1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Ёмон гумонлардан четда бўлинг!

21:03 / 12.11.2018 5639 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида шундай марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛﭜ ﭝ ﭞ

«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар» (12-оят).

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида:

«Эй иймон келтирганлар!» деб мурожаат қилмоқда ва улар учун жуда муҳим бўлган яна бир қанча масалаларни баён қилмоқда.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини бир неча ёмон сифатлардан, ахлоқий касалликлардан, ҳалокатга элтувчи дардлардан қайтармоқда.

Улардан биринчиси:

«Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир».

Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам:

«Кўп гумонлардан четда бўлинглар…» – дейиляпти.

Ўтган уламолардан Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи: «Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган бўлса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор», – деганлар.

Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.

Бу ҳақда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», – деган эканлар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», – деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: «Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», – деган эканлар.

Хусусан, иш бошида турган раҳбарлар бу нарсада эҳтиёт бўлишлари лозимлиги имом Абу Довуд Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда яққол кўринади. Бу ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Агар амир одамлардан айб излайверса, уларни бузади», – деганлар.

Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини излашга тушади. Буни эса «жосуслик» дейдилар. Шунинг учун ҳам биз ўрганаётган ояти каримада гумондан четланишга амр қилингандан сўнг

«Жосуслик қилманглар», – деб бу қабиҳ ишдан қайтарилмоқда.

Одатда, бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини, ўзига билдирмай, яширинча излашга «жосуслик» дейилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур. Боз устига, бу иш Ислом динининг асосий ғояларидан бири бўлмиш инсоннинг каромати, ҳурмати, иззати ва обрўсини ҳимоя қилиш масаласига чамбарчас боғлиқдир.

Ислом мазкур ҳуқуқларнинг муқаддаслигини эътироф этади, уларнинг ҳеч бир ҳолда поймол бўлмаслигининг чорасини кўради. Ислом жамиятида инсонларнинг жонлари, молу мулклари, уй-жойлари омонликда, сир-асрорларию яширин нарсалари бехатар бўлиши зарур. Ҳатто жиноятнинг олдини олиш баҳонаси билан ҳам одамларнинг ортидан жосуслик қилишга ижозат йўқ. Ҳукм очиқ-ойдин кўриниб турган ишга қараб чиқарилади. Гумон қилишга, шубҳаланишга ва пойлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ийсо алайҳиссалом ҳақларидаги тўғри эътиқод қуйидагича бўлади .Масиҳ ибн Марям бир расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Унинг онаси эса давоми...

1440 19:00 / 18.02.2025
.Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутадир. Бас, унинг каффороти ўз аҳлингизни давоми...

1414 19:00 / 08.04.2025
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Роббинг осмонлару ердаги кимсаларни яхши билувчидир. Батаҳқиқ, баъзи набийларни баъзиларидан афзал давоми...

1514 19:00 / 07.05.2024
.Сиздан олдин ҳам бир қавм уларни сўраган, сўнгра эса уларга кофир бўлиб қолган эди, Моида сураси, 102оят. Бунга энг ёрқин мисол Бану Исроилдир. .Бақара, сураси давоми...

975 19:00 / 27.05.2025
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021