Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (49-дарс). Ғаззолий ва фалсафа

14:50 / 02.09.2019 7788 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Ғаззолий кейинроқ ҳақиқат қидириб, фалсафани пухта ўрганишга киришдилар. Файласуфлар: «Фақат фалсафа билангина ҳақиқатни топиш, яқин ва саодатга эришиш мумкин», дер эдилар. Имом Ғаззолий эса айнан ўша нарсаларни қидираётган эдилар. У киши фалсафани ихлос ила чуқур ўрганиб, ўша даврнинг энг кучли файласуфларидан бирига айландилар. Лекин Имом Ғаззолий фалсафада ҳам ўзлари излаётган ҳақиқат мавжуд эмаслигига ишонч ҳосил қилдилар. Аммо бу нарса улуғ олимга фалсафа ва файласуфлар ҳақида адолат ила ҳукм чиқаришга ҳалақит бермади. У киши бу борадаги илмий изланишлари натижасини фалсафа ва мантиққа аталган бир қанча китобларида ёзиб қолдирдилар.

1. «Мақосидул фалосифа».

2. «Таҳофутул фалосифа».

3. «Маҳкун-назар фил мантиқ».

4. «Меъёрул илм фил мантиқ».

5. «Ал-Мунқиз миназ-Золал».

Имом Ғаззолий ўз асарларида фалсафа ва файласуфларга холисона баҳо беришга ҳаракат қилдилар. У киши фалсафага оид илмларни олтига бўладилар ва уларнинг ҳар бирига ўзига яраша баҳо берадилар:

1. Аниқ фанлар.

Ҳисоб, ҳандаса, жуғрофия каби илмлар. Бу нарсаларда динга аралашилмайди. Улар аниқ ҳужжатларга асосланган илмлар. Шу боис, уларни инкор қилиб бўлмайди. Аммо мусулмонлар бу нарсаларни кўриб, фалсафага оид ҳамма нарса шу каби бўлади, деб алданиб қолмасликлари керак.

2. Мантиқ.

Бунда ҳам динга тегишли нарса йўқ. Мантиқ илми ақлий ўлчовларга назар солиш, бурҳон муқаддималари шартларини ўрганиш, уларнинг таркибидан хабардор бўлиш каби нарсалардир.

3. Табиий илмлар.

Бу илмларда ҳам динга боғлиқ нарсалар йўқ. Улар ҳаммаси тажрибага суянадиган нарсалар. Шунинг учун буларни ҳам инкор қилиб бўлмайди.

4. Сиёсий илмлар.

Файласуфларнинг бу соҳадаги барча гаплари дунёвий ишларга боғлиқ нарсалардан иборат бўлиб, уларнинг кўпини Аллоҳ таоло набийларга нозил қилган китоблардан ва набийлардан қолган гаплардан олганлар. Шунинг учун буларнинг ҳам диний эътиқодга, хусусан, ақоидга тегишли жойи йўқ.

5. Ахлоқий илмлар.

Файласуфларнинг бу борадаги кўп гаплари сўфийларнинг гапларига тўғри келади. Улардан Ислом таълимотларига тўғри келадиганини олиб, бошқаларини тарк қилиш лозим.

6. Илоҳиётга оид илмлар.

Бу борада файласуфлар ўзлари мантиқда қўйган шартларга вафо қилмадилар, улардан ташқарига чиқдилар ва катта хатоларга йўл қўйдилар.

Имом Ғаззолий асосан файласуфларни худди шу бобда танқид қиладилар. Кўпчилик фалсафа ҳақидаги танқидий гапларни умумийлашган ҳолда тушуниб, хато қиладилар.

Имом Ғаззолий файласуфларни учга тақсим қиладилар:

Даҳрийлар.

Улар Аллоҳ таолонинг борлигини ва холиқлигини инкор қилган ва «Олам ўзини ўзи яратган», дейдиган зиндиқлардир.

Табиатчилар.

Улар Аллоҳ таолонинг борлигини эътироф қилсалар ҳам, қайта тирилиш ва савобни инкор қилганлари учун диндан чиққанлар.

Илоҳиётчилар.

Булар илоҳиёт ҳақида баҳс юритган Суқрот, Афлотун, Арасту, Фаробий ва Ибн Синога ўхшаш файласуфлар. Уларнинг баъзи гапларини эътироф қилишдан бошқа чора йўқ. Мисол учун, Аллоҳ таолонинг борлигини эътироф қилишлари. Аммо баъзи гапларида улар адашиб қолганлар.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рўза араб тилида .сиём, деб аталиб, луғавий маъноси бир нарсадан ўзини тийишни билдиради. Шариат истилоҳида эса .Тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани давоми...

5911 13:56 / 20.01.2020
Аллоҳ таоло нима учун одамлар ичига набийларни юборганининг ҳикматини ва уларнинг вазифаларини баён қилиб Бақара сурасида қуйидагиларни айтади давоми...

4861 18:33 / 14.03.2022
Мотуридия мазҳабида .Ҳукмлар шариат ила собит бўлади. Фақатгина Аллоҳнинг маърифати, вожиблиги очиқойдин бўлгани учун ақл билан собит бўлади,, давоми...

8180 11:00 / 17.12.2018
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади Туғилган болалар унинг ҳузурига келтириларди. Бас, уларга барака тилаб дуо қилар эди. Бир гўдак ҳузурига келтирилди. Унинг давоми...

7652 06:38 / 04.09.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021