Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръоннинг соҳиби Аллоҳдир | Қуръони Карим дарслари (157-дарс)

19:00 / 16.06.2025 1770 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Юнус сурасида шундай марҳамат қилади:

«Ушбу Қуръон Аллоҳдан бошқа томонидан тўқиб чиқарилган эмас. Ва лекин ўзидан олдингининг тасдиғи ва китобнинг тафсилотидир. Унда ҳеч шубҳа йўқ. Оламларнинг Роббидандир. Ёки: «Уни ўзи тўқиб олган», – дерларми? Айт: «Агар ростгўй бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва Аллоҳдан бошқа кучингиз етганки кишини чақиринг», деган (37-38-оятлар).

Қуръони Каримнинг сўз ва маъно жиҳатини ҳам, ҳукм ва ҳидоят жиҳатини ҳам, тарихий ва воқеъий жиҳатини ҳам, қисқаси, ҳеч бир жиҳатини Аллоҳдан бошқа зот яратишга қодир эмас. Ҳа,

«Ушбу Қуръон Аллоҳдан бошқа томонидан тўқиб чиқарилган эмас».

Бундай Китоб фақат оламларнинг Робби Аллоҳ томонидан бўлиши мумкин, холос. Қанча-қанча одамлар Қуръоннинг ўзини эмас, Қуръонга ўхшаш нарсани яратишга уриндилар. Аммо уларнинг ҳеч бири Қуръони Карим у ёқда турсин, лоақал унинг бир оятига ўхшаш жумлани ҳам келтира олмадилар.

Ўшаларнинг кўплари иймонга келиб, аҳли Қуръон бўлдилар. Қуръоннинг соҳиби эса Аллоҳ, фақатгина Аллоҳдир.

Шу билан бирга, унинг бошқа сифатлари ҳам бор. Шулардан бири:

«Ва лекин ўзидан олдингининг тасдиғи»дир.

Яъни Қуръон ўзидан аввалги Пайғамбар алайҳиссаломларга келган барча китобларнинг ҳақлигини тасдиқловчи Китобдир. Яна у:

«…китобнинг тафсилотидир».

Яъни, аввалги барча илоҳий китоблардаги маъноларнинг муфассал баёнидир.

«Ёки: «Уни ўзи тўқиб олган», – дерларми? Айт: «Агар ростгўй бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва Аллоҳдан бошқа кучингиз етганки кишини чақиринг».

Гапнинг хулосаси шу. Чўзиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Модомики, кофирлар «Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб чиқарган», дейишаётган экан, демак, уни бошқа бир инсон ҳам ярата олар экан-да?! Уларнинг сўзларидан шу маъно чиқади-да!

«Эй охири замон Пайғамбари! Сен ўша «Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган», деб айтаётган кофирларга шундай деб айтинг:

«Агар ростгўй бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва Аллоҳдан бошқа кучингиз етганки кишини чақиринг».

Ҳа, агар шундай бўлса, ўзлари Қуръони Каримнинг ҳаммасини эмас, ҳеч бўлмаса биттагина сурасининг ўхшашини тўқиб, келтирсинлар. Озчилик бўлсалар, хоҳлаганларича ёрдамчи чақираверсинлар. Бутун дунё бир бўлиб уринсалар-да, Қуръони Каримдаги энг кичик суранинг ҳам мислини яратишга қодир бўлмайдилар.

Воқеъликда бу таклифни бажаришга уриниб кўрган кофирлар ҳам бўлганлар. Аммо улар ҳеч нарсани эплай олмаганлар. Бу собит ҳақиқатдир. Асрлар, йиллар, ойлар ва кунлар ўтиши билан Қуръони Каримнинг илоҳий мўъжизалиги тобора аёнлашиб бормоқда.

Бунга илм-фаннинг ривожи сабаб бўляпти. Кўпгина илм эгалари иймонга келиб, Исломни қабул этмоқдалар. Улар «Нима учун мусулмон бўлди­нгиз?» деган саволга «Қуръонни ўқиб чиқиб, «Бундай Китобни Аллоҳнинг Ўзи яратмаса, инсон зоти тўқиб чиқара олмайди», деган фикрга келдим ва мусулмон бўлдим», деб жавоб бермоқдалар.

Аммо қадимда бўлганидек, ҳозир ҳам кўпчилик бу илоҳий Китобни ўқимай ёки уни инсоф ила ўрганмай туриб, инкор қиладилар. У ҳақида турли бўлмағур гаплар айтадилар. Ҳаммаларининг – аввалгиларнинг ҳам, кейингиларнинг ҳам Қуръони Карим ҳақидаги гаплари нотўғридир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
23. Айтингчи, ҳавои нафсини илоҳ қилиб олган, Аллоҳ уни билиб туриб залолатга солган ва қулоғига ҳамда қалбига муҳр босиб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани давоми...

5224 05:00 / 23.01.2017
.Маҳасинуттаъвил, ndash Муҳаммад Жамолиддин Қосимий.Бу тафсирнинг иккинчи номи .Тафсирул Қосимий,дир. Тафсирнинг муаллифи эса Шомнинг машҳур уламоларидан бири давоми...

2792 20:30 / 01.06.2021
биринчи мақола.АнНашр филқироатилашр, китобининг муаллифи Ибн Жазарий ва .АлМасаликулабсор фи мамаликиламсор,нинг соҳиби Ибн Фазлуллоҳ Умарийлар ҳам шомий давоми...

6431 18:30 / 10.12.2019
islom.uz middot 062. Муташобиҳ сифатларга оид оятлардан намуналар3учинчи мақолаХалафларнинг кўплари эса .Аршга истиводан мурод молик бўлиш ва тадбир қилишдир,, дейдилар. давоми...

4737 13:15 / 13.10.2020
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021