1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Термиз шаҳрида янги жоме масжиди ишга тушди

18:56 / 10.04.2024 2019 pdf Ўқиш режими + -

Муборак Рамазон ҳайити шукуҳи дилларга қувонч улашган шафоатли кунда Термиз шаҳридаги Намуна маҳалласи ҳудудидаги Султон Саодат мажмуаси ёнида бунёд этилган 2 минг 400 ўринли муҳташам жоме масжиди фойдаланишга топширилиб, илк ҳайит намози ўқилди.

Президентимиз 2019 йил апрель ойида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида маҳалладаги Султон Саодат мақбарасини зиёрат қилиб, ушбу қадамжо улкан маънавий мерос, мусулмонлар учун табаррук маскан эканини таъкидлаган, унинг тарихини мукаммал ўрганиш, халқимизга ва чет элликларга етказиш, мажмуа ҳудудини археологик ўрганиш асосида уни ободонлаштириш, Имом Бухорий, Имом Термизий мақбараларидек катта ва гўзал зиёратгоҳга айлантириш юзасидан тегишли топшириқ берган эди.

Мазкур вазифалар ижроси доирасида ўтган йилларда ҳудудда кенг қамровли бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Археологик ўрганиш ишлари бошланди. Кенг, равон йўл барпо этилиб, намунавий лойиҳалар асосидаги турар-жой бинолари қурилди. Мажмуа ҳудудида муҳташам масжид бунёд этилиб, хорижлик сайёҳлар учун барча шароит яратилди. Мақбара атрофи ободонлаштирилиб, сўлим гўшага айлантирилди.

Султон Саодат қадамжоси X-XVII асрларга мансуб мақбаралардан иборат мажмуа бўлиб, сокин бу жойда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизлари Фотима онамиз ва Ҳазрат Алининг бешинчи авлоди бўлган Саййид Ҳасан ал-Амир мангу қўним топган. Шу боис у аслида Султон Содот, яъни “Саййидлар султони” дея аталган. Кейинчалик мақбара атрофига ул зотнинг авлодлари ва бошқа саййидлар дафн этилган.

Манбаларга кўра, тахминан 865 йилда Ҳасан ал-Амир ўз яқинлари билан Термизга келиб, яшаб қолган. Шу тариқа бу ерда обрўли саййидлар  сулоласи шаклланган. Ўрта асрлардаги давлатлар, хусусан, Амир Темур салтанати ривожида Термиз саййидларининг алоҳида ўрни бўлган. Соҳибқирон ва темурийлар пайғамбаримиз авлодларига ҳурмат кўрсатишни шараф, деб билиб, бу ерда хонақоҳ ва мақбаралар қурдирган. Кейинги даҳмалар ўз даврининг услубига мос равишда барпо этилган. Шу жиҳатлари билан мажмуа улкан тарихий, маънавий, маданий аҳамиятга эга.

Масжиднинг тантанали очилиш маросимида юртимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилиши, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларни бекаму кўст бажариши учун барча шароит яратилгани алоҳида таъкидланди. Президентимизнинг куни кеча имзоланган “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳам қадимий байрамларимиздан бири бўлган муборак Рамазон ҳайитини муносиб кутиб олиш, нишонлаш ва унда мужассам бўлган инсонпарварлик, эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат сингари азалий қадрият ҳамда анъаналаримизни асраб-авайлаб, кенг намоён этишга, халқимиз қалбига улуғ айём нафасини янада чуқур сингдиришга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Ҳайит намози якунида Ватанимизга тинчлик, Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга бардавомлик, хонадонларга файзу барака тилаб, дуога қўл очилди. Намозхонлар бир-бирларини қутлуғ ва муқаддас байрам билан табриклаб, инсон қадри улуғланаётган юртимиздаги осуда, обод ҳаёт, фаровон турмушга шукрона айтишди.  

Жоме масжиднинг очилиш маросимида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари М. Муҳамадсидиқов қатнашди.  

Бугун субҳидамдан Сурхондарё вилоятидаги 130 та жоме масжидда 199 минг 600 дан ортиқ мусулмон юртдошларимиз Рамазон ҳайити намозини адо этди.

Холмўмин Маматрайимов
ЎзА мухбири

Манба
Uza.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 май куни Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирлари давоми...

1098 07:32 / 31.05.2024
Европа иттифоқининг инсон ҳуқуқлари ташкилоти пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан таҳқир сўз эркинлигининг бир кўринишига эътибор давоми...

5403 09:03 / 26.10.2018
Ҳаж ва Умра вазирлигининг маълум қилишича, бу йилги Ҳаж зиёратига танланган барча 60 минг киши икки дозадан коронавирусга қарши эмланиши керак..Ҳажга рухсатнома давоми...

1868 10:30 / 30.06.2021
Рамазон ойи муносабати билан айни дамда бир қатор устозлар ва ҳофизи Қуръонлар Канада ва Америка Қўшма Штатларида бўлиб туришибди. Уламолар АҚШ ва Канададаги давоми...

1739 10:00 / 06.04.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021