1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Ҳаддингиздан ошманг

19:00 / 02.04.2025 1560 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманг. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас» (Моида сураси, 87-оят).

ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ

«Ва Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ўзингиз иймон келтирган Аллоҳга тақво қилинг» (Моида сураси, 88-оят).

Аввал ўтган оятларда ва уларнинг тафсирида Аллоҳ ҳалол қилган нарса пок ва фойдали бўлиши айтилган эди. Бу ерда ўша покиза ва ҳалол нарсаларни ҳаром деб ҳукм чиқариш мумкин эмаслиги таъкидланмоқда. Чунки ҳукм чиқариш, жумладан, нима ҳалолу нима ҳаромлигининг ҳукмини чиқариш ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Ким Аллоҳ ҳалол деган нарсани ҳаром деса ёки Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ким ҳалол деса, кофир бўлади. Ундай одам Аллоҳнинг илоҳлик сифатига – шариат ҳукмларини чиқариш сифатига шерик бўлишга уринган бўлади. Шунингдек, бир киши ўзи учун ҳам бундай ҳукмни чиқариб, буни қандайдир диндорлик сифатини зиёда қилишга уриниш, деб ўйлаши ҳам нотўғридир. Бундай иш диндаги ғулув – ҳаддан ошиш ҳисобланади. Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби бу фикрни таъкидлайди.

Имом ибн Жарир Тобарий қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ўтириб, одамларга ваъз-насиҳат қилдилар, аммо ортиқча қўрқитмадилар. Сўнгра туриб кетдилар. Шунда у кишининг саҳобаларидан баъзилари:

«Агар янги бир иш қилмасак, нима деган одам бўламиз. Насоролар ўзларига бир қанча нарсаларни ҳаром қилишган, биз ҳам ҳаром қилайлик», – дейишди. Баъзилари ўзига гўшт ейишни ҳаром қилди, баъзилари соннинг юқори қисмини ейишни ҳаром қилди. Бошқалари кундузи овқат ейишни, яна бошқалари аёлларни ўзларига ҳаром қилди. Бу гап Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганда:

«Аёлларни, таомни ва уйқуни ўзига ҳаром қилганларга нима бўлди?! Огоҳ бўлинглар, мен ухлайман ҳам, бедор ҳам бўламан, рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким мендан юз ўгирса, мендан эмас», – дедилар. Шунда Аллоҳ «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманг. Ҳаддингиздан ошманг» оятини нозил қилди.

Аллоҳ таоло Ўзи белгилаб берганидан кам ишни қилиш нуқсон ва гуноҳ бўлганидек, Унинг белгилаб берганидан ортиқча қилишга уриниш ҳам тажовузкорлик ва гуноҳ ҳисобланади.

Шу қоидага кўра, Аллоҳ таоло ҳалол қилиб қўйган нарсани ўзига ҳаром қилиб, ўзини ўша нарсадан тийиш билан гўё Аллоҳга қурбат ҳосил қилишга уриниш ҳам гуноҳдир. Чунки ҳалол ва ҳаром ҳақида ҳукм чиқаришнинг ягона соҳиби Аллоҳ таолодир, бошқа эмас.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларининг уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганда, у (ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда Улар:

– Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зотнинг ўтган-у, қолган гуноҳлари мағфират қилинган, – дедилар. Улардан бири:

– Мен абадул абад тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман, – деди. Бошқаси эса:

– Мен умрбод рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман, – деди. Яна бошқа бири:

– Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман, – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб:

– Шундай, шундай, деганлар сизларми?! Аммо Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг таҳводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас, – дедилар».

Шу билан Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ўзига ҳаром қилиб, онт ичиш ёки вазифа қилиб олиш бекор қилинди. Ҳамда Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги таъкидланди.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қиладиСендан ҳаром ойда уруш қилиш ҳақида сўрарлар. .Унда уруш қилиш катта гуноҳ. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул давоми...

2957 12:55 / 09.10.2019
.Албатта, бандаларим устидан сенинг ҳукмронлигинг йўқ. Роббинг Ўзи вакилликка кифоядир, Исро сураси, 65оят. Кимки Аллоҳга ҳақиқий банда бўлса, қалби Аллоҳга давоми...

1673 19:00 / 05.06.2024
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Албатта, Роббинг ризқни хоҳлаган кишига кенг қилур ёки тор қилур. Албатта, У бандаларидан ўта хабардор ва кўриб турувчи давоми...

1818 19:00 / 05.03.2024
.Албатта, тинглайдиганларгина қабул қилурлар. Ўликларни эса Аллоҳ тирилтирур ва сўнгра Унинг Ўзига қайтарилурлар, Анъом сураси, 36оят. Ушбу ояти каримада давоми...

657 19:00 / 28.10.2025
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151233 14:35 / 11.08.2021