Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (85-дарс). Жаннат ва дўзахнинг борлиги ва уларнинг йўқ бўлмаслиги

13:00 / 11.05.2020 6611 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жаннат ва дўзах – иккаласи халқ қилингандир. Улар абадийдир, йўқ бўлмаслар. Бас, Аллоҳ жаннат ва дўзахни халойиқдан олдин халқ қилгандир. Уларга аҳл бўладиганларни ҳам халқ қилгандир. Улардан кимни хоҳласа, У Зот фазли ила жаннатга, кимни хоҳласа, адли ила дўзахга юборади.

Жаннат ва дўзах ҳақиқатда бордир. Улар халқ қилингандирлар, ҳозир мавжуддирлар. Уларга ўз-ўзидан фонийлик келмас. Аллоҳ таоло уларни ҳалок ҳам қилмас. Икковлари абадулабад боқийдирлар. Чунки Аллоҳ таоло жаннат ва дўзахни халойиқдан олдин боқийлик учун яратгандир. Уларга кирадиган аҳлларини ҳам яратгандир. Аллоҳ таоло кимни жаннатга ҳидоят қилишни ирода қилса, бу Унинг фазлидандир. Кимни дўзахга бориш учун тарк қилиб қўйса, бу Унинг адлидандир.

Жаннатнинг махлуқлигига Қуръондан далиллар:

«У (жаннат) тақводорлар учун тайёрлангандир» (Оли Имрон сураси, 133-оят);

«У (жаннат) Аллоҳга ва Унинг набийларига иймон келтирганлар учун тайёрлангандир» (Ҳадид сураси, 21-оят);

«Ва жаннат тақводорларга узоқда қилинмасдан, яқин келтирилди» (Қоф сураси, 31-оят);

«Батаҳқиқ, Уни бошқа тушишда кўрди. Сидратул мунтаҳонинг олдида. Унинг олдида жаннатул маъво бордир» (Нажм сураси, 13–15-оятлар).

Суннатдан далиллар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сўнгра Жиброил мен билан юриб бориб, Сидратул мунтаҳога етди. Шунда уни мен билмаган ранглар ўраб олди. Сўнгра жаннатга кирдим, қарасам, унинг остонаси луълудан, тупроғи эса мискдан экан», деганлар (Бухорий ва Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган).

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиздан биронтангиз ўлган пайтида унга эртаю кеч жойи кўрсатилади. Агар аҳли жаннатдан бўлса – жаннатдан, аҳли дўзахдан бўлса – дўзахдан. Сўнгра «Аллоҳ қиёмат куни сени қайта тирилтиргунча жойинг шу», дейилади» (Бухорий ва Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган).

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Баро ибн Озибнинг ҳадисларида жумладан: «Бас, осмондан бир нидо қилувчи: «Бандам рост айтди. Унга жаннатдан жой тўшаб беринглар. Унга жаннатдан эшик очиб беринглар!» – деб нидо қилади. Ўшанда унга жаннатнинг хушбўй ҳидларидан келади», деганлар» (Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган).

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ушбу мақомимда сизга ваъда қилинган ҳар бир нарсани кўрдим. Ҳаттоки сиз менинг илгарилаганимни кўрганингизда, жаннатдан мева узиб олганимни кўрдим. Сиз менинг ортга тисланганимни кўрганингизда эса дўзахнинг баъзиси баъзисини парчалаётганини кўрдим», деганлар (Имом Муслим Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган).

Дўзахнинг махлуқ эканига Қуръондан далиллар:

«У(дўзах) кофирлар учун тайёрлангандир» (Бақара сураси, 24-оят);

«Албатта, жаҳаннам кузатувчи бўлгандир. Туғёнга кетувчиларга қайтар жойдир» (Набаъ сураси, 21-22-оятлар);

«Бас, Аллоҳ уни макрларининг ёмонликларидан сақлади ва оли Фиръавнни ёмон азоб ўраб олди. У ўт-оловдир. Унга эртаю кеч кўндаланг қилинурлар. Соат қоим бўлганида эса: «Оли Фиръавнни энг ашаддий азобга киритинглар», (дейилур)» (Ғофир сураси, 45-46-оятлар);

«Ва жаҳийм қиздирилган вақтда» (Таквир сураси, 12-оят).

Суннатдан далиллар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар мен кўрган нарсани кўрсангиз, албатта, оз кулар ва кўп йиғлар эдингиз», дедилар.

Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, нимани кўрдингиз?» дейишди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатни ва дўзахни кўрдим», дедилар» (Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўминнинг руҳи Аллоҳ уни қиёмат куни жасадига қайтаргунича, бир қуш бўлиб, жаннат дарахтларида қўниб туради», деганлар (Имом Молик «Муваттоъ»да ривоят қилган).

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло жаннатни ва дўзахни яратган пайтида Жаброилни жаннатга юборди...» деб туриб, ҳадиснинг охирида: «Сўнг уни дўзахга юборди. «Бор, унга назар сол. Унинг аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларимга назар сол», деди. Бас, назар солувди, қараса, унинг баъзиси баъзисининг устига чиқаётган экан», деганлар.

 «Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ақоид илмида .кавниёт, деганда борлиқдаги мавжудотлар кўзда тутилади. Мусулмон киши ўша нарсаларга нисбатан ҳам ўзига хос ақийдага эга бўлиши керак. Ўша давоми...

4953 19:00 / 25.07.2022
Қачон Қуръон ўқисанг, Аллоҳдан қувилган шайтондан паноҳ сўрагин.Яъни .Аввал .Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм,ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин,. давоми...

14471 20:59 / 13.03.2018
Моликий мазҳаби уламолари ИсмСанаИловаАбу Бакр Боқиллонийҳ. 403м. 1012Абулвалид Божийҳ. 474м. 1081Абу Бакр ибн Арабийҳ. 543м. 1148Абу Абдуллоҳ СакунийVII а. Туғ.Абу Бакр давоми...

3931 14:00 / 30.08.2021
Баъзи суфийларнинг ўзаро суҳбатларига қулоқ солсак, туш ҳақида кўп гапларни эшитамиз. Ҳатто, тушни кўпгина нарсаларга далил қилиб ҳам келтирилади. Туш ҳақида ўта давоми...

8444 19:23 / 02.12.2016
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021