Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (128-дарс). Ғийбатчи пасткаш шахсдир

15:00 / 20.03.2021 6090 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ғийбатчи қиладиган ғийбати туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучорбўлишини билиб қўйсин.

Шунингдек, унинг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб берилишини, агар савоби бўлмаса, нариги одамнинг гуноҳлари унга олиб берилишини ҳам билиб қўйсин.

Ғийбат пайти бўлиб қолса, ўзининг айбларини ўйласин ва уларни тузатишга киришсин. Ўзининг айблари бўла туриб, бошқаларни айблашдан уялсин. Агар ўзини айблардан холи билса, ўшанга шукр қилиш ила машғул бўлсин. Ўзини ўзи энг ёмон айб – ғийбатчилик ила ифлосламасин. Ўзини биров ғийбат қилишини истамаганидек, ўзи ҳам ўзгаларни ғийбат қилишни истамасин.

Ғийбатга боис бўлган сабабга назар солсин ва ўша сабабни йўқ қилишга ҳаракат қилсин. Дарднинг давоси уни келтириб чиқарган сабабни йўқ қилиш ила бўлади.

Гоҳида ғийбат қалб билан ҳам содир этилади. Бу мусулмонлар ҳақида ёмон гумон қилиш ила бўлади.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:

   يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِّنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَب بَّعْضُكُم بَعْضًا أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَن يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَّحِيمٌ

«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар» (12-оят).

Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам «Кўп гумонлардан четда бўлинглар», дейилмоқда.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِيَّاكُمْ وَالظَّنَّ، فَإِنَّ الظَّنَّ أَكْذَبُ الْحَدِيثِ، وَلَا تَحَسَّسُوا وَلَا تَجَسَّسُوا، وَلَا تَنَافَسُوا، وَلَا تَحَاسَدُوا، وَلَا تَبَاغَضُوا، وَلَا تَدَابَرُوا، وَكُونُوا عِبَادَ اللهِ إِخْوَانًا». رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бадгумонликдан сақланинг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир. Пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг. Ўзаро рақиб бўлманг ва ўзаро ҳасад қилманг. Бир-бирингизни ёмон кўрманг ва бир-бирингизга қарши тадбир қилманг. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Ўтган уламолардан Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган бўлса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор».

Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўп ҳолларда бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.

Бу ҳақда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», деган эканлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِيَّاكُمْ وَالظَنَّ، فَإِنَّ الظَّنَّ أَكْذَبُ الْحَدِيثِ...» رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

عَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إنَّكَ إنْ تَتَبَّعْتَ عَوْرَاتِ النَّاسِ أَفْسَدْتَهُمْ».

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», дедилар».

«Руҳий тарбия» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақолаИслом илм дини эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Исломни ўрганиш учун ҳам илмга уриниш лозим. Барча исломий илмлар шу мақсадга хизмат қилади. Жумладан, давоми...

5121 17:11 / 01.01.2020
Ҳирс ва тамагирликнинг давоси сабр, илм ва амалдан иборатдир. Унинг юзага келиши беш нарса ила бўлади 1. Маишатда тежамкор бўлиш ва сарфхаражатда мулойим давоми...

5139 19:00 / 18.06.2022
186. Иброҳим Фақий айтади Агар қадаминг ерда из қолдираётган бўлса, тилинг қалбда из қолдирадиrdquo.187. Баъзилар ҳаётингга неъмат каби кириб келади.Баъзилар ҳаётингга давоми...

6346 21:59 / 15.05.2017
Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, ҳар бир тариқатнинг ўз шайхидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган силсиласи бор. Мазкур силсилага кирувчи давоми...

6455 13:30 / 22.12.2018
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021