Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (153-дарс). Дўзахга кирмай қолиш амал туфайлидир

17:00 / 11.10.2021 4652 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзи мўмин бандалардан дўзахга мубтало қиладиган амаллар содир бўлса-ю, у кейин бошқа керакли амалларни қилса, дўзахга кирмай қолиши мумкин. Маълум гуноҳларни қилган одамнинг дўзахга кирмай қолишига сабаб бўладиган амалларни уламоларимиз учга бўлганлар.

1. Тавба.

Аллоҳ таоло Зумар сурасида:

قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

وَأَنِيبُوا إِلَى رَبِّكُمْ وَأَسْلِمُوا لَهُ مِن قَبْلِ أَن يَأْتِيَكُمُ الْعَذَابُ ثُمَّ لَا تُنصَرُونَ

«(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. Сизга азоб келишидан олдин Роббингизга қайтинг ва Унга мусулмон бўлинг. Сўнгра сизга ёрдам берилмас», деган (53-54-оятлар).

Аллоҳ таоло Марям сурасида:

فَخَلَفَ مِن بَعْدِهِمْ خَلْفٌ أَضَاعُوا الصَّلَاةَ وَاتَّبَعُوا الشَّهَوَاتِ فَسَوْفَ يَلْقَوْنَ غَيًّا

إِلَّا مَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا فَأُوْلَئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ وَلَا يُظْلَمُونَ شَيْئًا

 «Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда ёмонликка йўлиқурлар. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, амали солиҳ қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар ва ҳеч зулм қилинмаслар», деган (59-60-оятлар).

Аллоҳ таоло Фурқон сурасида:

وَالَّذِينَ لَا يَدْعُونَ مَعَ اللَّهِ إِلَهًا آخَرَ وَلَا يَقْتُلُونَ النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ وَلَا يَزْنُونَ وَمَن يَفْعَلْ ذَلِكَ يَلْقَ أَثَامًا

يُضَاعَفْ لَهُ الْعَذَابُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَيَخْلُدْ فِيهِ مُهَانًا

إِلَّا مَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ عَمَلًا صَالِحًا فَأُوْلَئِكَ يُبَدِّلُ اللَّهُ سَيِّئَاتِهِمْ حَسَنَاتٍ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَّحِيمًا

«Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у(азоб)да хор бўлиб, мангу қолур. Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», деган (68-70-оятлар).

2. Яхши амаллар.

Маълум гуноҳларни қилган мўмин одамнинг дўзахга кирмай қолишига сабаб бўладиган амаллар тоифасига ҳасанот – яхши амаллар ҳам киради.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида:

وَأَقِمِ الصَّلاَةَ طَرَفَيِ النَّهَارِ وَزُلَفًا مِّنَ اللَّيْلِ إِنَّ الْحَسَنَاتِ يُذْهِبْنَ السَّيِّئَاتِ ذَلِكَ ذِكْرَى لِلذَّاكِرِينَ

«Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади», деган (114-оят).

Мўмин киши томонидан қилинган ҳар бир яхши иш ёмонликларни кетказади ва ўз эгасининг дўзахга киришдан сақланишига сабаб бўлиши мумкин.

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُاللهِ صلى الله عليه وسلم: «اتَّقِ اللهِ حَيْثُمَا كُنْتَ، وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا، وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

3. Мусибатлар.

Маълум гуноҳларни қилган мўмин одамнинг дўзахга кирмай қолишига унга бу дунёда етган мусибатлар ҳам сабаб бўлади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَا يُصِيبُ الْمُسْلِمَ مِنْ نَصَبٍ، وَلَا وَصَبٍ، وَلَا هَمٍّ، وَلَا حَزَنٍ، وَلَا أَذًى، وَلَا غَمٍّ حَتَّى الشَّوْكَةِ يُشَاكُهَا إِلَّا كَفَّرَ اللهُ بِهَا مِنْ خَطَايَاهُ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки, тикан киришими, етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур», дедилар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: دَخَلْتُ عَلَى رَسُولِاللهِr قَالَ: «مَا مِنْ مُسْلِمٍ يُصِيبُهُ أَذًى شَوْكَةٌ فَمَا فَوْقَهَا إِلَّا كَفَّرَ اللهُ بِهَا سَيِّئَاتِهِ كَمَا تَحُطُّ الشَّجَرَةُ وَرَقَهَا». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бир мусулмонга бирор мусибат етса, бирор тикан кирса ҳам, албатта, Аллоҳ унинг сабабидан ўша банданинг ёмонликларини худди дарахт ўз баргларини тўкканидек тўкадир», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрландиa

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кафолат сўзи одамлар ўртасидаги савдосотиқ ва умумий тижоратларида қаттиқ эътибор ва катта аҳамият қозонган. Кафолатланган молмулк ва суғуртаси бор товарлар давоми...

7864 16:58 / 16.08.2017
Юқоридаги сатрларда Ашъарий ва Мотуридий ақийда мадрасаларининг тарихи, моҳияти ва бу хусусда уламоларнинг фикрларини ўрганиб ўтдик. Энди эса айнан ушбу давоми...

3337 14:00 / 24.08.2021
Калом масаласида айтилган гаплар ўнтага етади. Уларнинг ҳаммасини зикр қилиб, гапни чўзиб ўтирмаймиз. Фақат Аҳли сунна вал жамоанинг ақийдасини зикр қилиш ила давоми...

7276 11:00 / 18.03.2019
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Саҳобаларим ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар Аллоҳдан қўрқинглар давоми...

5179 23:07 / 02.12.2016
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021