1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Аллоҳ ўзини кўз-кўз қилмаган бандасини яхши кўради

07:36 / 15.12.2024 2044 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Соиб ибн Ақраъ розияллоҳу анҳу халифа ҳазрати Умарга Наҳованд жангида шаҳид бўлган кишиларни санади. У таниқли, кўзга кўринган кишиларнинг исмларини бирма-бир айтиб бўлиб, сўнгра деди:

– Қолганлар чекка қишлоқлардан. Амирул мўминин, сиз уларни танимайсиз.

Шунда Умар розияллоҳу анҳу йиғладилар ва:

– Умарнинг танимаслиги уларга зарар бермайди. Чунки уларни Аллоҳ танийди, - дедилар.

Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг «Сияру аъла мин нубало» китобида келади: «Ҳорун Рашиднинг қўшинида йигирма минг мужоҳид ўз номини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким уларни билмаслиги учун қўшин китобига ёздирмас, маош ҳам олмас эди».

Гапнинг боғлиқлик томонига келсак, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қатл қилинган пайтда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу саҳрода туяларини боқиб юрган эдилар. У кишининг олдига ўғли келди. Саъд розияллоҳу анҳу уни узоқдан кўргач, дедилар:

– Аллоҳим! Бу чавандознинг ёмонлигидан Сендан паноҳ сўрайман.

Фаросатлари ила чопарнинг ёмон хабар олиб келаётганини сезганлар. У етиб келгач, қарасалар, ўғли экан. У Саъд розияллоҳу анҳуга деди:

– Сиз туяларингиз билан юраверинг. У ёқда эса одамлар подшоҳликни талашиб ётишибди (яъни ўғли Саъд розияллоҳу анҳуни халифаликка тарғиб қиляпти).

Саъд розияллоҳу анҳу дедилар:

– Жим бўл! Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ таоло тақводор, бой ва махфий бандасини яхши кўради», деганларини эшитганман.

Махфий банда бошқалардан ўзининг ёмонликларини яширганидек, яхшиликларини ҳам яширади. Фақатгина ўзи билан Аллоҳ биладиган махфий амали бўлади.

Сиз қиладиган садақани инсонлар билиши керак эмас. Риё амалларни ботил қилади. Гарчи кишида риё бўлмаса-да, садақа бераётгани шахснинг қалбига озор етказиб қўйиши эҳтимоли бор. Кишиларнинг қалбини тўлдириш эса, уларнинг чўнтагини тўлдиришдан олдинда туради.

Қиладиган ҳар бир яхши амалингизни ҳужжатлаштириб қўйишингиз шарт эмас. Нафсингизга ҳам озроқ дам беринг. Бу ишларни ёзиб қўйишни Аллоҳга қолдиринг. Модомики, мухлис экансиз, У зот амалингизни зое қилмайди.

Дин ишининг ҳисобини Аллоҳ қилади. Амалимиз остида ихлос бўлса ажр, риё бўлса, азоб бор... Аллоҳ ҳеч нарсани зое қилмайди.

Солиҳлардан бири айтади: «Яширин мукофотлар яширин амалларгадир».

Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган касаллигимизга Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган садақа билан шифо сўрайлик.

Қалбингизда ин қуриб олган, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган ғамга Ундан ўзга ҳеч ким билмайдиган истиғфор билан нажот истанг.

Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган ташвишларингизга фақатгина Аллоҳ биладиган тунги икки ракат намозингиз билан кенгчилик сўранг.

Ризқингиз тор бўлса, кишиларга айтиб юрманг. Иффатли бўлинг. Аллоҳга яширин истиғфор айтинг. Буни ҳеч ким билмасин!

Ёдингизда тутинг! Умарнинг билмаслиги сизга зарар бермайди. Зеро, Аллоҳ сизнинг барча ҳолатингизни билиб турибди!

У Зот ўзини кўз-кўз қилмаган бандасини яхши кўради.

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир неча йил олдин меҳнат муҳожирлигида эдик. Дубайдаги дўконда молларимизни саралаб ўтирибмиз. Шу дўконда хизматчи бўлиб ишлайдиган ўттиз беш ёшлардаги ҳинд давоми...

3379 15:00 / 20.11.2021
Оила, иш, омад, фаровонлик ва ҳоказолар тўлақонли бахтли бўлишимизнинг омилларидир. Мусулмон бўла туриб бизнинг икки дунё бахтсаодатимиз фақат Аллоҳнинг қўлида давоми...

39061 18:14 / 10.04.2018
Аллоҳ таолодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийнинг уч тури ndash ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон орасидаги фарқни тушуниб етиш ниҳоятда аҳамиятли давоми...

4263 09:00 / 19.08.2023
Аллоҳ таоло .Сен .Роббим, Сендан шайтонларнинг васвасасидан паноҳ сўрайман Роббим Сендан уларнинг менга ҳозир бўлишларидан паноҳ сўрайман,, деб айт,, давоми...

1581 10:14 / 15 январь
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021