Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (45-дарс). Иймоннинг асли тасдиқдан иборат

15:00 / 06.08.2019 5897 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг таъкидлашича, амал иймондан эмас. Иймон зиёда ҳам, нуқсон ҳам бўлмайди. Чунки иймоннинг асли тасдиқдан иборатдир.

«Ал-Интиқо» номли китобда Абу Муқотилдан қуйидагилар ривоят қилинган:

«Абу Ҳанийфанинг қуйидагиларни айтганини эшитдим:

«Бизнинг наздимизда, одамлар уч манзилдадирлар. Анбиёлар аҳли жаннатдирлар. Анбиёлар кимни аҳли жаннат десалар, ўша ҳам аҳли жаннатдир. Бошқа манзил мушрикларники бўлиб, улар дўзах аҳлидир. Учинчи манзила мўминларники бўлиб, улар ҳақида тўхтаб турамиз. Улардан бирортасини аҳли жаннат ҳам демаймиз, аҳли дўзах ҳам демаймиз. Лекин улар ҳақида умидворлик ва хавфда бўламиз. Худди Аллоҳ таоло айтганидек: «Солиҳ амалга бошқа – ёмонини аралаштирдилар. Шояд, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса», деймиз. Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи уларнинг орасида ҳукм чиқаради. Биз улар ҳақида умидвор бўламиз, холос. Чунки Аллоҳ азза ва жалла: «Албатта, Аллоҳ Унга ширк келтирмоқни маъфират қилмас. Ундан бошқасида кимни хоҳласа, маъфират қилур», деган. Гуноҳлари ва хатолари туфайли улар ҳақида хавфда бўламиз».

Бу, мусулмонлар жумҳурининг эътиқодидир. Худди шу фикрни Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи «Ал-Фиқҳул Акбар»да ҳам зикр қилганлар. Аммо у кишига зулм ўлароқ баъзи ғаразгўйлар «Абу Ҳанийфа Муржиъа мазҳабида бўлган» деган гапни айтганлар. Бу гап улуғ имомга туҳматлигига бир неча далиллар бор:

1. Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг ўзлари «Ал-Фиқҳул Акбар»да: «Муржиъаларга ўхшаб, яхшиликларимиз мақбулдир, ёмонликларимиз мағфурдир, демаймиз», деган жумлани келтирганлар.

2. Муржиъа мазҳабида бўлган Ғассон номли киши ўз фикрларини айтиб туриб, ёлғондан: «Буларни Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳидан эшитганман, у ҳам Муржиъа мазҳабида эди», дер ва шу тарийқа ўз обрўсини орттирмоқчи бўлар эди.

3. Мўътазилийлар қадар масаласида ўзларига хилоф қилган ҳар бир шахсни «муржиъа» деб атар эдилар. Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи уларга қарши чиққанларнинг катталаридан эдилар.

4. Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи «Амал иймоннинг аслидан эмас» деганлари учун ҳам баъзи мухолифлар у кишига муржиъалик нисбати берган бўлиши мумкин. Аслида эса ундоқ эмас.

5. Ибн Абдулбарр айтганидек, Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг ҳасадгўйлари кўп эди. Улар у киши ҳақида турли бўлмағур гапларни тарқатар эдилар. Муржиъа ҳақидаги гаплар ҳам ўша ҳасадлар жумласидан бўлиши мумкин.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жиноятчилар сиймоларидан билиниб турар. Ва уларнинг пешона сочлари ва оёқларидан тутилур.Демак, гуноҳкорлар қиёматдаги халойиқнинг ичида белгили бўлиб туришади. давоми...

6453 20:08 / 26.03.2018
Ўша даврда ботинийлар ҳам ўз фикр ва таълимотлари ила кўпчиликнинг эътиборини қозонган эди. Хусусан, ёшлар ва толиби илмлар ботиний таълимот ва гапларга кўп давоми...

6621 15:04 / 30.09.2019
.Халафлар, дейилганда, .кейин келганлар, деган маънони англанади. Халаф уламоларининг Аллоҳ таолонинг сифатлари бўйича қилган асосий ишлари, турлича тушуниш давоми...

4610 15:48 / 29.03.2021
. Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ҳудайбия куни ўн тўрт юзта эдик. Ҳудайбия бир қудуқдир. Биз унинг сувини тортиб олдик. Ҳатто давоми...

5355 19:00 / 11.04.2022
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021