Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (56-дарс). Иймон тушунчаси

10:48 / 21.10.2019 5703 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иймон – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқ қилишдир.

Шарҳ: Бу иймонни изҳор қилиш эътиборидан тасдиқлашдир. Чунки тасдиқлаш ички иш бўлиб, у беркилган бўлади. Фақат иқрор ёки тасдиққа далолат қилувчи ишлар билангина билинади. Аммо мавжудлик ва ҳақиқатга айланиш жиҳатидан эса иймон – дил билан тасдиқ қилишдир. Тил билан иқрор бўлиш, унинг аломати ва изҳоридир. Бас, муаллифнинг гапи бошқаларнинг гапига мухолиф бўлмайди.

Иймоннинг тасдиғи ҳақидаги мазҳаблар бештадир:

1. Молик, Шофеъий, Аҳмад, Авзоъий, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, бошқа аҳли ҳадислар, Мадина аҳли, аҳли зоҳир ва мутакаллимлардан бир жамоаси: «Иймон қалб ила тасдиқ қилиш, тил билан иқрор бўлиш ва аъзолар билан амал қилишдир», деганлар.

2. Бизнинг асҳобларимиздан кўплари Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳи зикр қилган нарсага: «Иймон тил билан иқрор бўлиш ва қалб билан тасдиқ қилишдир», деган фикрга иттифоқ қилганлар.

3. Абу Мансур Мотуридий ва Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳилар: «Тил билан иқрор бўлиш ортиқча рукндир, аслий эмас. Аслий рукн қалб билан тасдиқ қилишдир. Иқрор эса унга аломат ёки узрли бўлмаганлар учун шартдир», дейдилар.

4. Карромия мазҳабидагилар: «Иймон фақат тил билан иқрор бўлишдир», дейдилар.

Уларнинг наздида мунофиқлар ҳам комил мўмин ҳисобланадилар. Бу эса очиқ-ойдин фасоддир. Чунки Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида: «Улар мўмин эмаслар» ва «Ана ўшалар ҳидоятга залолатни сотиб олганлар», деган (Бақара сураси, 8 ва 16-оятлар).

5. Жаҳм ибн Сафвон, қадария мазҳаби раисларидан бири Абул Ҳасан Солиҳий: «Иймон қалб маърифатидир, бўйсунмаса ва таслим бўлмаса ҳам бўлаверади», деганлар. Бу гапнинг фасоди олдинги гапдан ҳам зоҳирроқдир. Агар бу гапга юрилса, фиръавн ва унинг қавми ҳам мўмин бўладилар. Чунки улар Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларнинг ҳақлигини билганлар, аммо иймон келтирмаганлар. Аҳли китоблар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ эканликларини ўз болаларини билгандек билганлар, аммо иймон келтирмаганлар. Кофир бўлганлар.

Билингки, Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи билан бошқа Аҳли сунна имомлари орасидаги ихтилоф суратда, холос. Улар гуноҳи кабира иймондан чиқармаслигида, балки уни қилган одам Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинишида, хоҳласа азоблайди, хоҳласа афв қилади, деган фикрда иттифоқ бўлиб туриб, «Қалбдаги иймон учун аъзоларининг амали лозимми ёки иймондан бир жузми?» деган масалада баҳслашганлар ва бу баҳс лафзий низодан бошқа нарса бўлмаган. Бу ерда ақийдага тегадиган нарса йўқ.

Агар бу масалада Аҳли сунна орасидаги низо фақат лафзий низо бўлса, уларнинг бир тоифаси иккинчисига душманлик қилишларига ва шу боис тафриқага тушишларига ҳеч ҳожат йўқ.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи далиллар келтириб, иймон ҳақиқатига луғавий жиҳатдан назар қилганлар. Бошқа имомлар раҳматуллоҳи алайҳим эса иймон ҳақиқатига шаръий таъриф жиҳатидан назар қилганлар. Чунки шариатда тасдиққа намоз, рўза, ҳаж ва шунга ўхшаш нарсалардаги каби васф ва шартлар қўшилган.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам .Менга умматлар кўрсатилди. Бас, бир набий ўта бошлади. У билан бирга бир уммат бор давоми...

7668 19:24 / 02.12.2016
Лавҳ ва қаламга, унга чизилган жамийки нарсага иймон келтирамиз. Шарҳ Лавҳдан мурод, Аллоҳ таоло халойиқнинг тақдирларини ёзган нарсадир. Қаламдан мурод, Аллоҳ давоми...

10424 23:32 / 02.12.2016
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан қирққа яқин киши бир қуббанинг ичида эдик. Шунда у зот.Аҳли жаннатнинг чораги давоми...

5061 21:45 / 01.12.2016
r . . Усмон розияллоҳу анҳунинг мавлоси Ҳониъдан ривоят қилинади .Усмон қачон қабр устига келса, йиғлар, ҳатто соқоллари ҳўл давоми...

5023 19:00 / 06.02.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021