
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ
«Иймон келтирганлар ва иймонларига зулмни аралаштирмаганлар – ана ўшаларга омонлик бор. Улар ҳидоят топганлардир» (Анъом сураси, 82-оят).
Демак, хотиржам бўлиш, турли азоб-уқубатлардан омонда бўлиш учун иймон лозим ва бу иймонга зулм аралаштирмаслик керак. Ушбу ояти каримадаги «зулм»дан мурод ширкдир. Саҳобаи киромлар бу оят нозил бўлганидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва ўзаро бир-бирларидан сўраганларида, «зулм»дан мурод ширк экани аён бўлган. Албатта, Аллоҳга иймон келтирган, ихлос қилган ҳамда эътиқодда, ибодатда ва амалда Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиганлар ҳар бир нарсага қодир Аллоҳнинг ҳимоясида бўладилар. Ундай Зотнинг ҳимоясидаги одам эса доим хотиржам ва омонликдадир. Ана ўшалар ҳидоят топганлар бўлади.
ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ
«Ана ўшалар Иброҳимга қавмига қарши берган ҳужжатларимиздир. Кимни хоҳласак, даражасини кўтарамиз. Албатта, Роббинг ўта ҳикматлидир, ўта билувчидир» (Анъом сураси, 83-оят).
Мушрик қавм билан тортишган Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳнинг Ўзи «Айт» деган хитоблар билан қавмга қарши келтириши лозим бўлган ҳужжат-далилларни ўргатиб турди. Аллоҳ таолодан келган ҳужжатларни қўллаган Иброҳим алайҳиссалом тортишувда мушриклардан устун келдилар, ғолиб бўлдилар. Бу билан Аллоҳ таоло у кишининг даражаларини улуғ қилди.
«Албатта, Роббинг ўта ҳикматлидир, ўта билувчидир».
Шунинг учун У кимга ҳужжат беришни, кимни ғолиб қилишни яхши билади ва ҳикмати ила йўлга солади.
Кейинги оятларда Аллоҳ таоло пайғамбарларини, уларнинг иймон йўлидаги жиҳодларини суранинг мазмунига мос тарзда зикр қилади:
ﭮ ﭯ ﭰ ﭱﭲ ﭳ ﭴﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ
«Ва унга Исҳоқни ва Яъқубни ҳадя этдик. Барчаларини ҳидоят қилдик. Илгари Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Ва унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни ҳам. Яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлармиз» (Анъом сураси, 84-оят).
«Ва Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни ҳам. Ҳаммалари аҳли солиҳлардир» (Анъом сураси, 85-оят).
«Ва Исмоил, Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам. Барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик» (Анъом сураси, 86-оят).
Ушбу уч оятда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни ишора билан, бошқа ўн еттита пайғамбарни исмлари билан зикр қилмоқда.
«Ва унга Исҳоқни ва Яъқубни ато этдик», дегани «Иброҳимга бердик», деганидир.
Исҳоқ алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг кичик ўғиллари, Яъқуб алайҳиссалом эса Исҳоқ алайҳиссаломдан бўлган набиралари. Қолган барча пайғамбарлар шу сулоладан бўлиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Иброҳим алайҳиссаломнинг катта ўғиллари Исмоил алайҳиссалом сулоласидан тарқаганлар. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом «Пайғамбарларнинг отаси» деган номни олганлар. Шунингдек, ушбу оятда:
«Илгари Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик», дея башариятнинг иккинчи отаси ҳисобланмиш Нуҳ алайҳиссалом ҳам эслатилмоқда. Сўнгра уч оятда уч гуруҳ пайғамбарлар зикр қилинмоқда. Улар бу ўринда яшаган замонлари, пайғамбарлик тарихлари ёки мартабаларига асосан тартиб билан зикр этилмаяпти. Шунингдек, уларнинг шахсий сифатлари ёки фазилатлари ҳам ҳикоя қилинмаяпти. Аммо баъзи уламоларимиз уларнинг оятларда ушбу тартибда зикр қилинишларидан баъзи бир нозик ишораларни кўрадилар. Биринчи гуруҳда зикр қилинган пайғамбарлар:
«Ва унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни ҳам» жумласида исми шарифлари зикр қилинган Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорун алайҳиссаломларнинг барчаларида пайғамбарлик сифатлари билан бирга ё подшоҳлик ёхуд амирлик, ҳукмдорлик сифатлари бўлган. Довуд ва Сулаймон алайҳиссаломлар подшоҳ ва сернеъмат пайғамбарлар бўлганлар.
Айюб ва Юсуф алайҳиссаломларга келсак, Айюб алайҳиссалом катта бой ва эҳсонли киши бўлганлар. Юсуф алайҳиссалом эса катта вазир ва ҳоким бўлганлар. Аммо икковлари ҳам кўпгина синовларни, бало-офатларни бошларидан ўтказганлар. Қийинчилик синовида сабр қилганлар, кенглик, осонлик синовида шукр қилганлар. Мусо ва Ҳорун алайҳимассалом ҳоким бўлганлар.
Иккинчи гуруҳда:
«Ва Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни ҳам», дея зикр қилинган пайғамбарлар: Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёс алайҳиссаломлар тарки дунё, зуҳду тақво билан машҳур бўлганлар. Шунинг учун ҳам улар ояти каримада:
«Ҳаммалари аҳли солиҳлардир» ибораси ила васф қилинаётирлар.
Зотан, ҳамма пайғамбарлар аҳли солиҳлардандир. Ушбу тўрт пайғамбар аҳли солиҳликда алоҳида мартабага эришганлар.
Учинчи гуруҳда Исмоил, Ясаъ, Юнус ва Лут алайҳиссаломлар зикр қилинганлар. Буларнинг алоҳида ажралиб турадиган сифатлари Аллоҳнинг Ўзига аён.
«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.