1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Дўстимга насиҳат

09:00 / 01.06.2022 2961 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Энг яхши дўст сизга Аллоҳни эслатиб турувчи инсондир. Айни кунларда, таассуф бўлсинким, ёшлар ўртасида нотўғри ва динимизга хилоф бўлган ишлар урфга кириб бормоқда. Шу боис биз дўстларимизга, диндошларимизга ўз тавсияларимизни билдириб ўтмоқчимиз.

Дўстим, ёшлигингдан Аллоҳ таолонинг ибодатида қоим бўл. Чунки ёшинг ўтган сари кучдан қолиб, ҳақ амрлари сенга ортиқча юкдек туюлишни бошлайди. Сен бу билан Раҳмоннинг ғазабини қўзғатиб, шайтонни қувонтирган бўласан.

Дўстим, одамлар ичида кибр қилма. Шунда сен яхши амалларни кўпроқ қилгувчи ва ибодатга бақувватроқ бўласан. Мабодо, ўзингни энг олим ёки тақводор деб билсанг, оз амалингни ҳам кўп санайсан ва туғёнга кетасан. Сен ўқиб юрган намозинг, тутган рўзанг, қилаётган яхшиликларинг билан асло ҳаволанма. Ўнг қўлинг берган нарсани чап қўлинг кўрмасин.

Дўстим, Аллоҳ таоло инсонни улуғ қилди, яъни Одам яратилганда фаришталар унга сажда қилди ва шу билан мукаррам бўлди. Лекин банданинг ўзи шайтонга бош эгиб хор бўлди. Агар Роббингнинг олдида манзалатинг улуғ бўлишини истасанг, у буюрган йўлдан юр, у қайтарган йўлдан қайт.

Дўстим, ёшликдан илм ўрганишга ружу қўй. Чунки сен қилаётган ҳар қандай гуноҳ иш жоҳиллик сабабидандир. Физика ҳақида фақат физик, математика ҳақида фақат математик, биология ҳақида фақат биолог, география ҳақида эса фақат географ сўзлайди. Лекин навбат динимизга, исломга келганда ҳамма «закий», «уламо», «авлиё»га айланади қўяди. Ваҳоланки, улардан «алиф»ни сўрасангиз, «калтак» дейди. Уламоларнинг наздида, билим олишга икки жиҳат тўсқинлик қилади: мутакаббирлик ва меъёрдан ортиқ уятчанглик.

Дўстим, Аллоҳ таоло харом қилган ишларга ҳаргиз қўл урма. Кўчадан ўтиб кетаётган қиз-аёлларга қиё боқишни ҳатто ҳаёлинга ҳам келтирма. Ахир, сенинг ҳам синглинг, опанг, онанг бор-ку. Ёки кимдирлар уларга шаҳват тўла кўзлари билан қарашини хоҳлайсанми? Албатта, йўқ. Шундай экан, сен ўзингни харомдан сақласанг, Роббинг оилангни сақлайди. Буни ҳаргиз унутма.

Айтар сўзларимиз шулар эди. Бу тавсияларимизни ўзинг учун дастуриламалга айлантириб олсанг, иншааллоҳ, ҳаётинг бунданда гўзалроқ бўлади.

Аллоҳ таоло айтилган сўзларга сиз-у бизни амал қиладиган тақводор бандаларидан қилсин!

ЎзЖОКУ 1 босқич талабаси Ҳабиб Жўрабоев

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳазрати Муовиянинг даврларида икки одам жанжаллашиб қолди. Жанжал асносида бири бошқасининг тишини уриб синдирди. У синган тишини олиб, Муовия розияллоҳу давоми...

1600 13:34 / 29.06.2025
Кўпчилик англаб олиши лозим бўлган ҳақиқатлардан бири шуки, бир шахсдан содир бўлган ҳар бир зулмга қарши унга ҳам ўшанча мислда жавоб қайтариш жоиз эмас. Мисол давоми...

4477 09:00 / 03.08.2021
Абдуллоҳ ибн Омир ёш гўдак эди. Бир куни уни онаси чақирди Бу ёққа кел, сенга бир нарса бераман Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ерда ўтирган эдилар. давоми...

1381 16:40 / 20.09.2025
Набий соллаллоху алайҳи васаллам бир куни бир аъробийдан бир васақ хурмо эвазига туя сотиб олдилар. Васақ тахминан бир ҳайвон кўтарадиган миқдор. Уйларига келиб, давоми...

2994 11:33 / 04.12.2023