1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Оддий инсонларга эътиборли бўл!

19:00 / 03.03.2021 2744 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сизнинг ҳузурингизга Увайс ибн Омир келади

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Ямандан кишилар ҳаж қилгани келишса улардан: «Ичингизда Увайс ибн Омир борми?», дея сўрар эдилар. Улар: «Йўқ» дейишар эди. Кунлар ўтиб Яман аҳлидан бир қанча кишилар яна ҳаж қилгани келишди. Одатларига кўра Умар розияллоҳу анҳу сўрадилар:

-Орангизда Увайс ибн Омир борми?

Улар:

-Мана бу Увайс ибн Омир дейишди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ундан сўрадилар:

-Сен Увайс ибн Омирмисан?

Увайс:

-Ҳа, деди.

-Сен Муроддан, сўнгра Қаронданмисан?

-Ҳа.

-Сен олдин пес касаллиги билан оғриб, сўнгра ундан тузалиб, фақатгина бир дирҳам миқдорида қолганми?

-Ҳа.

-Сенинг онанг бору, сен унга яхшилик қиласанми?

-Ҳа.

-Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган эдим. У зот шундай деган эдилар: «Сизнинг ҳузурингизга Яман аҳли билан бирга Увайс ибн Омир келади. У Муроддан, сўнгра Қарондандир. Унда пес касаллиги бор эди. Ундан тузалиб фақатгина бир дирҳам миқдорида қолган. Унинг онаси бор. У онасига яхшилик қилади. Агар у Аллоҳга қасам ичса Аллоҳ уни бажо қилади. Агар ундан сенга истиғфор айтишини сўрай билсанг ундан истиғфор айтишини сўра».

Мен учун истиғфор айт!

Бас, у Умар розияллоҳу анҳу учун истиғфор айтди.

Умар розияллоҳу анҳу унга:

-Қаерга боришни истайсан, дедилар.

У:

-Куфага, деди.

Умар розияллоҳу анҳу:

-У ернинг омилига мактуб ёзиб берайми, дедилар.

Увайс:

-Заифҳол ва оддий инсонлар ичида бўлишим ва мени одамлар танимаслиги мен учун маҳбуброқдир, деди.

****

Қачон оддий инсонлар билан суҳбат қилсангиз бу қиссани эсланг. Эҳтимол уларнинг ичида ҳеч ким танимайдиган Увайслар бордир. Дуоси ижобат бўлар!

Қаердан биласиз, эҳтимол сиз эътибор бермасдан ўтиб кетадиган шаҳар ободонлиги учун меҳнат қилиб юрганлар ичида шунақалар бордир. Сиз таниган машҳурлар унга ета олишмас?!

Қаердан биласиз, эҳтимол сиз олдидан тез ўтиб кетадиган арзимас нарсалар сотиб ўтирган киши ёки бемор кечалари ўқийдиган намозлари билан сиздан афзалдир. Унинг сизга махфий ибодатлари бордир. Аммо Аллоҳга махфий эмас?!

Қаердан биласиз, эҳтимол сиз назарингизга илмаган ҳайдовчи жаннатдан ўзига жой ҳозирлаб қўйгандир. Унинг акасидан етим болалар қолгандир. У Аллоҳ учун машина ҳайдаб уларни боқиб тарбия қилаётгандир. Эҳтимол у эрталаб ва кечқурун юраги тубидан Аллоҳ учун тиловат қилар, барча инсониятга яхшилик соғинар?!

Шифокорлар, муҳандислар, амалдорлар, машҳурлар ичида Аллоҳнинг дўстлари бўлиши ман қилинмаган. Аммо бу ерда яшириниб ётган фикр инсонларга эътиборсиз бўлмаслигимиз, ташқи кўринишга алданмаслигимиздир. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудек зот ҳар куни Увайсни суриштирар эдилар. Зеро унинг хабарини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берган эдилар.

Ҳар куни олдидан эътиборсиз ўтиб кетаётганинг оддий инсонларга эътиборли бўл. Инсонлар қадрини ўлчайдиган асбобингни ўзгартир!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Мавзуга оид мақолалар
АҚШнинг фазовий тадқиқот билан шуғулланувчи агентлиги бўлмиш НАСА сайёрамизнинг ва ойнинг ноёб расмини эълон қилди. Сайёрамизни Сатурн ва унинг ҳалқалари ёнида давоми...

2381 09:00 / 26.06.2021
Одамларнинг нотўғри йўлларга киришлари ва уларда давомли бўлишларига сабаб ўлимни унутишларидир. Ўлимини ўйламаган одам ҳар қандай гуноҳни тап тортмай давоми...

3540 17:30 / 02.06.2020
9 кун 202 соат давомида 7 қаватли бинонинг тагида, кўчкилар орасида қолиб кетган эру хотин Ҳидоят ва Муҳаррам Пўлатнинг ҳикояси бутун Туркияни кўз ёшларга ғарқ этди. давоми...

7109 11:34 / 22.02.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Албатта, Соат илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдирур. Бачадонлардаги нарсани давоми...

3607 09:09 / 02.06.2021