1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Рамазон ҳикматли ой

09:00 / 09.04.2022 3138 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон раҳмат ойидир. Рамазонда Аллоҳ таолонинг раҳмати жўш уради. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади», дейилган. Рамазоннинг аввалги ўн кунлиги нафақат ойнинг, балки йилнинг «раҳмат кунлари» ҳисобланади.

Рамазон мағфират ойи. Унинг ўртадаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг «мағфират кунлари» ҳисобланади. Абу Фазл Рамазон фазилати ҳақида Салмон розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир», деганлар.

Рамазоннинг охирги кечаси мағфират кечасидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар.

Имом Аҳмад ривоят қилган.

Рамазон истиғфор ойидир. Яъни, бу ойда фаришталар рўзадорлар учун Аллоҳдан мағфират талаб қилишади.

Имом Аҳмад ва Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимга Рамазонда беш хислат берилди, улар олдинги бирор умматга берилмаган:

рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкдан хушбўйдир;

уларга фаришталар мағфират талаб қилишади;

Аллоҳ ҳар куни жаннатни безаб, «Солиҳ бандаларим устиларидан меҳнат ва азиятлар улоқтирилиб, сенинг олдингга келишларига оз қолди», дейди;

унда бебош шайтонлар кишанланади, натижада улар ундан бошқа пайтларда эришадиган нарсаларига эриша олмай қолишади;

охирги кечада рўзадорлар мағфират қилинади», дедилар».

Рамазон дўзахдан озод бўлиш ойидир. Унинг охирги ўн кунлиги «дўзахдан озод бўлиш» кунлари саналади. Шу билан бирга, Рамазонда ҳар кеча сон-саноқсиз кишилар дўзахдан озод қилинади.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиганлари бўлади», деганлар.

Рамазон тақво ойидир. Рамазон мўмин кишига тақво малакасини бахш этувчи ойдир. Чунки бу ойнинг асосий хоссаси ҳисобланган рўза ибодатининг энг катта натижаси – бу рўзадорда тақво сифатини ҳосил қилишидир. Аллоҳ таоло Бақара сурасида Рамазон рўзасини фарз қилган оятида: «Эй иймон келтирганлар! Сизларга сизлардан олдингиларга рўза фарз қилгани каби рўза фарз қилинди, шоядки тақводор бўлсангиз», деб, рўзанинг асосий фазилатини, хусусиятини баён қилган.

Рамазон саховат ойидир. Рамазонда хусусан, садақа ва хайру эҳсонларнинг савоби янада кўп ва ажри улуғ бўлади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳар доимгидан ҳам кўра кўпроқ саховат қилар эдилар, ҳатто, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг таъбири билан айтганда, эркин шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетардилар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар қадимдан закот ибодатини Рамазон ойида адо этишга одатланишган.

Эркин шамол – бу айнан бирор томонга йўналтирилган эмас, балки ҳар тарафга етадиган шамолдир. Бундай шамолнинг баҳраси ҳаммага, учраганки кишига тегади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Рамазонда саховат қилишда худди ўшандай шамолга ўхшаб кетар эдилар, у зот шу қадар қўли очиқ бўлиб кетардиларки, буни оддий сўз билан таърифлаб бўлмаганидан Ибн аббос розияллоҳу анҳумо мазкур таъбирни ишлатишни маъқул кўрганлар.

Рамазон тинчлик элчиси, гўзал ахлоқ ва яхши одоб фурсатидир. Биров билан тортишиш, жанжаллашиш асли яхши иш эмас. Рамазонда бундай амаллардан янада узоқроқ бўлиш, ҳатто биров сўкса ҳам, ҳақорат қилса ҳам, унга рўзадорлигини айтишдан бошқа жавоб қайтарилмайди.

Имом Бухорий ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангизнинг рўза тутган куни бўлса, шаҳвоний сўз ва амалларни қилмасин ҳамда бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса: «Мен рўзадор кишиман», десин», деганлар.

Рамазон руҳан покланиш, ахлоқан юксалиш ойидир. Рамазонда шайтонлар кишанланиб, инсонни ёмонликка чорловчи васвасалари чекланиб, кишиларга ўзларини тарбиялашга имкон берилади. Бинобарин, бу ойда қилинган гуноҳнинг жазоси қаттиқроқ бўлади. Шу боис, ҳадисларда Рамазонда барча ахлоқсизликлардан, гуноҳлардан покланишга қаттиқ тарғиб қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон гапиришни ва унга кўра амал қилишни қўймаса, унинг таом ва ичимлигини тарк этишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», деганлар».

Бухорий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Фойдаланилган манба:

Islom.uz сайти

Хуршид Маъруф тайёрлади

 

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рўзанинг бошланиши ва уни тугатиш ҳилолни кўриш билан амалга ошади. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Ибн Умар давоми...

3832 18:48 / 18.04.2023
Ойларнинг султони, ўн бир оғаиниси ичида Юсуф алайҳиссалом каби қадри баланд, суюклиси бўлган Рамазон Ислом уммати хонадонларига яна қайта меҳмон бўлиб келмоқда. давоми...

1711 09:04 / 28.03.2024
Ўқилиши .Субҳаана зилмулки валмалакуут. Субҳаана зилъиззати валъазомати валқудроти валкибрийаа`и валжабаруут. Субҳааналмаликил ҳаййиллазии лаа янааму ва лаа давоми...

3569 21:00 / 30.03.2023
У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир йилда туғилган ва Пайғамбар алайҳиссалом ҳаётликларида Исломни қабул қилган бўлсада, у зотни шахсан кўриш давоми...

2913 09:12 / 15.04.2021
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021