб, Толут уларга подшоҳ этиб тайинланганида, улар уни ризолик ила қабул қилишнинг ўрнига Аллоҳнинг амрига исён қилишди. Аллоҳ тайин қилган Толутнинг подшоҳ бўлишини инкор этишди. Унинг подшоҳликка тайинланишини хато, деб эълон қилишди. Нега?

«Улар: «У бизга қаёқдан подшоҳ бўлсин?! Ваҳоланки, подшоҳликка ундан кўра биз ҳақлироқмиз. Қолаверса, унга кўпроқ мол ҳам берилмаган», – дедилар».

Демак, Толутнинг подшоҳлар авлодидан эмаслиги уларнинг инкорига сабаб бўлган экан. Қолаверса, уларнинг фикри бўйича, подшоҳ бўладиган одамнинг мол-дунёси кўп бўлиши керак экан. Толутда бу ҳам йўқ. У қандай қилиб подшоҳ бўлади?

Бану Исроилнинг ушбу нотўғри мавқифига қарамай, набийлари Аллоҳ нима учун Толутни уларга подшоҳ қилиб тайинлаганини баён қилди:

«У: «Албатта, уни сизларга Аллоҳнинг Ўзи танлади ва илмда, жисмда кенглигини зиёда қилди. Аллоҳ подшоҳлигини Ўзи хоҳлаган кишига беради».

Бану Исроилнинг пайғамбари сабр билан, қизишмай, уларга ҳақиқатни тушунтиришга уринди. У айтдики, «Аввало, сиз инкор қилаётган Толутни подшоҳ қилиб Аллоҳнинг Ўзи танлади. Мен ёки бошқа бирор киши танлагани йўқ. Иккинчидан, Аллоҳ унинг илмда ва жисмда кенглигини зиёда қилиб қўйди. Подшоҳликка энг керакли нарсалар шулар. Сиз айтгандек, бой бўлиши эмас. Қолаверса, Аллоҳ подшоҳлигини кимга хоҳласа, ўшанга беради. Ўзи эга, Ўзи билиб тасарруф қилади. Сизлардан сўраб ўтирмайди.

«Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир», – деди».

Ҳамма нарсани, шу жумладан, сиз билан бизни ва биз талашаётган масалани ҳам қамраб олган Зот Ўзи билиб тасарруф қилади.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қавминг уни ёлғонга чиқарди. Ҳолбуки, у ҳақдир. Сен .Мен устингизда вакил эмасман, Анъом сураси 66оят. .Ҳар бир хабарнинг ўз вақти бор. Тезда буни давоми...

756 19:00 / 20 январь
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни ирода қилсак, унинг маишатпарастларини итоатга амр қиламиз, бас, улар давоми...

2311 19:00 / 16.01.2024
Аллоҳ таоло Тавба сурасида шундай марҳамат қилади Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис давоми...

3106 14:04 / 20.11.2018
Аллоҳ таоло Инсон сурасида шундай марҳамат қилади .Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар, 8оят.Ана, биродарлар, давоми...

4337 13:17 / 25.12.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021