Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ҳавз  | Ақийда дарслари (241-дарс)

19:00 / 21.08.2023 4522 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:

ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ

«Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик», деган (Кавсар сураси, 1-оят).

«Кавсар» сўзи луғатда «кўп яхшилик», «жуда ҳам кўп яхшилик» маъносини англатади. Арабларда сон жиҳатидан, қадр-қиймат жиҳатидан ва аҳамияти жиҳатидан кўп бўлган нарсага «кавсар» дейилади.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади:

«Кавсар жаннатдаги дарё бўлиб, унинг икки қирғоғи олтиндан, ўзани дуру ёқутдан; тупроғи мискдан хушбўй, суви асалдан ширин, қордан оқдир. Ким ундан бир ичса, кейин абадий чанқамайди».

Имом Муслим ва имом Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса қуйидагилар айтилади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда турган эдилар, бир оз жим туриб қолдилар-да, сўнг табассум-ла бошларини кўтардилар.

«Нега куляпсиз, эй Аллоҳнинг Расули?» дедик.

«Менга ҳозиргина бир сура нозил қилинди», деб, «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Иннаа аътойнаакал-Кавсар» сурасини қироат қилдилар. Сўнгра:

«Кавсар нималигини биласизларми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», дедик.

«У Роббим азза ва жалла менга ваъда қилган наҳрдир. Унда кўп яхшилик бордир. У қиёмат куни умматим келиб, ҳузуримда сув ичадиган ҳовуздир. Унинг идишлари юлдузлар ададича. Улар ичидан бир банда суғуриб олинади. «У менинг умматимдан!» дейман. Шунда: «Бу сендан кейин нима қилганини билмайсан», дейилади».

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда айтилишича:

«Албатта, ҳар бир пайғамбарнинг ҳовузи бордир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузлари энг катта, энг ширин ва энг кўп одам келадиганидир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Менинг ҳовузимнинг миқдори Ийлаадан Яманнинг Санъоси қадардир. Унда осмондаги юлдузлар сонича идишлар бордир», деган ҳадислари ҳам Кавсар ҳавзаси мавжудлигига далолат қилади.

Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: بَيْنَا أَنَا أَسِيرُ فِي الْجَنَّةِ إِذَا أَنَا بِنَهَرٍ حَافَتَاهُ قِبَابُ الدُّرِّ الْمُجَوَّفِ، قُلْتُ: مَا هَذَا يَا جِبْرِيلُ؟ قَالَ: هَذَا الْكَوْثَرُ الَّذِي أَعْطَاكَ رَبُّكَ. فَإِذَا طِينُهُ أَوْ طِيبُهُ مِسْكٌ أَذْفَرُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен жаннатда юриб кетаётсам, бирдан олдимдан ҳовуз чиқиб қолди. Унинг икки томони ичи бўш дур қуббалардан.

«Эй Жаброил! Бу нима?» дедим.

«Бу Роббинг сенга берган Кавсардир», деди. Қарасам, унинг лойи холис мискдан экан», дедилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Ҳовуз тўғрисидаги ҳадислар жуда кўпдир. Уларни саҳобалардан ўттиздан ортиғи ривоят қилганлар. Шайх Имодуддин ибн Касир ўзининг «Ал-Бидоя ван-Ниҳоя» номли катта тарих китобида ҳаммасини санаб чиққан. Уламоларимиз: «Ҳовуз ҳақида келган ҳадислар мутавотир даражасига етган», дейдилар.

Ҳовузнинг сифатида келган ҳадислардан қуйидагилар фаҳмланади:

Албатта, у улкан бир ҳовуздир. Мўътабар сувхонадир. У сутдан оқ, қордан совуқ, асалдан ширин ва миски анбардан хушбўй бўлган Кавсар анҳоридан жаннат шаробини олади. У жуда ҳам кенгдир. Эни билан бўйи тенгдир. Тарафларидан ҳар бири бир ойлик йўлдир.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 22 июлдаги 03-07/5979-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
islom.uz middot 010 Илм нима Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, ақийда ўта ишончли илмга асосланган бўлиши керак. Хурофот, хаёл, илҳом, оддий шаклдаги илм билан исломий ақийда давоми...

8622 13:02 / 21.09.2020
937. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам«Бирортангиз ўзига етган зарар туфайли ўлимни орзу қилмасин. Агар ўлим тилашдан давоми...

8511 17:45 / 13.07.2017
Ана энди навбатдаги мавзу ndash қазо ва қадарга тегишли жараён бошланади. .Ва тўрт калима ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади,. Кимга давоми...

5881 14:00 / 31.05.2021
биринчи мақола Аҳли жаннат учун Аллоҳни кўриш ҳақдир. У кўриш иҳотасиз ва кайфиятсиздир. Худди Роббимиз Китоби нутқ қилганидекдир .У Кунда яшнар юзлар бор ndash давоми...

9422 13:10 / 25.05.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021