Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръон — ҳақиқий илоҳий мўъжиза | Қуръони Карим дарслари (159-дарс)

19:00 / 30.06.2025 2041 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Юсуф сурасида шундай марҳамат қилади:

«…(Қуръон) тўқима гап эмас, лекин ўзидан олдин келганнинг тасдиғи ва барча нарсанинг тафсилоти, иймон келтирадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир», деган (111-оят).

Ҳа, бу Қуръон ва унинг қиссалари тўқима – уйдирма эмас, балки олдинги илоҳий китобларда келган нарсаларнинг тасдиғидир. Одатда ёлғон, тўқима гап бир-бирини тасдиқлай олмайди. Бирпасда ўртада хилоф чиқиб, сири фош бўлиб қолади.

Шунингдек, Қуръон ҳар бир нарсани муфассал баён қилувчидир. Агар тўқилган ва уйдирма бўлганида, бундай бўла олмас эди.

Яна Қуръон ва унинг қиссалари ҳидоятдан иборатдир, ёлғон ва уйдирма ҳеч қачон ҳидоят бўлган эмас, бўла олмайди ҳам.

Қуръон иймон келтирганларга раҳматдир. Ёлғон ва уйдирма ҳеч кимга раҳмат бўлган эмас, бўлмайди ҳам.

Аллоҳ таоло яна:

«Бу (Қуръон) одамлар учун, у ила огоҳлантирилишлари учун, Угина ягона Илоҳ эканини билишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун етказишдир», деган («Иброҳим» сураси, 52-оят).

Яъни, Қуръон одамлар учун Аллоҳ томонидан юборилган бир баёнотдир. Уни нозил қилишдан мақсад одамларни огоҳлантиришдир. Яъни, унда икки дунё саодатига эришишлари ва икки дунё бадбахтлигидан қутулишлари учун нима ишлар қилишлари лозимлиги баён этилади.

Уни юборишдан мақсад одамларга Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ Зот йўқлигини билдиришдир. Токи ҳамма ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиб яшасин.

Уни нозил қилишдан мақсад ақл эгаларига эслатма беришдир. Токи улар ақлларини ишлатиб, тўғри йўлни топиб олсинлар.

Қуръони Карим одамларга Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ Зот йўқлигини англатиш ва башарият ягона Аллоҳнинг ўзига ибодат қилиб яшаши лозимлигини уқдириш мақсадида юборилган.

Бу муқаддас Китоб ақл эгаларига эслатма бериш ва уларни ўз ақллари ила тўғри йўлни топиб олишга йўллаш мақсадида нозил қилинган.

Аллоҳ таоло:

«Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, Биз уни муҳофаза қилувчидирмиз», деган («Ҳижр» сураси, 9-оят).

«Ушбу «зикр», яъни Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълифи эмас.

Уни айнан Биз нозил қилдик. Уни одамлар инкор қилсалар ҳам, тан олмасалар ҳам, йўқ қилиб юбормоқчи бўлсалар ҳам, барибир, «албатта, Биз уни ‎муҳофаза қилувчидирмиз».

Ислом даъвати ўз бошидан энг оғир кунларни кечираётган бир пайтда, яъни мушриклар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ оз сонли мусулмонларни бутунлай йўқотишга, Қуръонни, умуман, унинг номини ҳам қолдирмасликка қасд қилиб қолишган бир пайтда нозил бўлган бу ояти карима ҳақиқий илоҳий мўъжизадир.

Агар мазкур Китоб ҳақиқий илоҳий мўъжиза бўлмаганида, шундай қийин пайтда бу гапларни ишонч ва таъкид билан айтмас эди.

Бу бир мўъжиза бўлса, оятдаги ваъданинг юзага чиқиши минг мўъжизадир.

Қуръон туша бошлаганидан ҳозирги кунга қадар уни йўқ қилиб юбориш, унга зарар етказиш ва ўзгартириш киритиш учун қанчадан-қанча уринишлар бўлди. Аммо Аллоҳ таоло ваъдасининг устидан чиқди. Ўз Китобини муҳофаза қилиб қолди. Бу Китобнинг бирор ҳарфи ҳам ўзгаргани йўқ.

Дунёдаги ҳамма китобларга, ҳатто Инжил ва Тавротга ҳам ўзгартириш киритилди. Аммо Қуръони Карим софлигича қолди.

Ғаразгўйлар ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларига ҳам ҳамла қилишди. Оқибатда кўплаб ҳадис илми соҳиблари, улуғ уламоларимиз ҳадисларни бу ҳамладан ҳимоя қилиш учун бир талай ишларни амалга оширишга мажбур бўлдилар.

Аммо ҳеч ким Қуръони Каримнинг бир ҳарфига ҳам тил теккиза олмади. Аллоҳ таоло ваъдасига биноан, Китобини Ўз ҳимоясига олди.

Мусулмонлар бошларидан оғир замонларни ўтказдилар. Улар тамоман бошқаларга қарам бўлиб қолган вақтлар ҳам бўлди. Кўп урф-одатлари ўзгариб ҳам кетди.

Аммо Қуръони Карим ўзгармади. Ҳолбуки, Ислом душманларининг, мусулмонлар душманларининг асосий мақсади Қуръонга зарар етказиш эди. Улар мақсадларига ета олмадилар. Аллоҳ берган ваъдасига биноан, Ўз Китобини муҳофаза қилиб қолди.

Бундан кейин ҳам муҳофаза қилинажаги муқаррардир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
islom.uz middot 062. Муташобиҳ сифатларга оид оятлардан намуналар1биринчи мақолаМаълумки, .истиво, сўзи, хусусан Қуръони Каримда келган .истиво, лафзи ҳақида жуда кўп давоми...

5800 13:06 / 22.09.2020
Имом Осим ибн Абу Нажуд Куфий. Имом Осимнинг куняси Абу Бакр. У киши машҳур қори бўлган. Таҳқиқ, балоғат, фасоҳат ва ширин овоз ила қироат қилиш билан машҳур бўлган. давоми...

8084 14:00 / 29.12.2020
Аллоҳ таоло Зухруф сурасида шундай марҳамат қилади .Очиқойдин китоб ила қасам. Албатта, Биз уни арабий Қуръон қилдик. Шоядки ақл юритсангиз. Албатта, у давоми...

1023 19:00 / 02.12.2025
Имом Ибн Касир қироати1 Ундан Муҳаммад ибн Қунбул қилган ривоят ҳақида бизга Абу Муслим Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Алий алБағдодий хабар берган. У айтганки.Бизга Ибн давоми...

6862 13:30 / 26.01.2021
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151231 14:35 / 11.08.2021