Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (55-дарс). Ислом беш нарсага бино қилинди

16:40 / 14.10.2019 5934 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломнинг рукнлари бешта экани ҳаммага маълум ва машҳур. Мазкур беш нарса рукн эканига далиллардан бири қуйидаги ҳадиси шарифдир.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «بُنِيَ الْإِسْلَامُ عَلَى خَمْسٍ؛ شَهَادَةِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَإِقَامِ الصَّلَاةِ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَالْحَجِّ، وَصَوْمِ رَمَضَانَ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ислом беш нарсага бино қилингандир: «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар».

Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам истиъора ишлатиб баён қилмоқдалар, яъни у зот Ислом динини бир бинога ўхшатмоқдалар. «Бино қилинди», деб бино қилувчини мажҳул қолдирмоқдалар. Чунки арабларда ишнинг бажарувчиси жуда аниқ ва равшан бўлса, шундай услуб ишлатилади.

Исломнинг бино қилувчиси Аллоҳ таоло бўлиб, бу маълум ва машҳур эканидан, «Ислом бино қилинди», дейилмоқда. Лекин бу ҳадисда тўлиқ, мукаммал бино ҳақида эмас, бинонинг асосини ташкил қилувчи беш рукн ҳақида сўз кетмоқда.

Шунинг учун ҳам:

«Ислом беш нарсага бино қилинди», дейилмоқда. Демак, Ислом биносининг қаддини кўтариб турадиган асосий рукнлар ушбу ҳадисда зикр қилинаётган беш нарсадир:

1. Аллоҳ таолонинг ибодатга сазовор ягона Зотлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳнинг Расули эканлиги ҳақида шаҳодат бериш.

2. Фарз қилинган беш вақт намозни ўз вақтида тўла-тўкис адо этиш.

3. Моли нисобга етса, закотини бериш.

4. Қодир бўлганда, Байтуллоҳни ҳаж қилиш.

5. Рамазон ойи рўзасини тутиш.

(Мана шуларнинг ҳаммасини самимий, холис Аллоҳ учун, сидқидилдан, муҳаббат ила бажариш тасаввуфдир.)

Мазкур нарсалар Ислом биносининг асосий рукнлари бўлгани учун, Ислом ўша беш нарсага бино қилинган, дедик. Аммо бу, Ислом фақат беш нарсадан иборат, дегани эмас. Улар асос ва устундир. Ҳар бир бинонинг асоси ва устуни унинг ўзагини ташкил қилганидек, бу беш нарса ҳам Исломнинг ўзагини ташкил қилади. Бино мукаммал бўлиши учун асос устига, устун атрофига девор уриш, шифт қилиш ва бошқа зарур ишларни бажариш лозим бўлади. Исломнинг бошқа фарз ва вожиблари ҳам шунга ўхшайди.

«Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ» иймон рукнининг ўзаги бўлса, фаришталарга, набийларга, илоҳий китобларга, яхшию ёмон қадар Аллоҳдан эканлигига ва бошқа лозим бўлган нарсаларга иймон келтириш унга тобе бўлади.

«Намоз» амалий, баданий, жисмоний, руҳий ибодатларнинг рукнидир. Бошқа шунга ўхшаш ибодатлар эса унга тобе бўлади.

«Закот» молиявий ибодатларнинг рукнидир. Бошқа молиявий ибодатлар унга тобеъ бўлади.

«Ҳаж» ҳам молиявий, ҳам жисмоний ибодатларнинг рукнидир. Бошқа молиявий-жисмоний ибодатлар унга тобеъ бўлади.

«Рўза» тарк қилиш (ўзини тийиш) ибодатлари рукнидир. Бошқа ўзини тийиш ибодатлари унга тобе бўлади.

Буларнинг ҳаммаси қўшилганда Ислом биноси мукаммал бўлади.

Ҳадиснинг зоҳиридан инсон ушбу беш нарсасиз мусулмон бўла олмаслиги кўриниб турибди. Улардан бирортасини инкор қилган одамнинг кофир бўлишига ҳамма иттифоқ қилган.

Ушбу беш рукн фарзи айнлардир, яъни ҳар бир шахсга алоҳида, бевосита фарздир. Мусулмонман, деган одам бу ибодатларни шахсан ўзи адо қилиши фарз. Бу ибодатларни биров адо қилса, бошқадан соқит бўлмайди.

Энди мазкур беш рукн ҳақида ақийда илми аҳкомларига алоҳида тўхталиб ўтайлик.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва ҳар бир киши ўзи учун осон нарсани қилади ва ўзи учун халқ қилинган нарсага юзланади. Шарҳ Ҳар бир киши ndash мўмин ҳам, кофир ҳам ўзи учун осон бўлган нарсани давоми...

5525 13:30 / 22.04.2019
Шафоат Қуръони Карим ва ҳадиси шариф ила собит бўлган ёрқин ҳақиқатдир. У ақлан жоиз ва шаръан вожиб нарсадир. Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби шунга иттифоқ қилгандир. давоми...

4786 19:00 / 14.08.2023
Ийсо алайҳиссаломнинг ер юзига қайта тушишлари қиёмат қоим бўлишидан олдин содир бўладиган энг улкан аломатлардан биридир. Бу ҳақда Қуръони Карим оятларида ҳам, давоми...

5030 19:00 / 10.04.2023
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳининг сифатлардаги мазҳабиўтган саҳобалар, табаъ тобеъинлар жумҳурининг мазҳабидир. Қисқасини айтганда, бу асрнинг энг яхшисининг давоми...

5716 23:48 / 02.12.2016
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021