Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръон ҳикматга тўла Китобдир | Қуръони Карим дарслари (178-дарс)

19:00 / 24.11.2025 1225 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Фуссилат сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, ўзларига Зикр келганда унга куфр келтирганлар... Албатта, у азиз Китобдир. Ботил унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам келмас. (У) Ҳакийму Ҳамийд томонидан нозил қилингандир», деган («Фуссилат» сураси, 41-42-оятлар).

Ушбу икки оятда Қуръони Карим оятларига куфр келтирганларга таҳдид қилинмоқда ва Қуръони Карим сифатлари ҳақида сўз кетмоқда. Ўтган оятларда умуман, Аллоҳнинг каломига эгрилик қилганларнинг оқибати эслатиб ўтилган эди. Аммо Қуръони Каримга куфр келтирганларга нисбатан бошқача йўл тутилади.

«Албатта, ўзларига Зикр келганда унга куфр ‎келтирганлар‎...»

Нима жазо берилиши айтилмади. Худди шуниси жуда ҳам кучли таҳдиддир. Бу айтилмаган ўринга энг шиддатли, масалан, «Нима қилишни ўзимиз биламиз», «Кунларини кўрсатиб қўямиз» ёки шунга ўхшаш таҳдидларни қўйиш мумкин.

«Зикр» Қуръони Каримнинг номларидан бири бўлиб, «эслатма» маъносини билдиради. Бу сўз аввалги сураларда ҳам кўп келган.

«Албатта, у азиз Китобдир».

Албатта, Қуръони Карим азиз – ғолиб, кучли ва иззатли Китоб. Унга куфр келтирганлар мағлуб, кучсиз ва хорлардир.

«Ботил унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам келмас‎».

Бу азиз Китобга ботил мутлақо яқин кела олмайди. Азиз Китоб бўлганидан кейин қандай қилиб ботил унга яқинлаша олсин?! Азиз Зотнинг азиз Китоби – Қуръони Каримга қиёматгача абадул-абад ботил яқин кела олмайди. У соф ва соғлом ҳолида илоҳий мўъжиза бўлиб қолади.

Бу башорат ҳам Қуръоннинг илоҳий Китоб эканига ёрқин далилдир. Мана, асрлар ўтибдики, унинг бирор ҳарфи ўзгаргани, унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келгани йўқ! Ва шундай давом этажак, иншааллоҳ.

«‎(У) Ҳакийму Ҳамийд томонидан нозил қилингандир».

Қуръон ўта ҳикматли Зот бўлмиш Аллоҳ таолонинг нозил қилган Китобидир, Шунинг учун ҳам у ҳикматга тўла Китобдир. Унинг оятлари ҳикматли, кўрсатмалари ҳикматли, амрлари ҳикматли, қонун-қоидалари ҳикматли – ҳамма-ҳаммаси ҳикматли.

Қуръон ўта мақталган Зот – Аллоҳ томонидан туширилгани учун энди Аллоҳнинг ҳамди – мақтови кўп такрорланади.

Аллоҳ таоло яна:

«Агар уни ажамий Қуръон қилганимизда, албатта: «Унинг оятлари муфассал баён қилинганида эди. Арабийга ажамийми?!» – дер эдилар. Айт: «У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир. Иймон келтирмайдиганларнинг қулоқларида эса оғирлик бордир. Ва у улар учун кўрликдир. Ана ўшалар узоқ макондан чақирилаётганлардир», деган («Фуссилат» сураси, 44-оят).

Макка мушрикларининг қалбларини моғор босгани учун ўз тилларидаги илоҳий Китоб – Қуръон ҳақида бир-бирларига «Унга қулоқ османглар, унга халақит беринглар», дейишарди.

«Агар уни ажамий Қуръон қилганимизда, албатта: ‎‎«Унинг оятлари муфассал баён қилинганида эди. ‎Арабийга ажамийми?!» – дер эдилар‎».

«Фаразан Қуръонни араб тилида эмас, бирор ажамий тилда нозил қилганимизда, кофир мушриклар бунга ҳам гап топар эдилар. Улар:

«Қуръон оятлари бизнинг араб тилимизда муфассал баён қилинганида эди, уни эшитишимиз, ўрганишимиз мумкин эди. Арабий одамга ажамча Қуръон ҳам тушириладими?» дейишлари аниқ эди.

Яъни нима қилиб бўлса ҳам баҳона топар эдилар. Чунки аслида, Қуръонга эргашиш ниятлари йўқ».

«Эй Пайғамбар!

«Айт: «У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир‎».

Қуръони Карим мўминлар учун ҳидоятдир.

Қуръон мўминларни саодатли ҳидоят йўлига бошлайди.

Қуръони Карим мўминлар ҳаётининг ҳар бир соҳасида уларга ҳидоят маёғи бўлади. Унинг ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун унга иймон келтириш керак.

Қуръони Карим мўминлар учун шифодир.

Қуръон мўминларнинг барча дардларига шифо бўлади.

Қуръони Карим қалблардаги касалларга, турли ижтимоий, иқтисодий, ахлоқий, маънавий касалларга шифодир.

Унинг шифобахшлигидан баҳраманд бўлиш учун унга иймон келтириш керак.

«Иймон келтирмайдиганларнинг қулоқларида эса ‎оғирлик бордир‎».

Қуръонга иймони йўқларнинг қулоқлари кардир. Иймонсизлик оғир дарддир. Унда кишининг қалби касал бўлиб, тошга айланиб қолади. Бунинг асорати бошқа аъзоларга ҳам таъсир ўтказади. Қулоқлари кар бўлиб қолади. Улар Қуръонни ҳам эшита олмайдилар.

«Ва у улар учун кўрликдир‎».

Қуръон кофирлар учун маънавий кўрликдир. Улар ҳеч нарсанинг фарқига бормайдилар.

«Ана ўшалар узоқ макондан чақирилаётганлардир‎».

Узоқ макондан чақирилганлар овозни эшитмайдилар, ҳеч нарсани тушунмайдилар. Шунингдек, Қуръонга иймон келтирмаганлар ҳам ундан ҳеч нарсани англай олмайдилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийнинг бир неча турлари борлигини юқорида ўрганиб чиқдик. Уларнинг барчаси ҳам Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ давоми...

9352 14:15 / 19.10.2018
Қуръони Карим суралардан, суралар эса оятлардан иборатдир. Уларнинг ўзига яраша тартиби бор. Оят ва сураларнинг тартиби ҳақида батафсил сўз юритишдан аввал бу давоми...

6733 20:11 / 24.12.2019
Қуръони Каримни энг тези уч кун, кўпи билан бир ойда бир хатм қилиш тавсия этилган. Айрим уламолар хатм муддати бир ойдан ошиб кетиши макруҳ дейишса, айримлари қирқ давоми...

19573 16:08 / 22.05.2018
иккинчи мақолаРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаб олган кишиларнинг сони беҳисоб экани улкан ҳақиқатдир.Набий соллаллоҳу давоми...

5417 14:30 / 03.09.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021