Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (129-дарс). Чақимчилик офати

15:00 / 27.03.2021 5112 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Чақимчилик араб тилида «намийма» дейилиб, луғатда бир нарсани зоҳир қилишни билдиради.

Уламолар чақимчиликни қуйидагича таърифлаганлар:

Имом Нававий: «Чақимчилик бузғунчилик йўли билан одамларнинг гапини бир-бирига етказишдир», деган.

Чақимчилик Қуръони Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида қораланган ёмон хислатлардан биридир.

Аллоҳ таоло:

وَلَا تُطِعْ كُلَّ حَلَّافٍ مَّهِينٍ هَمَّازٍ مَّشَّاء بِنَمِيمٍ مَنَّاعٍ لِّلْخَيْرِ مُعْتَدٍ أَثِيمٍ

«Итоат қилма ҳар бир қасамхўр, ҳақирга,.. айбловчи, чақимчилик қилиб юрувчига, яхшиликни ман қилувчи, тажовузкор, сергуноҳга» («Қалам» сураси, 10-12-оятлар). 

عَنْ هَمَّامٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا مَعَ حُذَيْفَةَ، فَقِيلَ لَهُ: إِنَّ رَجُلًا يَرْفَعُ الْحَدِيثَ إِلَى عُثْمَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، فَقَالَ لَهُ حُذَيْفَةُ رَضِي اللهُ عَنْهُ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ قَتَّاتٌ».

Ҳаммам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳузайфа билан бирга эдик. Бас, унга: «Бир киши гапни Усмон розияллоҳу анҳуга олиб бориб туради», дейилди.

Шунда Ҳузайфа розияллоҳу анҳу унга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганларини эшитганман», деди».

Бу ҳадиси шарифда чақимчилик нақадар оғир гуноҳ экани баён қилинмоқда. Уламоларимиз: «Чақимчиликни ҳалол санаган одам жаннатга кирмайди», деганлар.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِنَّ مُحَمَّدًا صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَلَا أُنَبِّئُكُمْ مَا الْعَضْهُ؟ هِيَ النَّمِيمَةُ الْقَالَةُ بَيْنَ النَّاسِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Парчалаш нималигини сизга айтиб берайми? Одамлар орасида «деди-деди»лаб чақимчилик қилишдир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Ҳа, чақимчилик сўйилган ҳайвоннинг аъзолари парчалаб бўлингани каби, жамият аъзоларини парчалаб, бир-биридан ажратиб ташлайди. Чақимчилик тарқалган жамиятда бирлик, ҳамкорлик қолмайди. Бу эса ҳар қандай жамият учун ўта хатарлидир.

Ҳасан Басрий: «Ким сенга чақимчилик қилса, сенинг ҳақингда ҳам чақимчилик қилади», деган.

Имом Заҳабий: «Чақимчилик гуноҳи кабирадир», деган.

Унинг ҳаромлигига мусулмонлар ижмоъ қилишган.

Чақимчилик қилишнинг сабаблари:

1. Гапи нақл қилинаётган шахсга ёмонлик етказиш нияти.

2. Гап айтилаётган одамга яхши кўриниш.

3. Ўзини ўзи хурсанд қилиш ва бошқалар.

 

Чақимчиликнинг зарарлари:

1. Чақимчилик дўзахга олиб борувчи йўлдир.

2. Чақимчилик улфатлар орасида адоват оловини ёқади.

3. Чақимчилик озор, зарар, алам, хусумат ва нафратдир.

4. Чақимчиликнинг охири войдир.

5. Чақимчилик яхшиликларни кетказади.

6. Чақимчилик пасткашлик, қўрқоқлик, заифлик, макр, ялтоқлик ва мунофиқликдир.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўтган сатрлардан ахлоқда мўътадил бўлиш нафснинг соғломлиги, мўътадилликдан оғиш эса дард ва беморлик экани аён бўлади. Бинобарин, нафсни даволаш ҳам худди давоми...

4897 13:19 / 17.10.2020
Бу маънодаги оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп. Улардан кечаси бедор бўлиб ибодат қилишнинг нафс тарбиясига катта таъсир кўрсатишини билиб оламиз. Шунинг учун ҳам давоми...

5614 21:00 / 26.05.2019
.Табайюн, сўзи луғатда .очиқойдин билмоқ,, .равшанлаштирмоқ, ва .аниқламоқ, маъноларини ифода этади.Унинг .хабарнинг собит эканини текшириб кўриш,, .қайта тасдиқлаб давоми...

4645 05:00 / 28.02.2017
Баъзи сўфийларнинг ўзаро суҳбатларига қулоқ солсак, туш ҳақида кўп гапларни эшитамиз. Ҳатто тушни кўпгина нарсаларга далил қилиб ҳам келтирилади. Туш ҳақида ўта давоми...

57867 16:42 / 12.04.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021