Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (117-дарс). Гапда чуқур кетиш, сўкиш ва ачитиб гапириш

13:00 / 02.01.2021 5232 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Учинчи офат – гапда чуқур кетиш.

Бу нарса оғизни тўлдириб, қофиясини келтирган ҳолда гапириш ила бўлади.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ : أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : إِنَّ أَبْغَضَكُمْ إلَيَّ وَأَبْعَدَكُمْ مِنِّي يَوْمَ الْقِيَامَةِ الثَّرْثَارُونَ، وَالْمُتَشَدِّقُونَ، وَالْمُتَفَيْهِقُونَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, менга энг ёмон кўринадиганингиз ва қиёмат куни мендан энг узоқ бўладиганингиз кўп гапирадиганингиз, оғзини тўлдириб гапирадиганингиз ва мутакаббирлик учун гапирадиганингиз», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Албатта, маърузачиларнинг қофиясини келиштириб, гўзал гапиришлари бу жумлага кирмайди. Чунки улар диний таълимотларни кишиларга етказиши учун одамларга таъсир қиладиган чораларни кўришлари зарур.

Тўртинчи офат – фаҳш, сўкиш ва ачитиб гапириш.

«Фаҳш» сўзи қабиҳ, уят, шармсизлик маъноларини англатади.

Уламолар фаҳшни қуйидагича таърифлайдилар:

Журжоний: «Фаҳш соғлом табиат нафрат қиладиган ва мустақийм ақл нуқсон санайдиган нарсадир», деган.

Роғиб: «Фаҳш – қабиҳлиги катта бўлган гаплар ва ишлардир», деган.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

 قُلْ إِنَّمَا حَرَّمَ رَبِّيَ الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَالإِثْمَ وَالْبَغْيَ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَأَن تُشْرِكُواْ بِاللّهِ مَا لَمْ يُنَزِّلْ بِهِ سُلْطَانًا وَأَن تَقُولُواْ عَلَى اللّهِ مَا لاَ تَعْلَمُونَ۝

«Сен: «Роббим ошкора ва яширин фаҳш ишларни, гуноҳни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳга Ўзи ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳга нисбатан ўзингиз билмайдиган нарсани гапиришингизни ҳаром қилган, холос», деб айт» (33-оят).

Аввал айтилганидек, фаҳш иш улкан қабиҳликдир. Бундай ишлар хоҳ ошкора, хоҳ яширин бўлсин, барча-барчасини Аллоҳ ҳаром қилган.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларни васф қилганида уларнинг фаҳшдан четда бўлишларини таъкидлаган.

Аллоҳ таоло Шууро сурасида марҳамат қилади:

 وَالَّذِينَ يَجْتَنِبُونَ كَبَائِرَ الْإِثْمِ وَالْفَوَاحِشَ وَإِذَا مَا غَضِبُوا هُمْ يَغْفِرُونَ۝

«Катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда бўладиган ва ғазабланган вақтда кечириб юборадиганлар учундир» (37-оят). 

Уламоларимиз: «Фаҳш ишлар, деганда шаҳватга тааллуқли гуноҳлар кўзда тутилади», дейдилар. Фаҳш ишлар ичида катта гуноҳлар қаторига кирадиган зинокорлик ва баччабозлик кабилари ҳам бор, катта гуноҳлар сирасига кирмайдиганлари ҳам бор.

Инсон икки дунёда ҳам олий мақомга эришмоқчи бўлса, улкан гуноҳлар, фаҳш иш ва сўзлардан четда бўлмоғи лозим. Бунга эса фақат иймон билан эришилади. Қалби соф иймонга тўла кишигина катта гуноҳларни ва бузуқ ишларни қилмайди. Улардан четда бўлган соф иймонли бандаларгина Аллоҳ таоло ҳузуридаги яхши ва боқий нарсаларга соҳиб бўладилар.

Бу қабилдаги гапларни гапиришни шариат ман қилган. Улар чиркинликлар манбаси ва ёмонликлар уясидир.

وَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : إِنَّ اللهَ لَا يُحِبُّ الْفُحْشَ وَلَا التَّفَحُّشَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ حَسَنٍ.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ уятсиз бўлмоқни ва уятсиз гапларнинг гапирилишини хуш кўрмайди», дедилар».

Абу Довуд яхши иснод ила ривоят қилган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : لَيْسَ الْمَرْءُ الْمُؤْمِنُ بِالطَّعَّانِ وَلَابِاللَّعَّانِ وَلَا بِالْفَاحِشِ وَلَا بِالْبَذِيِّ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин киши таъначи, лаънатчи, фоҳиша ва базий (сўконғич, аччиқ сўзли) бўлмайди», дедилар».

Фаҳш ва уятсизлик кўп ҳолларда уят гапларни очиқ-ойдин айтиш билан бўлади. Одатда бу нарсалар жинсий алоқага оид гапларни бешармлик ила гапириш орқали юзага чиқади. Аҳли солиҳлар ундай ибораларни ишлатмайдилар.

Сўкиш ва ачитиб гапиришни араб тилида «базоъа» дейилади. Бу сўз луғатда тилда мавжуд бўлган, рост бўлса ҳам, аччиқ ва уятсиз гапни англатади.

Уламолар уни қуйидагича таърифлайдилар:

Ғаззолий: «У қабиҳ саналган нарсани очиқ-ойдин сўзлар билан ифодалашдир», деган.

Муновий: «У калом рост бўлса ҳам, нутқдаги фаҳш ва қабиҳликдир», деган.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, у билан урушиш куфрдир», дедилар».

Маълумки, фосиқлик катта гуноҳ ҳисобланади. Шариат кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар фосиқ ҳисобланади. Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда сўкиш фисқ, уруш эса куфр дейилмоқда. Чунки фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради.

Одатда одамлар сўкишга унчалик эътибор бермайдилар. «Сўкса сўкилиб қолармиди», деб кетаверадилар. «Фалончи бўлганидан кейин сўкади-да», деган ноўрин мулоҳазаларни ҳам айтадилар. Аслида эса сўкиш гуноҳ ва қабиҳ иш бўлиши билан бирга, ўзидан кўра каттароқ гуноҳ ва ҳалокатларга элтувчи йўл ҳам ҳисобланади.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : سِبَابُ الْمُسْلِمِ كَالْمُشْرِفِ عَلَى الْهَلَكَةِ. رَوَاهُ الْبَزَّارُ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмонни сўкиш (сўккан одамнинг) ҳалокат жари ёқасига келганини англатади», дедилар».

Баззор ривоят қилган.

Жарнинг ёқасига келгандан сўнг унга тушиб кетиш ҳеч нарса бўлмай қолади. Демак, сўкишга эътибор бермай, «Сўкса нима бўпти», дейиш мутлақо нотўғри ишдир.

Хусусан, сўкишни кўп ишлатадиган одамлар катта гуноҳларга сабаб бўладилар. Улар олий илм даргоҳларини битирган, катта мансабларни эгаллаган, яхши кийиниб, яхши яшаётган бўлишлари ҳам мумкин.

Модомики, ичларида яхшиликка амал қилдирувчи куч йўқ экан, ўзларининг сўзларини тузатолмас эканлар, ким бўлишларидан қатъи назар, фосиқ бўладилар, маданиятсиз, тубан инсон ҳисобланадилар.

Ўзаро муомалада биринчи бўлиб сўккан одам катта маънавий жиноят қилган бўлади. Орадаги ҳурмат ва иззат, ўзаро тушуниш пардасини йиртган, ёмонликка йўл очган бўлади.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Зикр шайтонни қувади ва савалайди.2. Зикр Аллоҳ таолони рози қилади.3. Зикр ғамандуҳларни кетказади.4. Зикр шодлик ва сурурни жалб қилади.5. Зикр қалб ва баданни давоми...

3721 15:00 / 18.11.2018
Аллоҳнинг ҳаққиБанданинг зиммасидаги энг буюк ҳақ ўзини яратган Зотга ибодат қилишдир. У Зоти таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Ўз зиммасидаги давоми...

4960 05:00 / 06.03.2017
Қуръони Каримда зикр қилинган нафс ҳолатга қараб турли сифатларга эга бўлади.1. Гоҳида .хотиржам нафс, бўлиши мумкин.Аллоҳ таоло Фажр сурасида марҳамат қилади давоми...

6227 16:30 / 07.12.2019
Сўнгги каломИмом Заҳабий имом Абу Зуръа Розийнинг таржимаи ҳолини баён қилар экан, у зотнинг вафотлари ниҳоятда таъсирли бўлганини шундай ҳикоя қилади.Абу Зуръа давоми...

4120 05:00 / 06.03.2017
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021