Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (102-дарс). Муоқаба, мужоҳада ва муотаба

13:00 / 12.09.2020 4210 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(тўртинчи мақола)

Муоқаба – нафсни камчилиги учун жазолаш.

Инсон нафсини қанчалик тергамасин, барибир баъзи маъсиятлардан ва камчиликлардан четланиб қола олмайди. Шунинг учун у нафсини ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги лозим. Акс ҳолда нафси ўрганиб қолиб, кўз юммай гуноҳ қилишга одатланади. Бунинг оқибати эса ҳалокат билан тугаши мумкин.

Шунинг учун ҳар бир банда ўз нафсини камчилиги учун жазолаб туриши керак. Агар шубҳали бир луқмани иштаҳа билан еб қўйса, қорнини очлик билан жазоласин. Агар номаҳрамга назар солиб қўйса, назарини қарашдан ман қилиш ила жазоласин. Шу тарзда ўзининг ҳар бир аъзосини унинг шаҳватига қарши жазолайди.

Ҳар бир киши ўз фарзандлари, аҳли-аёли, ишчилари ёки қарамоғидагиларни йўл қўйган хатолари, камчилик ва нуқсонлари учун жазолашни дарҳол йўлга қўяди. Агар вақтида жазоламаса, ўзбошимча бўлиб, гапига кирмай қўйишидан қўрқади.

Бас, шундай экан, нима учун дунё ва охират бахтсизлигига олиб бориши мумкин бўлган нафсимизни жазоламаслигимиз керак?

мужоҳада

Бу мақомда ўз нафсини тергаган одам унинг маъсият қилганини кўрса, юқорида айтиб ўтилган азоблар билан жазолайди.

Агар дангасалик туфайли баъзи фазилатли ишларни ёки вирдларни озроқ қилган бўлса, нафсига баъзи вирдларни кўпайтириш ёки турли оғир вазифаларни юклаш билан одоб беради. Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаган обидлар шундай қилар эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир марта аср намозини жамоат билан ўқий олмай қолганида нархи икки юз минг дирҳам бўлган ерини садақа қилган.

У киши розияллоҳу анҳу қай бир намозни жамоат билан ўқий олмай қолса, ўша кечаси ухламай намоз ўқиб чиқар эди. Бир куни шом намозини кечикиб, иккита юлдуз чиққанида ўқиди ва шу камчилик учун иккита қулни озод қилди.

Нафси доимий равишда вазифаларни бажаришга чидамайдиган одамлар бу нуқсонни йўқотиш учун катта мужтаҳидларнинг ҳикояларини ўргансин, улардан ўрнак олсин. Яна солиҳ кишидан муносибини топиб, шогирд тушсин ва ўша кишидан маслаҳат ҳамда ўрнак олсин.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: «Агар уч нарса бўлмаганида, бир кун ҳам яшашни истамасдим: кундузи Аллоҳ учун чанқаш, кечаси Аллоҳга сажда қилиш ва худди хурмонинг яхшиси танлаб олинганидек, сўзнинг яхшисини танлаб гапирадиган қавмларнинг суҳбати».

Робийъ ибн Хайсамнинг қизи: «Отажон! Нима учун одамларнинг ухлаганини кўраман-у, сизнинг ухлаганингизни кўрмайман?» деганида, у: «Қизгинам! Отанг тунгги ҳужумдан қўрқади», деб жавоб берган экан.

Обидлардан бири қуйидагиларни айтади: «Иброҳим ибн Адҳамнинг ҳузурига борсам, энди хуфтонни ўқиб бўлган экан. Мен уни кузатиб турдим. У ўзини бир ридога ўради. Кейин ёнбошлаб, кечаси билан тонг отгунча бирор марта қимирлаб ҳам қўймади. Муаззин азон айтди. У таҳорат қилмади. Бу менда шубҳа туғдирди ва унга: «Аллоҳ сенга раҳм қилсин. Кечаси билан ёнбошлаб ухлаб чиқдинг. Аммо таҳоратингни янгиламадинг?» дедим.

«Кечаси билан аҳёнда жаннат боғларини кезиб, аҳёнда дўзах водийларида юриб чиқдим. Бундай ҳолатда уйқу бўладими?» деди у.

муотаба

Муотаба – нафсни қўрқитиб туриш.

Нафснинг ёмонликка чорлаб, гуноҳга интилиб туриши бор ҳақиқат. Шунинг учун уни доимий равишда бундай ишлардан қўрқитиб туриш керак бўлади. Гуноҳлар бу дунё ва охиратда жуда оғир оқибатларга олиб келиши ҳақиқат эканини нафсига эслатиб, уни қўрқитиб турган банда муотабани ўрнига қўйган бўлади.

(Тамом)

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, рақоиқ луғатда рақиқнинг жами бўлиб, .нозик,, .ўта таъсирли, деган маънони билдиради. Бошқача қилиб айтилганда, қалбни рақиқюмшоқ давоми...

5512 05:00 / 28.02.2017
Маҳзунлик йилиАллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз давоми...

5473 18:30 / 14.03.2017
Албатта, мусулмонларда барча илмлар қатори, нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш бўйича ҳам асосий ва биринчи манба Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

4939 20:05 / 31.12.2019
Худди шу фикрларни ҳақиқий сўфийларнинг ўзлари ҳам таъкидлаганлар. Фикримизнинг далили сифатида Ибн Банно Сарақситий раҳматуллоҳи алайҳининг сўфийлар ҳузурида давоми...

5722 17:30 / 06.04.2019
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021