1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Абдуҳаким қори

09:06 / 06.05.2025 2158 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(1924-2017)

Абдуҳаким қори 1924 йилда Наманган шаҳри Дегрезлик даҳаси (ҳозирги Баҳор кинотеатри орқасидаги маҳалла)да дунёга келди. Падари бузруквори Абдуғани, бобоси эса Абдуғаффор исмли киши бўлган. Буларнинг бири зироатчи-деҳқон, бири эса илмли, зиёли, савдогар бўлган. Изланишлар натижасига кўра, Абдуғани ота 1929 йили барча оила аъзосини олиб, Хитойнинг Қашқар вилоятига ҳижрат қилгани, 1932 йили  қатағон қурбони бўлиб, бедарак йўқолгани маълум бўлди.

Оиладаги икки ўғил, уч қизнинг таълим-тарбияси ва тасарруфи муштипар она Марямхон (тах.ваф. 1985) ойим Шарифбой (Жийдакафалик) ота қизи зиммасида қолади. Қийинчиликда ўсиб-улғайган Абдуҳаким илк таълимни оилада олади. Кейинчалик, қулф ясайдиган темирчига шогирд тушиб, ҳунар сирларини ўрганади. Тахминан 1946 йили Мавлудахон (1932-2008) ойим Маҳмудбой (кўнчи) қизи билан оила қуради. Ундан Абдуғани (1954), Абдусалом (1963) исмли ўғил ва беш қиз фарзанд кўради. 1955 йили Она юрти Наманганга қайтиб, шаҳарнинг 5-Соли Адашев 4-берк кўчасидаги бобосидан мерос қолган ҳовлига келиб қўним топади.  

Халқимизда «От изини той босади» деган нақл бор. Дарҳақиқат, Абдуҳаким қори ҳам отасининг изидан бориб даставвал шойи газламалар савдоси билан шуғулланади. 1965 йилдан илм олишга қунт билан киришади. Пировардида, машҳур ҳофизи Каломуллоҳ Сайдуллоҳ ва Миродуллоҳ (мулла Бозор охунд мавзесида яшаб  ўтган) қориларга шогирд тушиб, Қуръони Каримнинг такрорини такомилига етказади ва ҳофизи Қуръон бўлиб етишади. Устозларининг дуойи фотиҳаларини олиб «Шайх Эшон» масжидида Рамазон ойларида хатму Қуръонларга имомликка ўта бошлайди. Натижада, Абдуҳаким қори халқ орасида «қашқарлик қори» номи билан машҳур бўлиб кетади.

Ҳазрат қори домла ҳар йили Рамазон ойини алоҳида тараддуд билан кутиб олиб, эътиқодли халқимизнинг хизматида бўлган. Хусусан, Қози гузари маҳалласида яшовчи Мўминжон ҳожи ота хонадонларида ҳам кўп бора бўлиб, ками уч, кўпи беш кунлик хатму Қуръонларга ўтиб, йиғилганларни хушнуд қилган.

Илмда бардавом бўлган Абдуҳаким қори кейинчалик, ўша даврнинг машҳур уламолари мулла Абдуллоҳ охунд, Кароматхон эшон ва  Фатҳиддин махдум кабилардан ҳам дарс олган. У нафақат туркий, арабий-форсий тилларнинг сарфу наҳвини қолаверса, бошқа диний илмларни ҳам ўзлаштирган.

Маълумотларга кўра, Абдуҳаким қори узоқ йиллар Вилоят халқ таълими бошқармаси, 20-болалар боғчаси ҳамда 40-ўрта мактабларда қоровул бўлиб ишлаб, нафақага чиққан. Истиқлол шарофати билан 1992 йили муқаддас икки ҳарамни зиёрат қилиб, Аллоҳнинг бешинчи аркони — ҳаж ибодатини адо этиб қайтди.

Ҳамсояларининг гувоҳлик беришича,  «Раҳматли Абдуҳаким қори домла ўта ғайратли, тиниб-тинчимас, қўллари очиқ, саховатли киши бўлганлар. У зоти шариф боамал қори, закий ва обид эдилар. Мол-дунёлари етарли бўлса ҳам дунёга муҳаббатлари йўқ эди.  Илм ортидан асло тирикчилик қилмасдилар. Китобларга  муҳаббатлари ўзгача эди. Кексайган чоғларида «Шайх Эшон» масжиди олдидаги дўконда китобдор ва саҳҳофлик қилиб, эскирган китобларни таъмирлаб, хайрли ишлар билан зиё улашардилар. У зотнинг мухлис ва шогирдлари жуда кўп эди. Ҳазрат қори домла илм тарқатишда ҳеч қачон тама қилмаганлар. Аллоҳ у зотни раҳматига олсин».

Абдуҳаким қори домланинг кунлик вазифалари Қуръони Каримдан ўн пора сурани такрорлаш, шунингдек, «Далоил ул-ҳайрот», «Авроди фатҳия», «Бад ул-аъмилий» китобларидан маълум жойларни истифода этишлик, зикр ва тасбеҳ бўлган.

Машҳур қаффол, саҳҳоф  ва ҳофизи Каломуллоҳ Абдуҳаким қори 2017 йили 93 ёшларида абадиятга юз тутдилар. У зоти шарифнинг жанозалари «Шайх Эшон» масжидида, пешин намозидан сўнг, собиқ Наманган вилояти бош имом хатиби Абдулҳай махдум домла бошчилигида ўқилди. Муборак жасадларини эса «Ҳазрати Мавлоно» қабристонига қўйилди.[1]Аллоҳ ўтганларимизни раҳмати илоҳийига ғарқ айласин. Омин.

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

[1]Мазкур маълумотлар  ҳофизи Қуръон Абдуҳаким қори фарзандлари билан суҳбат чоғида ёзиб олинди.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 17 мартдаги 03-07/1750-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муносабат Ҳар қандай шахснинг салоҳияти, меҳнату хизматлари ва албатта, муносиб тақдирланиши жамият ҳаётида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга воқеа ҳисобланади. давоми...

1936 15:28 / 04.07.2023
Буюк ватандошимиз имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий роҳимаҳуллоҳ илмли, аҳли фазл ва солиҳ оилада ҳижрий 194 йилда таваллуд топганлар. Имом Бухорийнинг давоми...

12770 18:02 / 07.07.2017
Шайх Муҳаммад Аввома 1940 йилда Суриянинг Ҳалаб шаҳрида таваллуд топган. 1953 йилдан шайх Муҳаммад Салқинийнинг дарсларида иштирок эта бошлаган. Айни пайтда шайх давоми...

6485 12:57 / 19.09.2018
Машҳур ҳофизи Қуръон Иззатуллоҳ мулла Ортиқ қори ўғли таҳминан 19 асрнинг иккинчи ярмида Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Чор гўристон мавзеси ҳозирги Нодира давоми...

2508 14:30 / 29.04.2022