Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия 185-дарс. Мол-дунё инсонга фойда ёки зарар келтиради

19:00 / 22.05.2022 4006 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда мол-дунёнинг айни ўзи ёмонланмайди. Балки одамнинг молу дунёга бўлган муносабатидаги маъно ёмонланади. Одам боласидаги мазкур маъно молга ҳирс қўйиш, уни ҳаромдан топиш, ҳаққини адо этмаслик, ноўрин сарфлаш ёки у билан фахрланиш кабиларда акс этиши мумкин.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Анфол сурасида марҳамат қилади:

وَاعْلَمُواْ أَنَّمَا أَمْوَالُكُمْ وَأَوْلاَدُكُمْ فِتْنَةٌ وَأَنَّ اللّهَ عِندَهُ أَجْرٌ عَظِيمٌ



«Ва билингки, молларингиз ва фарзандларингиз фитнадан ўзга нарса эмас ва албатта, Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бордир» (28-оят).

عَنْ كَعْبِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَا ذِئْبَانِ جَائِعَانِ أُرْسِلَا فِي غَنَمٍ بِأَفْسَدَ لَهَا مِنْ حِرْصِ الْمَرْءِ عَلَى الْمَالِ وَالشَّرَفِ لِدِينِهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْإِمَامُ أَحْمَدُ.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 «Кишининг мол-мулк ва шарафга бўлган ҳирси унинг дини учун қўйлар орасига қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам қўрқинчлидир».

Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Молга ҳирс қўйиш оқибатида киши Аллоҳ таолога бандаликдан чиқиб, мол-дунёнинг бандасига айланади. Мол-дунё нимани амр қилса, шуни бажарадиган бўлиб қолади. Мол-дунё эса ўзига ҳирс қўйган одамни ҳеч нарсадан қайтмасликка амр этади. Оқибатда унга банда бўлган шахс барча гуноҳлар ва ёмонликлардан тап тортмайдиган бўлиб қолади.

Салафи солиҳлар мол-дунё фитнасидан жуда ҳам қўрққанлар.

Яҳё ибн Муъоз: «Дирҳам чаёндир. Агар унинг дамини яхши билмасанг, зинҳор олмагин. Борди-ю у сени чақиб олса, заҳри ўлдиради», деди. «Унинг дами нима?» дейилди. «Унинг дами ҳалолдан топиб, ҳалолга сарфлашдир», деди.

Мол-дунёнинг мадҳи

Мол-дунё дин ва дунё фойдаси учун восита бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло уни «яхшилик» деб номлаган. Одам боласининг бу дунёдаги юришининг мол-дунёга боғлиқлиги ҳам бор.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

وَلاَ تُؤْتُواْ السُّفَهَاء أَمْوَالَكُمُ الَّتِي جَعَلَ اللّهُ لَكُمْ قِيَاماً وَارْزُقُوهُمْ فِيهَا وَاكْسُوهُمْ وَقُولُواْ لَهُمْ قَوْلاً مَّعْرُوفًا



«Аллоҳ сизларга (ҳаёт) тиргаги қилиб қўйган молларингизни эси пастларга берманг» (5-оят).

Бу амрнинг баёнида «молларини» демасдан, «молларингизни» деб хитоб қилинишида ҳам катта ҳикмат бор. Қуръони Карим эсипастларнинг хусусий молларига ҳам жамоатнинг моли деб қарамоқда. Демак, мусулмонлар қўлидаги мол-мулк айни вақтда мусулмон жамоасининг ҳам мол-мулки ҳисобланади. Ўша мол бекордан-бекорга совурилмаслиги учун жамоат ҳам жавобгардир. Чунки мол-мулк ҳам якка шахсларнинг, ҳам жамоаларнинг ҳаётида улкан қийматга эга. Шунинг учун ҳам уни Аллоҳ таоло ояти каримада «Аллоҳ сизларга (ҳаёт) тиргаги қилиб қўйган», деб таърифлаяпти. Ҳа, бу дунёда мол-мулкка Ислом шундай назар билан қарайди.

عَنْ حَكِيمِ بْنِ حِزَامٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَأَعْطَانِي، ثُمَّ سَأَلْتُهُ فَأَعْطَانِي، ثُمَّ سَأَلْتُهُ فَأَعْطَانِي، ثُمَّ قَالَ: «يَا حَكِيمُ، إِنَّ هَذَا الْمَالَ خَضِرَةٌ حُلْوَةٌ، فَمَنْ أَخَذَهُ بِسَخَاوَةِ نَفْسٍ بُورِكَ لَهُ فِيهِ، وَمَنْ أَخَذَهُ بِإِشْرَافِ نَفْسٍ لَمْ يُبَارَكْ لَهُ فِيهِ، كَالَّذِي يَأْكُلُ وَلَا يَشْبَعُ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган эдим, бердилар. Яна сўрадим, бердилар. Сўнгра яна сўровдим, яна бердилар ва: «Эй Ҳаким, албатта, бу мол яхшидир, шириндир. Ким уни саховатли нафс билан олса, унга баракали бўлур. Ким уни қизғанчиқ нафси билан олса, унга баракали бўлмас. Худди еб тўймайдиганга ўхшайди», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Саъид ибн Мусайяб: «Ҳалол мол жамлашни истамайдиган шахсда яхшилик йўқ. Зотан, ўша мол ила унинг бошқаларга ҳожати тушмайди, силаи раҳм қилади ва унинг ҳаққини беради», деган.

Абу Исҳоқ Субайъий дейди: «Азизларимиз молиявий кенгчиликни динга ёрдам деб билар эдилар».

Суфён Саврий: «Бизнинг замонимизда мол мўминнинг силоҳидир», деган.

Хулоса қилиб айтганда, мол-дунё ҳам заҳари, ҳам тирёқи бор илонга ўхшайди. Заҳари зарарлари, тирёқи фойдаларидир.

Ким унинг фойда ва зарарларини яхши билиб олса, фойдасидан манфаат олиши ва зараридан сақланиши лозим бўлади.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Молдунёнинг фойдалари дунёвий ва диний бўлади. Унинг дунёвий фойдаларини ҳамма яхши билади ва шунинг учун кўпчилик ўзини унга уради. Унинг диний фойдалари уч давоми...

4275 19:00 / 30.05.2022
32Ҳикмат Ўзингда яширинган айбларни кўришга интилишинг, сендан тўсиб қўйилган ғайбларни кўришга интилишингдан яхшироқдирrdquo Одамларнинг қалбларига, давоми...

4537 05:00 / 01.03.2017
Қавлибора ила адо этиладиган зикрлар иккига Қуръон ва Суннатда сийғасилафзлари келган ва мазкур икки манбада сийғаси келмаган зикрларга тақсимланади.Аввало давоми...

6525 05:00 / 28.02.2017
Бешинчи офат ndash мазаҳ .Мазаҳ, арабча сўз бўлиб, аслида ҳазилмутойибани англатади. Бинобарин, ҳазилмутойиба учун рост гапларни гапириб, озроқ мазаҳ қилиш давоми...

4082 13:00 / 09.01.2021
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021