1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Идрис алайҳиссалом

12:27 / 16.01.2019 21836 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Идрис алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Одам ва Шис алайҳиссаломлардан кейинги – учинчиси ва Қуръони Каримда зикр қилинган пайғамбарлар ичида Одам Атодан кейингисидир.

Аллоҳ таоло у зот ҳақларида Марям сурасида марҳамат қилиб айтади:

«...ва Китобда Идрисни эсла. У сиддиқ ва набий бўлган эди. Уни олий мақомга кўтардик» (56–57-оятлар).

Шунингдек, Анбиё сурасида:

«...ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни (эсла). Уларнинг ҳар бири сабр қилувчилардандир. Уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир», дейди (85–86-оятлар).

Қуръони Каримда Идрис алайҳиссалом ҳақларида бундан бошқа маълумот йўқ.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Идрис алайҳиссаломнинг оталарининг исми Ёрид бўлиб, насаблари Шис алайҳиссаломга тўрт авлод орқали етиб боради.

Машҳур тарихчиларимиздан Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашича, Идрис алайҳиссалом қалам билан ёзув ёзган биринчи одамдир.

Уламоларнинг рожиҳ (кучли) гапларига қараганда, Идрис алайҳиссалом Бобилда таваллуд топганлар.

Аллоҳ таоло у зотга пайғамбарликни берганидан кейин кишиларни Одам ва Шис алайҳиссаломларнинг шариатларига даъват қилганлар. Бироқ у зотнинг даъватларини озчилик қабул қилиб, кўпчилик рад этган. Шунда у зот ўзларига эргашганлар билан Бобилни тарк этиб, ҳижратга чиққанлар. У киши ўз ҳижратлари учун Мисрни танлаганлар ва у ерда яшаган пайтларида одамларни Аллоҳнинг динига даъват қилганлар.

Идрис алайҳиссалом биринчи бўлиб маданий ишларни йўлга қўйганлар. Одамларга маданиятга оид ишларни, қонун-қоидаларни ўргатганлар. У зотнинг даврларида 188 та шаҳар қурилган экан.

Идрис алайҳиссаломнинг ер юзидаги истиқоматлари саксон икки йил бўлган. Сўнг Аллоҳ таоло у зотни «олий мақом»га кўтарган.

Идрис алайҳиссалом ердаги умрларининг охиригача Аллоҳнинг шариати билан ҳукм қилишда бардавом бўлдилар. Албатта, ер юзига пайғамбарларни юборишдан кўзланган мақсад ҳам Аллоҳнинг шариати давом этиши эди. Шундай қилиб одамлар кўпайиб борди ва бир ўлкадан бошқа ўлкаларга ҳижрат қилиш ҳолатлари юз берди.

Халқларнинг кўчиши 

Арабистон яриморолида тобора одам сони кўпайиб, бошқа жойларга кўча бошлашди. У ерлар ҳозирги вақтдаги Ҳижоз диёрлари дея тахмин қилинади. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, мазкур тарихий кўчишлар бир неча тарафларга бўлган.
Биринчиси Арабистон яриморолидан шимоли-шарқий тарафларга – Ироққа бўлган. Кейинчалик бир қанча кишилар Осиё ва Америка тарафларга ҳам кўчиб кетишган.
Иккинчиси шимолга – Шом тарафга бўлган. Шом тарафга кўчган ушбу жамоалардан бир қанчалари Ўрта ер денгизи атрофидаги минтақаларга бориб жойлашган, деган тахминлар бор.
Учинчи кўчиш жанубий минтақаларга – Яман тарафга бўлган. Кейинчалик бу ердан Африка ва Ҳиндистон томонларга тарқалган.
Инсоният тарихига назар солиб, мулоҳаза қилинадиган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсониятни ҳидоят қилиш учун юборган набийларнинг кўпчилиги Шом, Ироқ, Миср ва Арабистон яримороли минтақаларидан чиққанлари маълум бўлади. Аллоҳ таоло ўша ерлардаги бандаларидан пайғамбарлар танлаб олган. Шунинг учун иймон-эътиқодли тарихчилар мана шу минтақаларни дастлабки инсон яшаган, обод бўлган минтақалар, деб қатъий ишонишади.
Аста-секин ибтидоий тарзда яшовчи инсонларнинг содда ҳаётлари бир оз тараққий этиб, тамаддун шаклига кира бошлагани ва тараққиёт, ободончилик ҳолатларини кузатиб, бир тўхтамга келган тарихчилар: «Дастлабки тамаддунлар фиръавнлар ва самурийлар тамаддуни бўлган», дейишади. Булар тарихдаги энг қадимги тамаддунлар – цивилизациялардир.

«Ислом тарихи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Хорижийлар ҳижрий 38, милодий 658 йил Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг аскарлари ичидан кейинчалик хорижийлар хавориж деб номланган алоҳида гуруҳ ажралиб чиқди. давоми...

2115 15:09 / 23.12.2024
Усмонли империяси ҳудудида йўлларда шундай тошлар бор эдики, улардаги ғовакка қўл суққан инсон истаган миқдорда пул олиши ёки садақа қолдириши мумкин бўлган. Ким давоми...

6239 16:21 / 23.01.2018
нубувватнинг 4йили иккинчи ярми милодий 613 йилЯширин даъватдан ошкорага ўтиш ҳам Аллоҳ таолонинг амри ила бўлди. У Зот Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи давоми...

3189 18:05 / 18.12.2019
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одам Атога ўғиллари Шис алайҳиссаломни ато қилди. Шис алайҳиссалом ҳам набий бўлганлар. У зотга Аллоҳ таоло кўплаб ўғиллар ва қизлар давоми...

12680 15:29 / 12.01.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021