1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жума

Жумани узрсиз тарк этмаслик

05:10 / 06.12.2024 4722 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, жумага борсин. Ким бирор беҳуда иш ёки тижорат билан овора бўлса, Аллоҳ ундай бандадан беҳожатдир. Аллоҳ ғаний ва ҳамийд Зотдир», – дедилар».

Табароний ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбар устида туриб: «Ёки қавмлар жумаларни тарк қилишдан тўхтарлар, ёки Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босур ва сўнгра ғофиллардан бўлурлар», – деганларини эшитдим».

Муслим, Насоий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Абу Жаъд Зомрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким писанд қилмай уч жумани тарк этса, Аллоҳ унинг қалбига муҳр босгай», – дедилар».

Ҳоким ривоят қилган.

«Аллоҳ таоло унинг қалбига муҳр босгай» калимасининг маъноси: «жоҳиллардан, қалби қаттиқлардан», деб ёзиб қўяди, қалбини муҳрлаб, ўраб қўяди, унинг қалбини Ўзининг лутфу марҳаматидан маҳрум қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирингиз бир тўда қўй олиб, шаҳардан бир-икки мил узоқлашади. Ўт-ўлан топиш оғирлашганда, ундан-да узоқроққа жўнаб кетади. Жума келади, лекин у жумага ҳозир бўлмайди. Яна жума келади, лекин у жумага келмайди. Ҳатто Аллоҳ таоло унинг қалбини муҳрлаб қўяди», – дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: жума куни бизга хутба қилиб шундай дедилар: «Эй инсонлар, Аллоҳга ўлимларингиздан олдин тавба қилинг. Машғул бўлмай туриб, солиҳ амалларга шошилиб қолинглар. Доимий зикрда бўлиб, Роббингиз билан алоқани мустаҳкамланглар. Ошкора ва пинҳона садақани кўпайтиринглар, ризқингиз кенг бўлади, сизларга Аллоҳдан ёрдам етади, мусибатларингизнинг ўрни билинмай кетади. Билиб қўйинглар, Аллоҳ таоло жумани мана шу жойда, шу кунда, шу ойда, шу йилда фарз қилди. Унинг фарзлиги қиёматгача бардавомдир. Ким тириклигимда ёки мендан кейин одил ёки фосиқ имоми бўла туриб, жумани бепарволик ва инкор қилган ҳолда тарк қилса, Аллоҳ таоло унинг ишларини жамламасин, барака бермасин. Огоҳ бўлинглар, то тавба қилмагунча, унинг намози, закоти, ҳажи, рўзаси, яхшиликлари қабул бўлмайди. Ким тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади».

Ибн Можа ва Табароний ривоят қилишган. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ким кетма-кет уч жумани тарк қилса, Исломни ортига ташлабди».

Абу Яъло ривоят қилган.

Яъни дин арконларини тарк қилибди, шариат одобларига риоя қилмабди, ҳасрат ва ғафлатда қолибди. Қалби қорайиб, амали ёмонлашибди.

“Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар” китобидан

Муаллиф
Азизхўжа Хайруллоҳ ўғли
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . Абу Убайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Абдуллоҳ ибн Масъуд шундай дедилар .Жумага шошилинглар. Аллоҳ таоло давоми...

4621 04:10 / 20.09.2024
. . .Ибн Умар розияллоҳу анҳу масжидга ўнг оёғи билан кириб, чап оёғи билан чиқар эди,.Бухорий ривоят қилган. Масжидда туфламаслик . ,. . Анас давоми...

2673 04:00 / 09.05.2025
Муҳаддис Аҳмад Шерозий вафот қилгач, бир киши унинг ўғлининг олдига келиб деди Тушимда отангни кўрдим. Шероздаги масжид меҳробида турибди. Эгнида чиройли давоми...

1581 11:18 / 06.12.2024
. ,. . ,. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизлардан бирортангиз масжидда туриб мудраса, ўша давоми...

4148 05:00 / 28.03.2025