Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Каримдан уламолар тўймаганлар, тўймаяптилар ва тўймайдилар ҳам | Қуръони Карим дарслари (191-дарс)

00:00 / 24 февраль 117 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«У – унинг ила ҳавойи нафслар тоймайдиган...».

Ҳа, Қуръони Каримга алоқадор бўлган ҳавойи нафс ҳеч қачон ҳақ йўлдан тоймайди. Чунки Қуръони Карим барча ҳавойи нафсларни халқ қилган Холиқ томонидан уларни жиловлаб, тойиб кетмайдиган қилиб ушлаб турувчи қўлланмадир.

Дунёдаги барча бандаларнинг бу дунёдаги асосий муаммоларидан бири ҳавойи нафслари билан бўладиган муаммоларидир. Кишиларни ёмонликка бошлаётган нарса ҳам асосан ҳавойи нафсдир.

Қачонки банданинг ҳавойи нафсига шайтон кўрсатма берса, банданинг ўзи кўрсатма берса ёки ўша бандага ўхшаш бошқа бандалар кўрсатма берса, албатта, у ҳавойи нафс ҳақ йўлдан тояди ва ўз эгасини ҳалокатга бошлайди. Ҳар замон, ҳар маконда бандалар якка-якка ҳолларида ҳам, тўп ҳолларида ҳам ҳавойи нафсни тойдирмайдиган қўлланмани қўллаганда нажот топадилар.

Ҳавойи нафсни тойдирмаслик учун илоҳий қўлланмани қўлламаганлар эса ҳавойи нафсларига қул бўладилар ва ҳалокатга учрайдилар.

Аллоҳ таоло бандаларга раҳм қилиб, уларга ҳавойи нафсларини тойдирмай, ушлаб турадиган Қуръони Каримни бериб қўйган. Ана ўша илоҳий қўлланмани яхшилаб ўрганиб, унга оғишмай амал қилган кишининг ҳавойи нафси тоймайди.

«У – унинг ила тиллар илтибосга тушмайдиган...»

Ҳа, Қуръони Карим ила бўлган тиллар ҳеч қачон илтибосга тушмас. Яъни бошқа нарсалар билан аралашиб кетиб, қайси биридир ҳақ, қайси биридир ноҳақ бўлиб қолиб, илтибосга тушилмайди. Қуръони Карим билан бўлган тил ҳеч иккиланмасдан, ҳақни гапиряпман, деяверади.

Қуръондан бошқа нарса аралашдими, дарҳол илтибос тушади. У ҳолда банда қайси бири ҳақ, қайси бири ноҳақ эканинни ажрата олмай, сарсон бўлади.

«У – уламолар ундан тўймайдиган...».

Ҳа, Қуръони Каримдан уламолар тўймаганлар, тўймаяптилар ва тўймайдилар ҳам. Модомики, Қуръони Каримни Роббил оламийндан қабул қилиб олган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларидан кейин уламоларнинг Қуръондан тўймасликлари ҳақиқатдир.

Бу улкан ҳақиқатни воқеълик ҳам тасдиқлайди. Илмлар кўп, уламолар ундан ҳам кўп. Чунки ҳар бир илм бўйича қанчадан-қанча олим бўлади. Ана шу турли илмлар бўйича қайси бир олим Қуръони Каримга мурожаат қилса, ундан ўзига керакли нарсани олади.

Лекин бари бир тўймайди. Яна янги нарса олгиси келаверади. Қуръон нозил бўлгандан буён уламолар ундан олган нарсаларни ўзлаштириб, улардан баҳраманд бўлган бугунги олим ҳам тўймай, яна ўзи бирор нарса олишга уринади.

Дунёда бир хил мавзуда ёзилган китоблар ичида Қуръони Каримга боғлаб ёзилган китобларчалик кўп китоб бўлмаса керак. Тафсир китобларини ёзиш бир минг тўрт юз йилдан буён давом этмоқда. Ҳар бир тафсир билан танишар экансиз, уларнинг ҳар бири ўзига хослиги, озгина бўлса ҳам, бошқалардан ажралиб туриши билан бир-биридан фарқ қилади.

Демак, уламолар Қуръондан тўймаганлари учун шундай қиладилар. Ҳозирги кунимизда ҳам янги-янги тафсирлар чиқиб турибди. Улар ҳам ўзига хослиги билан бир-биридан ажралиб туради. Демак, уламолар Қуръонга тўймаяптилар.

Агар Қуръонга тўймайдиган уламолар тафсирчи уламолар, десак, катта хато қилган бўламиз. Балки бошқа уламолар ҳам Қуръонга тўймайдилар. Мисол учун, муҳаддис уламоларни олиб кўрайлик. Улар ҳам Қуръонга тўймайдилар. Чунки уларнинг мутахассислиги бўлмиш ҳадис илми Қуръони Карим ила чамбарчас боғлиқдир. Зотан, ҳадиси шарифлар Қуръони Каримнинг тафсири ва ҳаётга татбиғидир.

Фиқҳ уламоларини олиб кўрайлик. Қуръони Каримга тўймайдиган уламолар айнан фуқаҳолардир, десак муболаға бўлмайди. Чунки Қуръони Карим фуқаҳоларнинг биринчи навли ва энг асосий озуқаларидир. Улар Ислом шариатининг аҳкомларини асосан Қуръони Каримдан оладилар. Бунинг учун улар ҳар бир оят, ҳар бир Қуръоний ҳарфни синчиклаб, қайта-қайта, атрофлича ва чуқур ўрганадилар. Бу ҳолатда уларнинг Қуръондан тўймасликлари турган гап.

Араб тили уламолари ҳам худди шундай. Улар хоҳ илми наҳв, хоҳ илми сарф, хоҳ илми баён, хоҳ илми бадийъ бўйича мутахассис бўлсинлар, ким бўлишларидан қатъи назар, Қуръони Каримдан тўймайдилар.

Чунки Қуръони Карим араб тилининг мўъжизасидир. Бу тил усталари Қуръони Карим ҳузурида ожиздирлар.

Шунинг учун ҳам араб тили олимлари Қуръони Каримга доимий равишда тил жиҳатидан ҳам муҳтожлар, доимо унга мурожаат қиладилар ва доимо унга тўймайдилар.

Хулоса шуки, қайси бир илмни олсак ҳам, илми ақоидми, илми фароизми, илми мантиқми, илми тасаввуфми ёки бошқа илмларми, барибир уларнинг уламолари Қуръони Каримга тўймасликлари Қуръони Каримнинг бир неча ўзига хос илмларининг пайдо бўлишига олиб келди.

Бу илмларнинг мажмуаси «Улумул Қуръон» – «Қуръон илмлари» деб аталади. Бу қадимги илм бўлиб, унга қанчадан-қанча уламолар ўз умрлари, зеҳн-заковатларини бағишлаганлар. Бу соҳада сон-саноқсиз китоблар ёзилган ва ёзилмоқда.

«Улумул Қуръон» ўз ичига «илмул қироат», «илмул носихи вал мансухи», «илмул маккиййи вал маданиййи», «илму сабаби нузул», «илмул расми», «илмул муҳками вал муташобиҳи» каби бир қанча илмларни олади. Табиийки, ушбу илмларга мутахассис бўлган уламолар Қуръони Каримга асло тўймайдилар.

Бошқа фан мутахассисларини, масалан, тарихчиларни олиб кўрайлик. Бу дунёнинг яратилиши, инсоннинг дунёга келиб, ривожланиши, қадимда содир бўлган тарихий ҳодисаларнинг энг ишончли масдари Қуръони Карим асосида қадимги дунё тарихини битдилар. Шунинг учун ҳам улар ўз замонларида етакчи тарихчилар бўлдилар.

Кейинчалик баъзи бир тоифалар, шахслар чиқиб, ўзларича дунё тарихини «илмий» равишда қайта кўриб чиқдилар. Улар дунёда энг ишончли тарихни битганларини айтиб, айюҳаннос солдилар. Бошқаларни, жумладан, мусулмон тарихчиларни илмсизликда, афсоналарга берилишда айбладилар.

Аммо, вақт ўтиб, илм ривожланиши билан ҳалигиларнинг «илмий»лиги жаҳолатдан бошқа нарса эмаслиги аён бўлди. Ҳаммаси муз каби эриб кетди. Қуръондан баҳра олган мусулмон тарихчиларнинг айтганлари тўғри бўлиб чиқди. Демак, мусулмон тарихчиларнинг Қуръондан тўймасликлари турган гап.

Энди жуғрофиячиларимизни олиб кўрайлик. Улар ҳам Қуръони Каримдаги жуғрофияга тегишли оятларга асосланиб, улардан руҳланиб, бу илм тарихида мисли кўрилмаган улкан натижаларга эришдилар.

Агар Қуръони Каримдан турли соҳадаги мусулмон уламолар тўймайди, десак хато қилмаган бўламиз. Қуръони Каримга мурожаат қилган ғайримусулмон олимлар ҳам ундан тўймаётганларига ўзимиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Дунё тарихини Таврот, Инжил, Қуръон ва янги илмга солиштириб ўрганиб чиққан ғайридин олимлар Қуръони Каримга тан бериб, мусулмон бўлдилар.

Дунёда денгиз илми бўйича кўзга кўринган ғайридин олимлар ўз соҳалари бўйича Қуръони Каримни ўрганиб чиқиб, мусулмон бўлдилар. Шунингдек, табиблар, инсон наслини ўрганувчилар ва бошқа-бошқалар ҳам Қуръони Каримга тўймаяптилар.

Ҳозир «Қуръондаги илмий иъжоз (мўъжизакорлик)» номли халқаро ҳайъат ишлаб турибди. Ундаги баҳслар асосан ғайримусулмон олимларнинг Қуръондан тўймасликларининг далили эмасми?

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 30-жуз

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
36. Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга .Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг,, деб Пайғамбар юборганмиз. Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига давоми...

4322 05:00 / 23.01.2017
59. Эй иймон келтирганлар Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва давоми...

11736 05:00 / 23.01.2017
иккинчи қисмАллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади.Куфр келтирганларга гапирган одам худди қичқириқ ва сасдан бошқа нарсани эшитмайдиганнарсаларга давоми...

5997 13:05 / 21.07.2020
Қуръони Карим мўъжиза эканининг яна бир далили mdash унинг маъносини тушунмасада, дунёда юз минглаб кишилар ёд олганидир. У 600 саҳифадан кўп бўлиб, уни ёдлаган давоми...

18407 10:31 / 14.01.2022
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021