1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Олим ва фозил Хожа Саййид Аҳмад эшон

16:00 / 08.01.2022 2656 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу мақола Наманган вилояти, Учқўрғон туманида жойлашган Хожа Саййид Аҳмад эшон мақбарасининг тарихини ёритишга бағишланган бўлиб, унда нақшбандия-мажзубия тариқатининг пири комили, олим ва фозили сифатида танилган Хожа Саййид Аҳмад эшон ҳаёти ва фаолияти илк марта тадқиқ қилинган.

19 асрда яшаб фаолият юритган, нақшбандия-мажзубия тариқатининг раҳнамоларидан бири Хожа Саййид Аҳмад эшон Дониёр эшон ўғли тахминан 1800-1802 йилларда Наманган шаҳри, Чуқур кўча даҳаси (олдинги Варовский кўчаси)да Хожа Дониёр хонадонида таваллуд топди. Унинг насл-насаби бир томондан Шайхонтоҳурга, иккинчи томондан эса, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб боради.

Отаси Хожа Дониёр эшон нақшбандия тариқатининг намояндаларидан бири бўлиб, Чортоқ тумани Пиштқўрғон қишлоғида яшаб, Балиқкўл зиёратгоҳида шайхлик қилган. Шунингдек Қўқон хонининг назарига тушган. Қолаверса, 1791-1845 йиллар орасида яшаган, кейинчалик Қўқон хони бўлган Шералихоннинг пири ва маънавий устози бўлган.

Хожа саййид Аҳмад эшон дастлабки таълимни отаси Хожа Дониёрдан олади. Кейинчалик Наманган шаҳри Дегрезлик даҳасидаги «Муҳаммад Азиз» мадрасасида таълимни давом эттиради. Мазкур мадрасанинг бош мударриси бўлган Абдулазиз Мажзуб[1] хонақоҳида узоқ йиллар шариат илми ва тариқат одобларини ўрганиб камол топади. Шу орада отаси Хожа Дониёр Намангандан барча оила аъзоларини олиб, Чортоқ тумани Арбағиш (Балиқкўл) қишлоғига кўчиб ўтади. Хожа Саййид ҳам отаси Хожа Дониёр билан у ерда илм маърифат ва зиё тарқатади. У халқ орасида Хожа Саййид, Хожа Аҳмад ҳамда Хожа Саййид Аҳмад эшон номлари билан танилади.

Бир куни устози Абдулазиз Мажзуб Хожа Саййид Аҳмадга: «Тақсир тез Уйчига борсангиз, бир азиз меҳмон келяпти, у кишини яхшилаб кутиб олсангиз», деб Арбағишга жўнатиб юборадилар.

Хожа саййид Аҳмад уйларига келсалар, оғироёқ аёли кўзи ёриб, ўғил фарзанд кўрган экан. Бобоси Хожа Дониёр унга Муҳаммад деб исм қўйибди. Ўша куни Хожа Дониёр ва Абдулазиз Мажзуб Намангонийларнинг Бухородаги пири устози бўлмиш Ҳусайн халифа оламдан ўтган эканлар. Халқимизда «Бир азиз вафот этса, ўрнига бошқа бир азиз дунёга келади», деган нақл бор. Мажзуб Намангоний ҳол илми билан юқоридаги воқеани каромат қилган эканлар.[2] 

Хожа Саййид Аҳмад эшон нақшбандия-мажзубия тариқатининг пири комили, олим ва фозили сифатида шуҳрат топди. Устози Мажзуб Намангоний унга пири муршидлик қилиш хуқуқини берувчи иршод (йўриқнома, йўлланма) битиб беради. Ҳозирги кунда мазкур иршод унинг авлодлари хонадонида сақланади[3].

Тарихдан маълумки, Наманган ноҳиялари Қўқон хонлиги даврида хонлар ва тариқат пешволарининг саъй-ҳаркатлари туфайли аҳолининг маълум бир қатлами ўша жойларга кўчирилган. Натижада янги қишлоқ, овул ва шаҳарлар пайдо бўлиб, илм-фан ва маданият тараққий этган. Худди шу каби Қўқон хони Шералихон (1842-1845) ҳукмронлик қилган даврларда хон ва Мажзуб раҳимаҳуллоҳнинг кўрсатмасига биноан Хожа Саййид Аҳмад оиласи ва муридлари билан Чортоқдан Учқўрғонга кўчиб ўтиб, ушбу қўрғонга асос солади.

(Давоми бор)

Акрам Шарипов, мустақил илмий тадқиқотчи. 

Чиноз тумани, Олмазор қўрғони. 
 
 


[1] П.Қайюмов.Тазкираи Қайюмий. —Т.; ЎЗ.РФА қўлёзмалар институти тахририй нашриёт бўлими, 1998.  Б. 187.

[2] Ушбу маълумотлар Абдулазиз Мажзуб Намангоний авлодларининг шахсий архивидан олинди. 

[3] Силсилайи тариқати Нақшбандия-мажзубия.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
20 асрда яшаб, фолият юритган Наманганлик машҳур уламо Мулла Абдусаттор махдум 1891 йили Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси ҳозирги Янгиобод маҳалласида Абдураҳмон давоми...

2819 14:00 / 22.03.2022
Шайх, имом, ҳофиз, ўрнак бўлувчи, мусанниф, сиқа Абул Фатҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Самкувайҳ Асбаҳоний.Ҳиротда истиқомат қилганлар. Ҳадис илмининг давоми...

2183 15:00 / 06.12.2020
20 асрнинг иккинчи ярмида Наманган шаҳри, Чуқур кўча даҳаси, Авлиё домла маҳалласи ҳозирги Жийдакапа кўчасида истиқомат қилувчи Охунд дада маҳдум 18901972 хонадонида давоми...

2390 13:00 / 21.02.2022
Ушбу рисолаи шарифни шайхул ислом Ҳожа Муҳаммад эшон тебратган сулук йўллариТариқати Нақшбандийя МажзубийяМусулмон бандаман.Беш ислом асосим бор.Олти калимаи давоми...

2298 11:30 / 23.11.2021