Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ҳавз  | Ақийда дарслари (241-дарс)

19:00 / 21.08.2023 4455 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:

ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ

«Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик», деган (Кавсар сураси, 1-оят).

«Кавсар» сўзи луғатда «кўп яхшилик», «жуда ҳам кўп яхшилик» маъносини англатади. Арабларда сон жиҳатидан, қадр-қиймат жиҳатидан ва аҳамияти жиҳатидан кўп бўлган нарсага «кавсар» дейилади.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади:

«Кавсар жаннатдаги дарё бўлиб, унинг икки қирғоғи олтиндан, ўзани дуру ёқутдан; тупроғи мискдан хушбўй, суви асалдан ширин, қордан оқдир. Ким ундан бир ичса, кейин абадий чанқамайди».

Имом Муслим ва имом Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса қуйидагилар айтилади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда турган эдилар, бир оз жим туриб қолдилар-да, сўнг табассум-ла бошларини кўтардилар.

«Нега куляпсиз, эй Аллоҳнинг Расули?» дедик.

«Менга ҳозиргина бир сура нозил қилинди», деб, «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Иннаа аътойнаакал-Кавсар» сурасини қироат қилдилар. Сўнгра:

«Кавсар нималигини биласизларми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», дедик.

«У Роббим азза ва жалла менга ваъда қилган наҳрдир. Унда кўп яхшилик бордир. У қиёмат куни умматим келиб, ҳузуримда сув ичадиган ҳовуздир. Унинг идишлари юлдузлар ададича. Улар ичидан бир банда суғуриб олинади. «У менинг умматимдан!» дейман. Шунда: «Бу сендан кейин нима қилганини билмайсан», дейилади».

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда айтилишича:

«Албатта, ҳар бир пайғамбарнинг ҳовузи бордир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузлари энг катта, энг ширин ва энг кўп одам келадиганидир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Менинг ҳовузимнинг миқдори Ийлаадан Яманнинг Санъоси қадардир. Унда осмондаги юлдузлар сонича идишлар бордир», деган ҳадислари ҳам Кавсар ҳавзаси мавжудлигига далолат қилади.

Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: بَيْنَا أَنَا أَسِيرُ فِي الْجَنَّةِ إِذَا أَنَا بِنَهَرٍ حَافَتَاهُ قِبَابُ الدُّرِّ الْمُجَوَّفِ، قُلْتُ: مَا هَذَا يَا جِبْرِيلُ؟ قَالَ: هَذَا الْكَوْثَرُ الَّذِي أَعْطَاكَ رَبُّكَ. فَإِذَا طِينُهُ أَوْ طِيبُهُ مِسْكٌ أَذْفَرُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен жаннатда юриб кетаётсам, бирдан олдимдан ҳовуз чиқиб қолди. Унинг икки томони ичи бўш дур қуббалардан.

«Эй Жаброил! Бу нима?» дедим.

«Бу Роббинг сенга берган Кавсардир», деди. Қарасам, унинг лойи холис мискдан экан», дедилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Ҳовуз тўғрисидаги ҳадислар жуда кўпдир. Уларни саҳобалардан ўттиздан ортиғи ривоят қилганлар. Шайх Имодуддин ибн Касир ўзининг «Ал-Бидоя ван-Ниҳоя» номли катта тарих китобида ҳаммасини санаб чиққан. Уламоларимиз: «Ҳовуз ҳақида келган ҳадислар мутавотир даражасига етган», дейдилар.

Ҳовузнинг сифатида келган ҳадислардан қуйидагилар фаҳмланади:

Албатта, у улкан бир ҳовуздир. Мўътабар сувхонадир. У сутдан оқ, қордан совуқ, асалдан ширин ва миски анбардан хушбўй бўлган Кавсар анҳоридан жаннат шаробини олади. У жуда ҳам кенгдир. Эни билан бўйи тенгдир. Тарафларидан ҳар бири бир ойлик йўлдир.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 22 июлдаги 03-07/5979-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу масала жуда нозик ва ўта хатарлидир. Айниқса, ҳозир, ақоид илми билимдонлари кам, уни излаганлар ундан ҳам кам, бўлганбўлмаган нарса учун кўпчиликни кофир ёки давоми...

2494 19:00 / 27.11.2023
Қадар, сўзи ўлчов маъносини англатади. Ислом ақийдасида эса Аллоҳ таоло азалда Ўз илми ва иродаси ила ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб қўйганига эътиқод қилишни давоми...

4945 16:00 / 03.05.2021
Абу Дарда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам .Аҳли дўзахга очлик ташланур. Бас, у улар чекиб турган азобга тенг бўлур. Бас, улар давоми...

5690 23:39 / 01.12.2016
бешинчи мақола .Ўзингиз экадиган нарсани ўйлаб кўринга Уни сиз ундирасизми ёки Биз ундирувчимизми, 6364оятлар. Инсон ва ҳайвон фойдаланадиган ўсимликни олиб давоми...

5318 21:00 / 01.03.2021
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021