Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (85-дарс). Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлиши

13:00 / 12.05.2020 6434 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Уламолар жумҳури Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлиши уч қисмдан иборат эканини айтганлар.

Биринчи қисм

Ҳукм ва тиловатнинг (лафзнинг) биргаликда насх бўлиши.

Бунда бир оятнинг лафзи Қуръондан кетказилади ва унинг ҳукмига амал қилиш ҳам тўхтатилади. Ушбу қисмдаги насх бор, деганлар: «Бу иш ақл жиҳатдан жоиздир, зотан, насх бандалар фойдаси учун хизмат қилади. Аллоҳнинг Ўзи истаганда насх қилаверади, У Зот қилган нарсасидан сўралмайди», дейдилар.

Уларнинг энг машҳур далиллари қуйидаги ҳадисдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Қуръонда нозил бўлган нарсаларнинг ичида «ҳаром қилувчи маълум ўнта эмизиш» бор эди, кейин «маълум бешта» билан насх қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилганларида улар Қуръонда қироат қилинаётган нарсалар ичида эди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари ушбу ривоятга амал қилиб, «Шаръий эмизиш собит бўлиши учун беш марта тўйиб эмиш керак», деганлар.

Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари эса бу ривоят ўта мушкул ривоят, дейишган. Чунки Қуръонда ўн марта сўриш ҳақида ҳам, беш марта сўриш ҳақида ҳам ҳеч қандай оят бўлмаган. Кейин, агар бор бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида ўқиб турилган бўлса, нима учун ҳозир ўқилмайди? Бунга ўхшаш саволлар жуда кўп. Уламолар ушбу ривоят ҳақида кўп баҳс юритганлар. Охири ушбуга ўхшаш иборалар ўша вақтда саҳобаларнинг ўзларига маълум нарсалар бўлган, деган хулосага келганлар.

Аслида бунга ўхшаган гап-сўзлар ҳар замонда, ҳар маконда ва ҳар бир жамиятда бўлиб туради. Жамият аъзолари ўзларига маълум сабабларга кўра, баъзи маъноларни ифода қилишда ўзига хос ибораларни ишлатадилар. Мазкур ибораларнинг ортида турган маъноларни ўзларигина биладилар. Бу маъноларни уларнинг тилини билган, аммо жамият аъзолари орасидаги сирлардан хабардор бўлмаганлар англай олмайдилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятдаги сўзлар ҳам ана шундай гап бўлиши аниқ. Унинг маъноси «Қуръонда нозил бўлган ва ундан деб ўқиб турилган оятларнинг маъносига мос гап ёки шаръий ҳукм» дегани бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, бу ривоят оҳод хабар эканига ҳамма иттифоқ қилган. Оҳод хабар эса Қуръони Карим бўла олмаслиги ҳам барчага маълум. Бинобарин, биргина оҳод хабарга суяниб, Қуръони Каримда ҳам лафзи, ҳам ҳукми насх қилинган оятлар бўлган, деган гапни айтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Қўполроқ қилиб айтадиган бўлсак, ушбу оҳод хабарга суяниб, баъзи кишилар «Қуръони Каримнинг Қуръони Карим билан насх бўлишида ҳам лафзи, ҳам ҳукми насх бўлган оятлар бор» деган қисмни очишган, холос.

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
47. Ўшанда улар дўзахда бирбирлари ила хусумат қилурлар. Бас, заифлар мутакаббирлик қилганларга .Албатта, биз сизга эргашувчи бўлган эдик. Энди сиз бизнинг дўзах давоми...

6368 05:00 / 23.01.2017
биринчи мақолаҚуръони Карим ва Суннатдаги насх тўрт турли бўлади. Қуйида мазкур турлар ҳақида батафсил сўз юритишга ҳаракат қиламиз.Биринчи қисмҚуръоннинг давоми...

6357 11:20 / 14.04.2020
7. Қуръони Каримни сеҳр, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эса сеҳргар деб қилинган даъво.Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади.Агар сенга қоғозда давоми...

6846 21:00 / 04.03.2019
Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деганлар, шубҳасиз, зиёнга учрадилар. Ҳатто тўсатдан қиёмат келиб қолганда устларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида .Унда давоми...

4326 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021