Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (64-дарс). Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоятга бошлар

17:05 / 16.12.2019 6050 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Зот Ўз фазли ила хоҳлаган кимсани ҳидоят қилади, муҳофаза қилади ва афв қилади. Ҳамда Ўз адолати ила хоҳлаган кимсани залолатга кетказади, ёрдамсиз ташлаб қўяди ва синовга дучор қилади.

Яъни Аллоҳ таоло кимни тўғри йўлга ҳидоят қилса, албатта Ўз хоҳиши ва фазли ила ҳидоят қилади. Шунингдек, кимни гуноҳлардан муҳофаза қилса, ўз хоҳиши ва фазли ила муҳофаза қилади. Кимнинг гуноҳларини афв қилса, Ўз хоҳиши ва фазли ила афв қилади. Ҳидоят, муҳофаза ва афв У Зотга лозим бўлгани учун эмас. Мўътазилийлар эса: «Энг салоҳиятли нарсани қилиш Аллоҳга вожибдир», дейдилар.

Шунингдек, Аллоҳ таоло кимни залолатга кетказса, ёрдамсиз ташлаб қўйса ва синовга дучор қилса, адолати ила қилади. Энг салоҳиятли нарсани тарк қилгани учун эмас. Бандага зулм қилгани учун эмас. Ёки ушбу ҳолатларни бандада яратиб қўйиб, у гуноҳларни қилганидан сўнг унга «залолатга кетувчи», «ёрдамсиз қолувчи» ва «синалувчи» деган исмларни бергани ҳам йўқ.

Далиллар:

«Албатта, сен ўзинг яхши кўрган одамингни ҳидоятга бошлай олмайсан. Лекин Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоятга бошлар» (Қосос сураси, 56-оят).

Агар ҳидоят фақат йўлни баён қилишдан иборат бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳидоят қилиш рад этилмаган бўлар эди;

«Агар хоҳлаганимизда, албатта, ҳар бир жонга ўз ҳидоятини берган бўлар эдик» (Сажда сураси, 13-оят);

«Агар Роббим неъмати бўлмаганида, мен ҳам (дўзахга) ҳозир қилинганлардан бўлар эдим» (Соффаат сураси, 57-оят);

«Аллоҳ кимни хоҳласа, адаштирар ва кимни хоҳласа, тўғри йўлда барқарор қилиб қўядир» (Анъом сураси, 39-оят).

— Уларнинг барчаси У Зотнинг хоҳишида ва фазли ҳамда адолати орасида айланурлар.

Яъни халойиқнинг барчаси Аллоҳ таолонинг хоҳиши доирасида: баъзиларига нисбатан У Зотнинг ҳидояти, муҳофазаси ва афви бўлиб, бошқаларига нисбатан эса У Зотнинг залолатга кетказиши, ёрдамсиз ташлаб қўйиши ва синови бўлиб, улар У Зотнинг фазли ва адолати орасида ҳаёт кечирадилар, яшайдилар.

Далил:

«У сизларни яратган Зотдир. Бас, баъзиларингиз кофир ва баъзиларингиз мўминдир. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўриб турувчидир» (Тағобун сураси, 2-оят).

Бас, Аллоҳ кимни иймонга ҳидоят қилса, Ўз фазли ила қилур. Унга ҳамдлар бўлсин. Аллоҳ кимни залолатга кетказса, адли ила кетказур. Унга ҳамдлар бўлсин.

— У Зот зидлардан ва тенгдошлардан олийдир.

Шарҳ: Аллоҳга зид бўлиб, Унга мухолифлик қилувчи ва тенгдоши бўлиб, ўхшаш бўлувчи йўқ. Аввал таъкидланганидек, У Зот нимани хоҳласа, бўлади. Нимани хоҳламаса, бўлмайди.

Далиллар:

«Билиб туриб, Аллоҳга тенгдошлар қилманглар» (Бақара сураси, 22-оят);

«Унга ҳеч ким тенг бўлган эмас» (Ихлос сураси, 4-оят).

Ушбу ақийдада мўътазилийларнинг, «Банда ўз ишини ўзи яратади», деган даъволарига раддия бор. Чунки банда Аллоҳ таолога мухолиф бўлса, Унга зид бўлади. Агар мувофиқ бўлса, Унга ўхшаш бўлади. Аллоҳ таоло уларнинг гапларидан юқоридир.

— У Зотнинг қазосини рад қилувчи, ҳукмини ортга сурувчи ва амридан ғолиб келувчи йўқ.

Яъни Аллоҳ таолонинг қазосини ҳеч бир рад қилувчи рад эта олмас. Аллоҳнинг ҳукмини ҳеч бир ортга сурувчи ортга сура олмас. Аллоҳнинг амрига ҳеч бир ғолиб келувчи ғолиб кела олмас. Зеро, У Зотнинг Ўзи ғолибдир. У Зот яккаю ягонадир, Қаҳҳордир. Хоҳлаганича ҳукм қиладир.

Далиллар:

«Аллоҳ одамларга не раҳматни очса, бас, уни тутиб қолувчи бўлмас. У Зот тутиб қолган нарсани Ундан кейин қўйиб юборувчи бўлмас» (Фотир сураси, 2-оят);

«У сизларни лойдан яратган, сўнгра муддатни тугал қилган Зотдир. Белгиланган муддат эса Унинг ҳузуридадир. Шундан кейин ҳам сиз шак қилмоқдасиз» (Анъом сураси, 2-оят);

«Ҳукмни Аллоҳ қиладир. Унинг ҳукмини таъқиб қилгувчи йўқ. У ҳисоби тез Зотдир» (Раъд сураси, 41-оят);

«Албатта, Аллоҳ амрини етказувчидир. Батаҳқиқ, Аллоҳ ҳар бир нарса учун қадар (ўлчов) қилгандир» (Талоқ сураси, 3-оят).

— Ушбуларнинг барчасига иймон келтирдик ва албатта, барчаси Унинг ҳузуридан деб, қаттиқ ишондик.

Яъни юқорида зикр қилинган нарсаларнинг барчасига иймон келтирдик. Борлиқдаги ҳар бир нарса Аллоҳнинг ҳузуридан, Унинг қазои қадари, иродаси, хоҳиши ва вужудга келтириши ила пайдо бўлган, деб қаттиқ ишондик.

Далил: «Ҳаммаси Аллоҳнинг ҳузуридандир» (Нисо сураси, 78-оят).

 

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Албатта, тақводорлар жаннатлар ва чашмалардадир. Уларга тинчлик, омонлик ила киринглар,, дейилур. Уларнинг дилларидаги ғиллиғиштларни чиқариб давоми...

7118 21:51 / 01.12.2016
Араб тилидаги .калом, лафзи .сўз,, .гап,, .жумла, каби маъноларни англатади. .Илми калом, ақоид илмининг энг машҳур номидир. Бу ном, аввал ҳам айтилганидек, ҳижрий давоми...

10856 10:20 / 08.10.2018
биринчи мақола Қўлёзмаларга илм манбаси сифатида қарашда ҳам мусулмонларга тенг келадигани йўқ. Ҳар бир қўлёзма қачон, ким тарафидан ва қаерда ёзилгани аниқ давоми...

4564 13:01 / 02.11.2020
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РАҲИЙМКуйида Ислом миллати олимлари бўлмиш Абу Ханифа Нуъмон ибн Собит АлКуфий, Абу Юсуф Яъкуб ибн Иброҳим АлАнсорий ва Абу Абдуллоҳ давоми...

13071 17:01 / 01.12.2016
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021