Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (57-дарс). Ким сўфий бўлса-ю, фақиҳ бўлмаса, зиндиқ бўлибдир...

14:40 / 02.11.2019 6577 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломни яхши ўрганиб, шу билан бирга Исломнинг руҳий тарбия қисми бўлган тасаввуфни ҳам илмий асосда ўрганишни йўлга қўйиш бизнинг энг биринчи вазифамиз бўлиши керак. Бунинг учун дастлаб бу масаланинг ўзини яхшилаб англаб олишимиз лозим. Тасаввуфни бутунлай инкор этаётганларга унинг ҳақиқатини тушунтиришимиз зарур. Тасаввуфнинг тарихини яхшилаб ўрганиб, унинг номидан содир этилган хатоларни аниқлаб, шариат таълимотларига зид нарсалар қаторида инкор қилмоғимиз бизнинг вазифамиздир. Шу билан бирга, Қуръон ва Суннатга мувофиқ қисм – сунний тасаввуфни тан олмоғимиз лозим.

Бу ишни йўлга қўйишда имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг «Ким сўфий бўлса-ю, фақиҳ бўлмаса, зиндиқ бўлибдир. Ким фақиҳ бўлса-ю, сўфий бўлмаса, фосиқ бўлибдир. Ким иккисини жамласа, муҳаққиқ бўлибдир», деган гапини эсда тутишимиз лозим.

Ҳа, биз ҳозирги пайтда худди шу қоидага амал қилишимиз керак. Чунки баъзи сўфийларимиз фиқҳ илмини етарли билмайдилар. Баъзи фақиҳларимиз тасаввуфни етарли билмайдилар. Иккисини жамлаганларимиз эса бармоқ билан санарли даражада оз.

Ҳа, ҳозирда тасаввуф йўлини тутганлиги билан фахрланиб юрганларимиз ўзларининг илмий даражаларини қайта кўриб чиқишлари жуда ҳам зарур. Ақийда, шариат ва тариқат бобларида нималарни устоздан қабул қилгани ва нималарни ўқиганини сарҳисоб қилсин. Илми етарли бўлмаса, зудлик билан илм олишга ўтсин. Ҳеч бўлмаса, ўзига фарзи айн бўлган илмларни ўргансин. Бу оддий муриднинг вазифасидир. Аммо ўзини бошқаларга бошлиқ, устоз, шайх деб билганлар эса ўз мақомига яраша илми борми-йўқми эканини аниқлаб олмоғи ва камини тўлдирмоғи зарур.

Зеро, такрор бўлса ҳам, яна айтамизки, тасаввуф шариатдан ташқаридаги, ундан юқорироқ турувчи алоҳида бир йўл эмас. Тасаввуф – шаръий аҳкомларни севиб, ички ҳузур билан адо этмоқликдир. Тасаввуф – шариат соҳибини – Роббул оламинни севмоқ ва Унга мутлақо таслим бўлмоқдир. Аммо бу севги вужудга боғлиқ муҳаббат эмас.

Тасаввуф адабиётидаги турли рамзлар, ишоратлар, сўфий шоирларнинг илоҳий ишқ ҳақидаги муболағали тасвирлари, илоҳий ёрнинг вужудини васф қилишга уриниш каби ҳолатлар кўпинча шатаҳотлардан холи бўлмайди. Ҳолбуки, «ишқи илоҳий» деган тушунчанинг ўзи ҳам нотўғридир. «Ишқ» сўзи вужудга оид майлни ҳам ифода этгани учун, бу сўз асосан эркак ва аёлнинг севгисига нисбатан қўлланилади. Фақат қалбга доир бу гўзал туйғуни эса «муҳаббат» деб ёки умуман, «севги» деб атамоқ тўғридир. Шу маънода Роббни севмоқ – Унинг барча исм ва сифатларини севмоқдир. Аллоҳ таолога муҳаббат – иймон келтириш талаб қилинган асосларни севмоқ демакдир. Аллоҳ азза ва жаллани севмоқ – Унинг барча яратган махлуқларини ва энг аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севмоқ демакдир. Расулуллоҳни севмоқ эса у зотнинг суннатларига эргашмоқ, севиб амал қилмоқликдир.

Аслида Аллоҳ таолонинг севгисига эришишни истаган банда учун энг тўғри йўл У Зотнинг махлуқларини ва энг аввало Роббимизнинг севимли ҳабиби бўлмиш Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни севишдир.

«Тасаввуф ҳақида тасаввур» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу китобимизнинг асосий мақсадига назар соладиган бўлсак, ваҳдатул вужуддан сўз очмасак ҳам бўлар эди. Чунки, бу китобда биз сунний тасаввуфдан сўз давоми...

7466 05:00 / 28.02.2017
Бир оят тафсири 6қисм Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган Ёки кофирларнинг қилган амаллари қаватмақават тўлқин ва унинг устида қора давоми...

4065 05:00 / 01.03.2017
Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳу Бу зот ҳижрий 718 сана, милодий 1318 санада Бухорои шарифнинг Қасри Орифонида дунёга келдилар ва ҳижрий 791 сана, давоми...

6692 12:30 / 25.01.2019
Такаббурлик кишининг шаклшамойилидан билиниб туради. Уни кишининг юзидаги аломатлардан, назар солишидан, бошини тутишидан, ўтиришидан, овозининг оҳангидан, давоми...

5594 18:30 / 19.03.2022
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021