Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (76-дарс). Исломда инсон мол билан ўлчанмайди

13:45 / 14.03.2020 5187 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Учинчи одоб:

Қилган садақасини миннат қилиш ва озор бериш ила ҳабата қилмаслик.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲﯳ

 «Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, молини одамлар кўриши учун нафақа қилганга ўхшаб ботил қилманг» (264-оят).

Демак, ортидан миннат ва озор келадиган садақа Аллоҳга ва охират кунига иймон туфайли эмас, балки риёкорлик учун қилинган садақага ўхшар экан.

Одатда камбағалга эҳсон қилаётган, унга яхшилик қилаётган киши ўзича миннат қилишга бориб қолиши мумкин.

Миннат ва озорнинг ҳақиқати ҳақида салафи солиҳларимиз бир қанча фикр ва таърифларни айтганлар.

Баъзилар: «Миннат – қилинган садақа ҳақида гапириш, озор – уни бўрттириб кўрсатиш», деганлар.

Бошқалар: «Миннат – садақани эслаш ва у ҳақда гапириш ёки унинг эвазига хизмат қилдириш. Озор эса олувчини камбағалликда айблаш», деганлар.

Учинчилар: «Миннат – берган нарсаси учун олувчига такаббурлик қилиш, озор эса шу сабабли уни жеркиш ва унга қўполлик қилиш», деганлар.

Оиша ва Умму Салама розияллоҳу анҳумо бирор фақирга эҳсон юборадиган бўлсалар, воситачига: «Унинг қилган дуосини ёдлаб олгин», дер эдилар. Сўнгра олувчига худди ўзининг дуоси каби дуо қилар ва «Бу дуоси учун энди бизга садақамиз холис қолди», дер эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, у кишининг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ва бошқа азизлар ҳам шу каби тасарруф қилар ва бу билан улар ўз қалбларини даволар эдилар.

Агар закот берувчи бу иш мол неъматининг шукронаси эканини яхши тушуниб етса, у билан закот олувчининг орасида ҳеч қандай муомала қолмайди. Чунки Ислом таълимоти бўйича кишининг устунлиги мол билан эмас ва унинг пастлиги молсизлик билан эмас.

Тўртинчи одоб:

Берилган нарсани арзимас санаш.

Чунки берилган нарсани кўп ҳисоблаш беҳуда ғурурга олиб боради. Бу эса ўз навбатида, ёмон оқибатларга сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣﮤ ﮥ ﮦﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ

 «Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам. Ўшанда сизни кўплигингиз ғурурлантирган эди. Бас, сизга ҳеч фойда бермади ва ер кенг бўла туриб, сизга торлик қилиб қолди. Сўнгра ортга қараб қочдингиз» (25-оят).

Салафи солиҳлар демишлар: «Яхшилик уч нарса билан тугал бўлади: уни арзимас санаш, тез қилиш ва махфий сақлаш билан.

Тоат-ибодатни эгаси қанчалик арзимас ҳисобласа, ибодати Аллоҳ таолонинг ҳузурида шунчалик буюк бўлади. Маъсиятни эгаси қанчалик буюк санаса, гуноҳи Аллоҳ таолонинг ҳузурида шунчалик кичик бўлади».

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизда .манманлик, деб аталадиган салбий сифат арабларда .ужуб, дейилади. Бунда киши ўзида бор нарсадан ўзи ажабланади ва мақтанади.Манманлик уламолар истилоҳида давоми...

6223 19:00 / 02.04.2022
Билингки Киши ўз вақтларидан унумли фойдаланиши ва уни беҳуда кетишидан хавф қилиши, бир макондан бошқа бир маконни орзу қилиш эмас. Шунингдек киши айни пайтда, у давоми...

3951 05:00 / 01.03.2017
Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, суннати мутоҳҳарада келган ва турли муносабатлар ила қилинадиган зикрларни яхшилаб ўрганиб, ўз ўрнида адо этиб юриш лозим.Мисол давоми...

3886 19:09 / 10.12.2018
131. Саодатнинг тўрт қоидаси1. Сенинг ҳаққингда ҳар қанча хато қилса ҳам, ҳеч кимни ёмон кўрма2. Шаънинг ҳар қанча юксак бўлса ҳам, оддий яша3. Бало ҳар қанча кўпайса давоми...

5298 14:49 / 11.04.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021