Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (197-дарс) Фаришталарнинг сифатлари (иккинчи мақола)

19:00 / 24.08.2022 4840 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

5. Аллоҳ таоло Фотир сурасида:

الْحَمْدُ لِلَّهِ فَاطِرِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ جَاعِلِ الْمَلَائِكَةِ رُسُلًا أُولِي أَجْنِحَةٍ مَّثْنَى وَثُلَاثَ وَرُبَاعَ يَزِيدُ فِي الْخَلْقِ مَا يَشَاء إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
 

«Осмонлару ерни йўқдан бор қилган, фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. (У Зот) махлуқотларда нимани хоҳласа, зиёда қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир», деган (1-оят).

Дунёдаги барча ҳамду сано, мақтов-олқиш

«...фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга» хосдир, муносибдир.

Фаришталар Аллоҳ яратган ўзига хос зотлардир. Бошқа оятларда уларнинг табиатлари, адо этадиган вазифалари ва бошқа хусусиятлари ҳақида сўз юритилган. Бу оятда улар жисмоний тузилишларининг бир қисми, яъни икки, уч, тўрт қанотли бўлишлари ҳақида сўз бормоқда. Биз «қанотли махлуқот» деганда қушларни тушунамиз. Уларда иккита қанот бўлади. Аммо фаришталар ичида иккитадан кўп қанотлилари ҳам бўлар экан. Лекин фаришталарнинг асл тузилишларини Аллоҳнинг Ўзи билади.

Аллоҳ таоло билан бандалари ўртасида элчилик вазифасини ўтаган Жаброил алайҳиссалом ваҳий келтириб турган. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга турли ҳолатларда кўринган.

Саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинишича, Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломни асл хилқатларида икки марта кўрганлар.

Биринчи марта Ҳиро ғоридан тушиб келаётиб, водийда қанотлари билан осмонни тўсиб турганида кўрганлар.

Иккинчи марта Исро кечасида кўрганлар. Ўшанда олти юзта қаноти борлиги, ҳар бир қаноти мағриб билан машриққа етиши айтилган. Бундан фаришталар фақат икки, уч, тўрт қанотли эмас, ундан кўп қанотли ҳам бўлишлари келиб чиқади. Оятда қанотлар сони чегараланаётгани йўқ, балки уларнинг кўп бўлиши айтиляпти. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида:

«(У Зот) махлуқотларда нимани хоҳласа, зиёда қилур», дейилмоқда.

6. Аллоҳ таоло Марям сурасида:

وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ مَرْيَمَ إِذِ انتَبَذَتْ مِنْ أَهْلِهَا مَكَانًا شَرْقِيًّا
فَاتَّخَذَتْ مِن دُونِهِمْ حِجَابًا فَأَرْسَلْنَا إِلَيْهَا رُوحَنَا فَتَمَثَّلَ لَهَا بَشَرًا سَوِيًّا
 

«Китобда Марямни эсла. У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанида ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганида унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди», деган (16-17-оятлар).

Яъни «Эй Муҳаммад, бу китобда (Қуръонда) Марямни эсла. Унинг ғаройиб қиссасини зикр эт».

Қисса қуйидагича:
«У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанида ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганида...»

Байтул Мақдисда яшаётган озода, бокира, тақводор қиз Марям қавмидан ажралиб, шаҳарнинг шарқий томонига ёлғиз чиқди. Нимага чиққанини Аллоҳ билади. Эҳтимол, бўйи етган қизларга хос, биров сезиши мумкин бўлмаган сирли иши бордир. Хуллас, ўша ерга чиқиб, ўзи ва қавми орасида тўсиқ олди. Қавмидан ҳеч ким Марямни кўрмайдиган бўлди. У холи ва ёлғиз қолди. Шунда «унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди».

Яъни фаришта Жаброил алайҳиссалом Марямга тўла-тўкис одам сиймосида намоён бўлди. Аллоҳ уни яратган асл ҳолатида кўринмади. Чунки бус-бутун ҳолида кўринса, Марям буткул даҳшатга тушиши мумкин эди.

Демак, фаришта турли инсонлар шаклига кириб кўриниши мумкин экан.

Жаброил алайҳиссалом одам шаклида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келганларида, асосан Диҳятул Калбий исмли саҳобийнинг суратларида келганлар.

Аммо баъзи ҳадисларда ҳеч ким танимайдиган одам шаклида келганлари ҳам ривоят қилинган.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намоз араб тилида .салот, дейилиб, луғатда .яхшиликка дуо, маъносини англатади. Шариатда эса намоз деб такбир ила бошланиб, салом бериш ила тугайдиган, махсус давоми...

8192 16:30 / 13.01.2020
Таквийн сифрида ҳозирги замон илмига нисбатан энг кўп қарамақаршиликлар тўпланган. Биз улардан учтасини айтиб ўтамиз. 1. Оламнинг яратилиши ва унинг давоми...

4585 19:00 / 04.07.2022
Иймон Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, набийларига, охират кунига, қадарнинг яхшиёмони, шириначчиғи Аллоҳ таолодан эканлигига бўлади. Шарҳ Бу ерда давоми...

6764 18:06 / 28.10.2019
иккинчи мақола Одамни Аллоҳ таоло тупроқдан яратганлиги ва сўнгра унга Ўз руҳидан жон пуфлаганлиги ҳақидаги ҳақиқатни ақлнинг мушоҳадаси йўли билан ҳам давоми...

5538 13:00 / 30.11.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021