1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳақиқий мўминларнинг дуолари ва пойқадамлари хайрлидир

15:00 / 04.12.2020 2527 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Азиз ўқувчи! Ушбу эътиборингизга ҳавола қилинаётган митти ҳикоянинг ҳаётий асоси бор. Кимдир сўзлаган; ким биландир юз берган. Мен эса – ёзувчи. Айрим ҳикоятларда қаҳрамоннинг ўзини сўзлатиш услубини танладим. Албатта, қоғозга тушиш асносида Сизни ўйлаб, бир-икки жумла ўзимдан қўшдим, айрим эпизодларни жиндай силлиқлаб, бадиий тус бердим.

Мақсадим эзгу – қалбингизга етиб борсин; таъсир қилсин, ибратга чорласин.

Муаллифдан


Гўзал бир хотира

(Мақсуд Хўжа аканинг айтганлари

Инсон умри воқеа-ҳодисаларга тўла. Улар хилма-хил: яхши-ёмон, кўнгилли-кўнгилсиз, баъзилари эсда қоладиган, айримлари оқин сувдек изсиз, тез ўтиб кетадиган.

Беқарор инсон зоти ўз ҳаётида фахр туйғусига изн берувчи, қалбига нур индиргувчи хотираларни асло эсдан чиқармаса керак...

Бир куни марказда – муҳташам «Чорсу» меҳмонхонаси рўбарўсида китоб савдоси билан шуғулланиб юргувчи Мақсуджон ҳожи ака олдига борсам, шаҳар кўркига зеб бериб турган, шарқона меъморчилигимизнинг нодир намунаси бўлмиш Кўкалдош мадрасасига ишора қилиб гўзал бир хотирани сўзладилар.

Бу бино шўролар замонида не-не кўргиликларни бошидан кечирмади. Оёқ ости бўлди. Бунда бирпас қўноқ бўлмаган ташкилотнинг ўзи қолмади, келади-кетади, ҳатто меҳмонхонаю омборхона ҳам бўлган.

Шукрким, юртимиз мустақиллигидан кейин мадраса яна ўз номига лойиқ мавқега кўтарила бошлади.

Биласизми, ука, 1991 йил кузи эди, шу мадраса олдида китоб сотиб ўтирсам, пешин маҳалида, қоровули шошилиб келди-да:

– Ака, рухсат берилди, ака! Намоз ўқишга рухсат берилди! – деди қолди ҳаяжонланиб. «Шукр! Алҳамдулиллоҳ!» дедим. Сўнгра ҳалиги қоровул йигит пешин намозига таклиф этди. Тўғриси, қувончдан бошим осмонга етди. Бир биродарим Ленинграддан совға учун ола келган чиройли – қимматбаҳо жойнамозим бор эди. Қуруқ бормай деб, шу жойнамозни қўлимга олиб, пешин намози учун мадраса айвони – масжидига чиқдим. Ҳа, ука, узоқ бир неча ўн йиллик танаффусдан сўнг Кўкалдош мадрасасининг намозхонасига илк бор жойнамоз ёзган мен бўлдим. Шу жойнамозни Аллоҳ йўлига эҳсон этдим.

Буни қарангки, ўша куни 3-4 киши саждага бош қўйиб, қуюқ дуолар қилган эдик. Ижобат бўлди. Аллоҳга ҳар иш осон-да. Аввалига ўнлаб, сўнгра юзлаб намозхонлар Кўкалдошга оқиб келди. Маърузалар бўлди, жума намозлари ўқилди... Худога шукр мана ҳозир талабалар таҳсил олмоқда, таъмирлаш ишлари ҳам давом этиб турибди...

Азиз ўқувчи! Биласизми?! Бундан ўн йиллар муқаддам воқе бўлган гўзал хотирани тасаввур этиб, дилимда бир шодлик туйғусини ҳис қилдим. Зеро, ҳақиқий мўминларнинг дуолари ҳам, пойқадамлари ҳам хайрлидир.

Баҳодир Нурмуҳаммад

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайхи тариқат, Мавлоно Мунир Аҳмад ҳазратлари айтадиларТушуниб олингки, шариат ва суннатга мувофиқ никоҳда барака бўлади. Бир киши бор эди. У менга ўзи шундай давоми...

2341 15:00 / 25.06.2019
Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Набий солаллоҳу алайҳи васаллам Ким жума куни ғусл қилиб, иложи борича покланиб, ўз мойидан, уйидаги давоми...

3365 09:02 / 23.11.2018
Жаъфар ибн Сулаймондан ривоят қилинади .Ҳабиб Форсий шундай дейди .Бир куни хотиним нон ёпиш учун хамир қорди. Хамир тайёр бўлгач, тандирга олов ёққани кетди. Шу давоми...

3090 08:00 / 23.12.2019
Бир овчи чумчуққа тузоқ қўйди. Бир чумчуқни тутди. Овланган чумчуқ тилга кириб дедикиndash Эй овчи сен шу вақтгача қўйлар, сигирларни единг. Улар билан тўймадинг. давоми...

4461 20:09 / 02.12.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021