Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Сирот кўприги жаннатий ва дўзахийга ажратиш учун хизмат қилади | Ақийда дарслари (238-дарс)

19:00 / 31.07.2023 6313 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мўмин-мусулмон киши қиёмат куни жаҳаннам устига «сирот» деб аталган кўприк қурилган бўлишига, ундан барча одамларни ўтишга амр қилинишига, кимдир ундан ўтиб, нажот топишига, кимдир ўта олмай, жаҳаннамга қулашига жазм ила иймон келтириши керак. Бу ҳақда ҳам етарли далиллар келган.

Аллоҳ таоло Ёсин сурасида:

ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ

«Агар хоҳласак, кўзларини теп-текис қилиб қўюрмиз. Бас, улар йўлга шошилурлар. Аммо қандай ҳам кўрсинлар?!» деган (66-оят).

Сирот ва ундан ўтиш ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Улардан баъзи бир намуналар билан танишамиз.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «وَيُضْرَبُ الصِّرَاطُ بَيْنَ ظَهْرَيْ جَهَنَّمَ، فَأَكُونُ أَنَا وَأُمَّتِي أَوَّلَ مَنْ يُجِيزُهَا، وَلَا يَتَكَلَّمُ يَوْمَئِذٍ إِلَّا الرُّسُلُ، وَدَعْوَى الرُّسُلِ يَوْمَئِذٍ: اللَّهُمَّ سَلِّمْ سَلِّمْ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сўнгра жаҳаннам устига кўприк қурилур. Расуллардан ўз уммати ила унинг устидан биринчи ўтган мен бўламан. Ўша кунда расуллардан ўзга ҳеч ким гапирмас. У кунда расулларнинг каломи «Эй Аллоҳим! Саломат қил! Саломат қил!» бўлур», дедилар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Сирот дўзах устига қурилган кўприк бўлиб, маҳшарда туриш тамом бўлганидан кейин одамларга ўша кўприкдан ўтиш амр қилинади. Бу ҳам қиёмат кунининг энг оғир паллаларидан бири бўлади. У пайтда пайғамбарлар ҳам «Эй Аллоҳим! Саломат қил! Саломат қил!»дан бошқани айта олмайди.

Бошқа бир ҳадиси шарифда:

«Бас, мўминлар худди кўз юмиб-очгунча, чақмоқдек, шамолдек, қушдек, чопқир отлардек ва туялардек ўтиб кетурлар. Бас, нажот топувчи мусулмон тирналган ва жаҳаннам оловига қулаган бўлур», деган иборалар келади.

Демак, сирот одамларни жаннатий ва дўзахийга ажратиш учун хизмат қилади. Ундан ўтиб кетганлар жаннатга тушади. Ўта олмай йиқилганлар жаҳаннамга қулайди.

Бундан одамлар бу дунёдаги иймонлари ва ибодатлари ҳамда солиҳ амаллари кучига қараб сиротдан турли тезликда ўтишлари билиб олинади. Шу билан бирга, жаҳаннамга йиқиладиганлар ҳам бор.

عَنِ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «شِعَارُ الْمُؤْمِنِ عَلَى الصِّرَاطِ رَبِّ سَلِّمْ سَلِّمْ».

Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўминнинг сирот устидаги шиори «Роббим! Саломат қил! Саломат қил!»дир», дедилар».

Аллоҳ таоло қиёматда ушбу шиорни айтиб, сиротдан энг катта тезликда ўтиб кетишимизни муяссар қилсин.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 22 июлдаги 03-07/5979-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Шафоатнинг биринчи тури улуғ шафоат бўлиб, у Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биродарлари бўлмиш барча набий ва расул алайҳиссаломлар ичидан у зотнинг давоми...

6880 14:06 / 13.07.2020
Бу мавзу қазои қадар ва банданинг амали мавзуига узвий боғлиқдир. Қадария ва мўътазилаларга ўхшаб банда ўз амалини ўзи халқ қилади, Аллоҳ таолонинг бу ишга дахли давоми...

7141 23:19 / 02.12.2016
Мавзуга киришБисмиллоҳир раҳмонир раҳийм.Бизларга ислом динини мукаммал ва саодатга элтувчи дин қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин Шаръийақидавий давоми...

10027 21:14 / 01.12.2016
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида айтади .Сен .Ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин,, дегин, 29оят. Яъни .Эй давоми...

5274 13:30 / 15.04.2019
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021