Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (68-дарс). Илм эътиқодлар ва ибодатларнинг асосидир

13:30 / 18.01.2020 5404 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илмнинг фойдалари сон-саноқсиз эканини ҳамма яхши билади. Бу ўринда биз диний илмларнинг баъзи фойдаларини қисқача эслаб ўтамиз:

1.Илм орқали Аллоҳ танилади, Унга ибодат қилинади ва тавҳиди асосида яшаш йўлга қўйилади.

2. Илм эътиқодлар ва ибодатларнинг асосидир.

3. Илм талаб қилиш ибодатдир.

4. Илм жаннатга етиш йўлидир.

5. Илм ўз эгасига Аллоҳдан қўрқишни касб қилдиради.

6.Илм ўз эгасига халойиққа нисбатан тавозеъда бўлишни ўргатади.

7. Илмдан аввало эгаси, кейин бошқалар ҳам фойда олади.

8.Илмнинг ажри унинг эгасининг ажалидан кейин ҳам боқий қолади.

9. Илм ўз эгасини пайғамбарлардан кейинги энг юқори мартабага эриштиради.

10. Илм пастни баланд, хорни азиз ва синганни бутун қилади.

11. Илм кишини жаҳолат зулматидан маърифат нурига чиқаради.

12.Илм туфайли силаи раҳм қилинади ва ҳақ-ҳуқуқлар адо этилади.

Илмларнинг энг зарурийси банданинг Робби билан муомаласини йўлга қўювчи илмдир. Мазкур муомала учга тақсимланади: 

1. Эътиқод;

2. Амал;

3.Тарк қилиш.

Ёш бола балоғатга етганида унинг зиммасига фарз бўладиган биринчи нарса шаҳодат калималарини ўрганиб, маъноларини тушунишдир. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим кўрмаган араблардан тасдиқни эшитиш билан кифояланганлар. Улардан далил талаб қилмаганлар. 

Юқоридаги ҳукм маълум бир вақтнинг фарзи бўлади. Кейин назар солиш ва далилни ўрганиш фарз бўлади.

Эътиқодга оид бошқа нарсаларни ўрганиш ҳам вазиятга қараб фарз бўлиб бораверади. Мисол учун, шаҳодат калималари маъноси ҳақида шак пайдо бўлса, бандага ўша шакни кетказадиган илмни ўрганиш фарз бўлади. Қайта тирилиш, жаннат, дўзах каби ақийда масалаларини ўрганиш вожиб бўлади.

Шунингдек, маълум бир амални бажариш вақти келганда унга оид ҳукмларни ўрганиш фарз бўлади. Намоз ўқиш ёшига етган киши учун таҳорат ва намозга оид ҳукмларни ўрганиш, Рамазонга соғ-саломат етиб келган балоғат ёшидаги киши учун рўза ибодатига оид шаръий ҳукмларни ўрганиш фарз бўлади. 

Нисобга етган ва шу молига бир йил тўлган кишига закотнинг ҳукмларини ўрганиш фарз бўлади. Ҳаж вақти келганда, уни адо этишга шароити бўлган мусулмонга ҳажнинг ҳукмларини ўрганиши фарз бўлади. 

Тарк қилиниши лозим бўлган нарсалар ҳолатга қараб ўзгариб туради. Мисол учун, кўзи ожиз киши учун назар солиш ҳаром бўлган нарсаларни ўрганиш фарз бўлмайди. Шунингдек, соқов киши учун гапириш ҳаром бўлган каломни ўрганиш фарз бўлмайди. 

Хамр ичиш ва ипак кийиш тарқалган диёрда яшайдиган банда учун мазкур нарсаларнинг ҳаромлигини ўрганиш фарз бўлади. 

Баъзи илмларни ўрганиш мубоҳ саналади. Маъноли шеър ва хабарларнинг тарихини ўрганиш шу жумладандир.

Баъзи илмлар мазаммат қилинади. Мисол учун, сеҳр ва тилсим илмини ўрганиш.

Шаръий илмларнинг барчаси мақталгандир. Улар усул – асл шаръий илмлар, фуруъ – шохобча шаръий илмлар, муқаддима илмлар ва тўлдирувчи илмларга тақсимланади.

1.Асл шаръий илмлар Қуръони Карим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, умматнинг ижмоъси ва саҳобаларнинг асарларидан иборатдир. 

2. Шохобча шаръий илмлар мазкур асл илмлардан фаҳмланган ва улардан ақл орқали тушуниб олинган илмлардир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, фақиҳларнинг қиёс ва бошқа қоидаларни ишга солиб чиқарган ҳукмларига оид илм. 

3. Муқаддима илмлар Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билишга хизмат қиладиган наҳв ва луғат илмларига ўхшаш илмлардир.

4.Тўлдирувчи илмларга қироатлар илми, тажвид илми, ҳадис ривоятчиларининг исмлари, одиллиги ва таржимаи ҳолларига оид илм ва бошқалар киради.

«Руҳий тарбия» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1даража Бу даража энг ёмони ҳисобланади. Унда риёкор савобни мутлақо ирода қилмайди. Мисол учун, одамлар кўришлари учун намоз ўқийди. Аммо ўзи ёлғиз бўлса, давоми...

4081 19:00 / 20.11.2021
Ғазабни ютиш фазилатли ишлардан ҳисобланади. Бунга ҳар қандай одам ҳам қодир бўла олмайди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ғазабни ютувчиларни мадҳ қилиб давоми...

4947 19:00 / 13.08.2022
Ҳар бир мўминмусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири бахилликдир..Бахиллик, луғатда карамлилик ва сахийликнинг зиддидир.Уламолар давоми...

4730 19:00 / 18.04.2022
Тариқатдаги кишининг кундалик вазифалари аниқ бўлади. Бунда у аввало кундалик фарз ва вожиб амалларга алоҳида эътибор беради. Ўзининг бурчи бўлган бу амалларни давоми...

5452 12:04 / 27.11.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021