
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(биринчи қисм)
«Ҳилол» журналининг Рамазонга бағишланган махсус сонида динимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган уламолардан бири Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид билан суҳбат ташкил этилди. Қуйида ана шу мулоқот ўқувчиларимиз эътиборига ҳавола қилинади.
– Ассалому алайкум, қори ака. Келинг, суҳбатимизни муборак Рамазон ойига кўриладиган тайёргарлик ҳақидаги фикр-мулоҳазалар билан бошлайлик. Ота-онангиз, устозларингиз Рамазонга қандай тайёргарлик кўришган? Рамазонни қандай ўтказишган?
– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ота-онамиз бу ойга астойдил тайёргарлик кўришганини эслайман. Масалан, дадам Рамазон яқинлашганда рўзғорни мўл қила бошлардилар. Кейинчалик онамиз ҳам шундай қилардилар. Ўзи Андижонда шунақа одат бор: Рамазонга оз қолганда бозорликлар бир ойга етадиган қилиб қўйилади. Токи, Рамазонда кенгчилик бўлсин, аҳли оилага, хонадонга осон бўлсин деб. Шу билан бирга рўзадор киши ҳадеб бозорга чиқиб, бозор билан банд бўлмаслиги учун, айниқса, гуруч, ун, ёғ ғамлаб қўйиларди. Чунки гуручдан асосан ош қилинса, ун ҳамда ёғдан сомса ва шунга ўхшаш егуликлар тайёрланарди, нон ёпиларди. Бир сўз билан айтганда рўзғор мўл-кўл қилиб қўйиларди. Бу ҳолат, ўз навбатида, одамларга ўзгача шукуҳ берар эди. Рамазон келса, оилада хурсандчилик ҳукм сура бошларди. Муборак ой яқинлашгани сари ҳамма, айниқса, болалар Рамазонни соғиниш туйғусини ҳис қиларди. Хусусан, соғинганлар қалбида «Рамазон келса, дастурхонимиз яна ҳам тўкин бўлади», деган маънодаги кайфият пайдо бўларди.
Айрим кишилар бу ҳаракатларни, яъни Рамазонга яхши дастурхон қилиб, уйнинг рўзғорини кенг қилишни Рамазондан кўзланган мақсад, парҳезга, камтаомликка зид, деган фикрга келади. Бу нотўғри, албатта. Рўзғорни кенг қилиш, оилага хурсандчилик бағишлаш, мана шу орқали Рамазонни бир тантанасини сездириш бу – бошқа масала. Қилинган бозорликни ҳаммасини кўпдан-кўп еб юбориш шарт эмас. Рамазон тантана билан ана шундай хурсандчилик билан кутиб олинади. Рамазон рўзаси пайтидаги таом тежамкорлиги, катталарнинг парҳез қилишлари, бу – алоҳида масала. Бу икки нарсани чалкаштирмаслик керак. «Рамазонда унча овқат ейилмайди ўзи», «Рамазонда камроқ ейиш керак» деган баҳоналар билан аҳли оилага Рамазоннинг шукуҳи етишига монелик қилиб, ҳалигидек рўзғор кенгчилигини рад этиш, бу нотўғри ёндашувдир.
Устозларнинг Рамазонга тайёргарлигига келсак, бу борада жуда кўп гапириш мумкин. Айниқса Андижондаги Қуръон устозларимиз Рамазонга жуда интиқлик билан, маънавий ва илмий тайёргарлик билан кириб борардилар. Рамазон яқинлашиши билан, одатда ражаб ойи келиб қолганда устозимиз Бадриддин қори акам биз шогирдларини чақирардилар. «Рамазон яқинлашяптилар, келиб қоляптилар» деб Рамазонни мана шундай «лар»лаб, ҳурмат билан тилга олиб, «Энди намозда такрор бошлашимиз керак» дердилар. Бадриддин қори акамдаги бу услуб, бошқа устозларда ҳам бор эди. Рамазон яқинлашиши билан ана шу ражаб ойидан бошлаб, шунингдек шаъбон ойида ҳам қорилар бир-бирларига Қуръон ўқиб беришар, бир-бирлари билан таҳажжудда Қуръонни такрор қилишга киришар эди. Устозимиз Бадриддин қори акам ана шу ражаб ойидан бошлаб хуфтондан кейин ёки бомдоддан олдин кечаси таҳажжудда шогирдларни намозда хатмга ўтказардилар. Бир пора, икки пора, баъзан уч пора ўқиб берардик. Мисол учун, икки-уч киши бўлса, бир порадан ўқирдик. Бир киши бўлса, ўша бир кишининг ўзи уч пора ўқиб берарди. Мана шунақа қилиб, устозимиз саҳарда, баъзан вазиятга қараб, хуфтондан кейин хатмни эшитиб берардилар.
Таҳажжуддан ташқари баъзи бир катта қори акалар «Рамазон келяпти» деб бир-бирларига қараб ўтириб Қуръон ўқиб беришар эди. Андижонда хатми Қуръонлар, шунингдек, давра кўринишида ҳам ўтказиларди. Даврада қорилар икки-иккита бўлиб, бир-бирларига Қуръонни ўқиб берарди. Беш пораданми, бир пораданми фарқи йўқ. Кетма-кет бир-бирларига Қуръонни ўқиб беришади. Рамазонга ана шундай тайёргарлик кўриларди.
Рамазон ойида қилинадиган хатмлар, ифторлик маросимларига алоҳида тадорик кўриларди. Одамларнинг Рамазонда ифторлик бериш, хатм қилишга бўлган иштиёқини кўриб, ҳавасингиз келади. Баъзи бир хонадонлар ҳар йили Рамазонда ифтор беришни одат қилиб олган бўлса, баъзилари ҳар йили хатм қилади. Рамазонга мана шундай тайёргарлик кўриб, режалар тузилар эди.
– Рамазонга ўзингиз қандай тайёрланасиз? Оилангизда қандай тайёргарлик кўрилади? Одатда Рамазондаги кун тартибингиз қандай бўлади?
– Биз ҳам Рамазонга устозларимиздан ўрнак олган ҳолда, қолаверса ота-оналаримиздан кўрган таълимот асосида тайёргарлик кўрамиз. Одатан қориларнинг Рамазонга тайёргарлик кўриши икки хил кўринишда бўлади. Баъзи қорилар йил бўйи унчалик такрорга эътибор қилмайди-да, Рамазондан олдин берилиб такрор қилишга тушишади. Лекин биз (укам каби мен ҳам) Қуръонни йил бўйи такрор қилиб юрганимиз учун, алҳамдулиллаҳ, Рамазонга алоҳида саноқ қилиб такрор қилмаймиз. Эътиборимизни амалга ошириладиган вазифаларни кўпайтиришга қаратамиз. Масалан, хатмга ўтиш бўйича тайёргарлик кўрамиз.
Оилавий шароитда Рамазондан олдин рўзғорни кенгайтириб, майда-чуйдаларни, баъзи бир керакли нарсалар, егуликларни ҳозирлаб, кўпайтириб, тадорик кўрамиз. Зеро, бу ишимиз уйга хурсандчилик олиб келишини, хонадонимизга Рамазон шукуҳини сездиришини биламиз.
Рамазондаги кун тартибимиз ой давомида деярли бир бўлади: кечаси хатмда бўлсак, кундузи саҳарликдан кейин пешингача бироз истироҳат қиламиз, яъни дам оламиз. Пешиндан кейин такрор мутолаа ва бошқа вазифалар билан, уй ишлари билан банд бўламиз. Кўпинча ифторликка таклифлар бўлади, айтилган жойга борамиз. Уйда ҳам бўламан, баъзида. Хатмга ўтиш бу ҳар йилги бизнинг вазифамиз алҳамдулиллаҳ. Ҳар йили намозда бир марта тўлиқ хатм қиламиз. Қўшимча баъзи поралар такрор бўлиб қўшилиши мумкин. Лекин бир марта тўлиқ хатм қилиш устозлардан бизга топширилган вазифа, десак ҳам хато бўлмайди. Одатда саҳарликдан кейин дарров ухламайман. Саҳарликни қилиб бўлгач, намозгача бироз юраман. Намоздан кейин ҳам иложи бўлса кун чиққунича ёки кун ёйилгунича овқатни бироз ҳазм қилиб кейин уйқуга кетаман. Бу уйқу куннинг яхши ўтишига, манфаатли бўлишига ҳам хизмат қилади.
Ифторликда кўп емайман. Саҳарликда ҳам кўп ея олмаймиз. Лекин одатда хатмдан кейин, бироз иштаҳа очилгандек бўлади. Хатмдан кейин таомланиш яхшироқ бўлади. Агар саҳарликни эртароқ қилсам, одатан сал дадилроқ еявераман, лекин саҳарлик кечроқ яъни намозга яқин бўлса, саҳарликка камроқ овқат ейишга ҳаракат қиламиз, еб ётишга қийин бўлмасин деб. Яъни кечаси ухламаганимиз учун саҳарликдан кейин еб ётиб, ошқозонга оғирлик етказиб қўймайлик деб унчалик кўп емаймиз. Хатмга ўтишимизни ўйлаб, ифторликда ҳам кўп емасликка ҳаракат қиламиз. Менимча кўп қорилар мана шундай йўл тутади.
– Илк бор таровеҳда хатмонага қачон, қандай ўтгансиз? Умрингиз давомида неча марта хатм қилгансиз?
– Биринчи марта хатмга ўтганимизни яхши эслайман. Устозларимиз – Бадриддин қори ака, Сирожиддин қори ака: «Мана Бақара сурасидан бошлаб саккиз пора ўқидинглар. Исро сурасидан Қуръонни охиригача ўн олти (жами йигирма тўрт) пора ўқидинглар. Рамазон яқинлашяпти, шунинг учун ана шу саккиз порани хатм қилишга тайёргарлик қилинглар» дейишди. Мазкур топшириқдан кейин ана шу саккиз порани хатм қилишга тайёрландик. Лекин Рамазон пайтида қори акалар бизни хатм қилишга чақирмадилар. Ўшанда қорилар кўп бўлгани учунми, ё бизни ёш деб билганларми, ё тайёргарлик кўрганимиз эътибордан четда қолганми, хуллас хатмга чақирилмадик. 1993 йил эди ўшанда. Аммо масала тез орада ҳал бўлди: Фаррухбек деган бир девор қўшнимиз бўларди. У кишининг устозлари Абдужалил қори акам шогирдлари билан ўша хонадонда хатм қиларди (Абдужалил қори ака ҳозир ҳам борлар, Аллоҳ у кишини саломат қилсин). Ана шу қўшнимиз ва уларнинг устозлари сабабчи бўлиб илк бор кўпчилик устозлар ҳузурида хатмга ўтганмиз. Бир пора мен, бир пора укам ўқиб берганмиз, адашмасам. Ўшанда пухта тайёргарлик кўрган эканмиз, адашмасам, битта ҳам луқма олмаганмиз, хатмга яхши ўтганмиз, алҳамдулиллаҳ. Аммо айтиб ўтганимдек ўша пайт Қуръонни тугатмаган эдик. Рамазондан кейин қолган олти порани ёд олиб, Қурбон ҳайитигача Қуръонни тўлиқ тугатганмиз. Кейин ҳайитда шу муносабат билан онам бизга Қуръон тўйи қилиб бериб, меҳмонга келган устозлардан дуо олиб берганлар. 1994 йилдан ўзимизнинг уйимизда хатм қилишни бошлаганмиз. Онам, Аллоҳ уларни раҳматига олсин: «Энди қори бўлдинглар, бундан буён уйда хатм қиламиз», деганлар. Ўша пайтда бошланган хатм қилиш анъанаси ҳозиргача давом этяпти, алҳамдулиллаҳ. Онам пул тўплаб ҳар йили Рамазонда қўй сўйдирардилар. Устозларимиз Бадриддин қори ака, Сирожиддин қори ака, Зиёвуддин қори акаларни чақириб, қариндошлар иштирокида уч-тўрт кунлик хатм қилинарди. Уйда биринчи марта хатм қилганимизда Ҳабибуллоҳ ҳожи опоқдадамиз ҳам ҳаёт эдилар. Кексайиб, бемор бўлиб қолган пайтлари эди. Шундай бўлса ҳам, келиб хатмона дуоларда иштирок этганлар. Ундан кейин кўп ўтмасдан ўша йили – 1994 йилда вафот этганлар, Аллоҳ раҳмат қилсин. Ўша йилларда хатмлар хонадонларда қилинарди. 1997 йилда Тошкентдаги масжидларда хатмга ўта бошладик. Укам «Ҳастимом» масжидида, мен эса «Новза» масжидида.
Шу пайтгача неча марта хатмга ўтганимни эслолмайман. Чунки масжидлардан ташқари, хонадонларда ҳам кўп хатм қилардик. Ҳеч ҳисоблаб кўрмаган эканман. Дастлабки йилларда, айниқса жуда кўп жойлардан чақиришарди. Ўша пайтларда бир йилда намозда икки марта, уч марта тўлиқ хатм бўларди. Қолган хатмлар тўлиқ бўлмагани учун ҳисобламасдик ҳам. Лекин охирги йилларда бир йилда камида бир марта хатмга ўтяпман.
– Журналимиз фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг оқ фотиҳалари билан, устозимиз Аҳмад Муҳаммад Турсун ҳожи аканинг саъй-ҳаракатлари билан таъсис этилган. Шу ўринда устозларимизни эсласак...
– Устоз отангдан улуғ ёки отангдек улуғ дейилади. Ҳазрат бизга оддий устоз эмас, балки йиллар давомида мураббий, шунингдек, отадек, мушфиқ йўлбошчи бўлдилар. У кишининг ҳаётимизда тутган ўрни жуда катта. Чунки биз ҳазрат билан ҳали кўришмаган пайтимиз, яъни болалигимизда онам доим бизга ҳазратнинг китобларини олиб келиб берардилар. «Тафсири Ҳилол» жузларини, Бишкекда, Москвада босилган китобларини олиб келганлари эсимда. Янги асарлар нашр этилиб, бозорга чиқиши билан онам уларни сотиб олиб, бизга етказардилар. Аям кўп китобларни бизга ўзлари ҳам ўқиб берардилар. Шу тарзда хонадонимизда болалик чоғимиздаёқ ҳазратга нисбатан алоҳида муҳаббат, шогирдлик ҳисси пайдо бўлганди. Кейинчалик 1999 йил ҳазрат Булоқбошига келганларида биз зиёратга борганмиз. 2000 йил келганларида эса учрашиб, ҳатто саволлар бериб, жавоб ҳам олганмиз. Ўша йили умра зиёратидан қайтганимизда суҳбатлашганмиз. Кейин ҳазрат Андижонга борганларида, у киши қатнашган маросимларда, тадбирларда иштирок этганмиз. Шу тарзда у кишига шогирд бўлишга тайёргарлик кўрган эканмиз. 2008 йил олий маъҳадга ўқишга кирдик. Ўқишга киришимиз ҳам ҳазратнинг тавсиялари билан амалга ошган. Ана шу 2008 йилда бизга бир синов келди: ўша пайт ҳазрат бизга: «Хоҳласангиз Андижондаги мадрасада дарс беринглар, хоҳласанглар Тошкентдаги институтда ўқинглар» деб тавсия бердилар. «Қайси бири сиз учун қулай?» деганларида, биз «Маъҳадда ўқиймиз» деб жавоб берганмиз. Шу тариқа ҳазратнинг маслаҳатлари билан ўқишга кирганмиз. Уларнинг бизга берган ёрдамлари дуолари бўлган. Айнан ўша йил ҳазрат бизни ҳузурларига чақириб, Қуръони Каримнинг 30 порасини ёзиб беринглар, дедилар. Мана шу хизмат орқали ҳазрат билан муносабатларимиз янада яхшиланди. Ўша пайт хонадонларида студия қилинди, биз ака-ука хатм қилиб бердик, ўқиганимизни ёзиб олишди.
Ундан кейин «Олтин силсила» лойиҳаси бошланди. Лойиҳа ишга тушганида дастлаб таржимонлар билан ишлаган бўлсак, кўп ўтмай биз ёзган ижод намуналарини ўқиган ҳазрат «Ёзганингизни ўқидим, қаламингиз бор экан, муҳаррир ҳам деярли шу даражада ёзади, озгина тайёргарлик кўрсангиз ўзларингиз бизга муҳаррирлик қиласизлар, иншааллоҳ», дея бизни «Олтин силсила»нинг таҳрир қилиш бўлимига ўтказдилар. «Олтин силсила» лойиҳаси доирасида материалларни таҳрир қилиш жараёнида биз Аҳмаджон қори ака Муҳаммад Турсун билан яқиндан танишдик. У киши муҳаррирлик бўйича бизга малака ошириш курси маъносида дарслар ўтиб бердилар, кейин таҳрир жараёни давомида у киши билан кўп муҳокамалар бўлди. Аҳмаджон ҳожи ака билан «Олтин силсила»ни таҳрир қилишдан ташқари ўзаро ёзишмалар орқали фикр алмашишни ҳам йўлга қўйгандик. Мақолаларни кўриб берардилар. Ёзган нарсаларимизга ташаккурлар билдирардилар. Бизга баъзи маълумотларни – айтайлик, саҳобалар, тарихий шахслар фаолияти ҳақидаги тафсилотларни етказиб берардилар. Ҳозир ҳам ўша файллар бор. У киши билан кейинчалик Қуръони Карим маъноларини таржима қилиш жараёнида ҳам анча муддат биргаликда ишладик. Ўша иш охирига етмай қолди-ю, лекин ўша пайтда у кишидан анча манфаатли билимлар олдим. Яхши ёзувчи эдилар. Шу билан бирга эътиқодлари кучли, ихлослари ажойиб эди. Аҳамиятлиси, ички оламлари ниҳоятда бой бўлган Аҳмаджон ҳожи акамнинг маҳоратларию меҳрлари асосан қаламга тушган эди. Ўзлари ҳам «Менда нутқ йўқ, нотиқлик йўқ, менга гапиришни берманглар, мен ўзим ёзиб бераман, сизлар ўшани гапириб берсанглар бўлди», деб қўярдилар.
Аҳмаджон ҳожи акам «Ҳилол» журнали борасида ҳам кўп гапирардилар, журналнинг муваффақиятлари, бунга сабаб бўлган омиллар тўғрисида қизиқ нарсаларни айтиб берардилар. Энг асосийси, Аҳмаджон ҳожи акам доимо ҳаракатда бўлган одам эдилар. Меҳнат қилган одамларни қўллаб-қувватлаб турардилар. Атрофдагиларни ҳамиша хайрихоҳлик билан, бағрикенглик билан, айни вақтда самимий маслаҳатлар билан ва самимий мақтовлар билан қўллаб турардилар. Ҳеч ёдимдан чиқмайди: битта мақолам нашр бўлганида ҳожи акам алоҳида қўнғироқ қилиб, «мақолани ўқидим, яхши мавзуни кўтарибсиз» дегандилар. Ҳар гал кўришганимизда олиб бораётган фаолиятимизга баҳо берган ҳолда «зўр лойиҳага қўл урибсизлар, яхши иш бошлабсизлар» дея мақтаб қўярдилар. Бу гаплар бизга жуда далда бўларди. Аҳмаджон ҳожи акамнинг (Аллоҳ уларни раҳматига олсин) фарзандларни тарбия қилишдаги, шогирдларга таълим беришдаги у кишидаги узоқни кўра билиш қобилияти ҳақиқатан мақтовга сазовор бир мақом эди. «Олтин силсила» таҳрири ишида ҳожи акам билан кўп нарсани маслаҳатлашганмиз. Бир-икки ишда ҳазратга таклифларимизни ҳожи ака орқали айтган пайтимиз ҳам бўлган. Бир масалада (трансдукция масаласида) «Ҳазрат гапимизни қабул қилмадилар, сиз ўтказиб бера олмайсизми» деб илтимос қилганимизда бизга бажонидил ёрдам беришга ҳаракат қилганлар. Аммо ҳожи ака айтганларида ҳам ҳазрат у фикрни маъқул кўрмаганлар... Шу тариқа у кишидан ҳам илм олиб, ҳам биргаликда ишлаш, хизмат қилишни Аллоҳ бизга насиб қилган.
Ҳазратнинг Рамазонга тайёргарликлари ҳам ўзига хос эди. Ҳар йили Рамазон келаётганида мажлис қилардилар. Бир ой, икки ой олдин «Хўш, бу йил Рамазонга нималар қиламиз, islom.uz сайтида нималар қилинади?» каби саволлар билан муҳокамага ўтиларди. Шахсан ўзлари Рамазонга алоҳида иноят қилардилар. Масалан, «Руҳий тарбия» китобини уч йил – ҳар йили Рамазонга битта жузини дарс қилиб берганлар. Ундан кейин масжидларда Рамазон суҳбатларини ҳам қилиб берардилар. Суҳбатлари маълум бир режа билан маълум мавзуларга белгиланган ҳолатда ўтар эди. Ундан ташқари, ҳар йил Рамазонда қандайдир асар, қандайдир янгилик тақдим қилишга шошилардилар. Масалан, рўза ёки закотга оид китоблари чиқар эди. Ё қандайдир қўлланма яратилиб, Рамазонда тақдим қилинарди. Ҳазрат, у кишини Аллоҳ раҳматига олсин, Рамазонга мана шундай муҳаббат билан, алоҳида руҳият билан тайёргарлик кўрардилар. Эътиборлиси, мана шунинг баракасидан у кишининг атрофида Рамазоннинг шукуҳи барқ урарди. Бу ҳолатнинг аҳамияти ниҳоятда катта эди. Зеро, Рамазон оддий ўтиши мумкин эмас. Бу Ислом умматига берилган улуғ фурсат. Бунда мусулмон одам бу неъматдан баҳраманд бўлган ҳолда ўша неъматнинг шукурини қила билиши керак.
(Давоми бор)
«Ҳилол» журнали 7(76) сон
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 15 январдаги 03/07/260-сонли хулосаси асосида тайёрланди.