Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Маъсиятлар ҳаёни кетказади | Тазкия дарслари (326-дарс)

19:00 / 03.05.2025 1863 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маъсиятларнинг касофатларидан бири қалб ҳаёти моддаси бўлган ҳаёни кетказишидир. Ҳаё барча яхшиликларнинг асосидир. Унинг кетиши барча яхшиликларнинг кетишидир.

Маъсиятлар аста-секин ҳаёни заифлаштириб бориб, бир йўла йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин.

Уламолар ҳаёни ўн хилга тақсимлашган:

1. Жиноят ҳаёси.

Яъни банданинг қилган жиноятидан ҳаё қилиши. Одам алайҳиссаломнинг жаннатда қочгандаги ҳаёси бунга мисол бўла олади. Аллоҳ таоло:

«Мендан қочмоқдамисан, эй Одам?» деди.

«Йўқ, эй Роббим! Сендан ҳаё қилиб...» деди.

2. Нуқсон ҳаёси.

Бунга кечасию кундузи чарчамай тасбеҳ айтадиган фаришталарнинг ҳаёси мисолдир. Қиёмат куни улар: «Роббимиз! Биз Сенга ҳақиқий ибодат қила олмадик», дейдилар.

3. Улуғлаш ҳаёси.

Бу маърифат ҳаёсидир. Банданинг ҳаёси Робби ҳақидаги маърифатига қараб бўлади.

4. Карамлилик ҳаёси.

Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайнаб онамизга уйланишларида ўзлари валиймага таклиф қилган саҳобалардан қилган ҳаёлари мисол бўлади. Ул зот ҳаё қилиб, уларга «Туринглар», дея олмадилар.

5. Истиҳола ҳаёси.

Бунга Али розияллоҳу анҳунинг истиҳоласи мисол бўлади:

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنْتُ رَجُلًا مَذَّاءً، وَكُنْتُ أَسْتَحْيِ أَنْ أَسْأَلَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِمَكَانِ ابْنَتِهِ، فَأَمَرْتُ الْمِقْدَادَ بْنِ الْأَسْوَدِ فَسَأَلَهُ، فَقَالَ: «يَغْسِلُ ذَكَرَهُ وَيَتَوَضَّأُ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Кўп мазийлик одам эдим. Қизларининг истиҳоласи учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашга уялар эдим. Бас, Миқдод ибн Асвадга буюрдим. У Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрабди.

«Закарини ювади ва таҳорат қилади», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

6. Ўзини паст санаш ҳаёси.

Бунга банданинг ўзини паст санаб, Аллоҳ таолодан ҳожатини сўрашга ҳаё қилиши киради. Бунинг сабаби иккита бўлади:

Биринчидан, сўровчи ўзини ҳақир ва гуноҳларини катта ҳамда кўп санайди.

Иккинчидан, сўралувчи Зот – Аллоҳ таолони улуғ санайди.

7. Муҳаббат ҳаёси.

У муҳибнинг маҳбубидан қиладиган ҳаёсидир. Ҳаттоки маҳбубнинг ўзи йўқ бўлса ҳам, уни эслаган муҳиб қалбидан ҳаё қилади ва юзида унинг аломатлари пайдо бўлади.

Шунингдек, муҳиб маҳбубига тўсатдан йўлиқиб қолганда қаттиқ сесканиб кетади.

8. Бандалик ҳаёси.

Бу муҳаббат билан хавф аралаш ва Маъбудига ибодати мос эмаслигини мушоҳада қилиш ҳаёсидир. Албатта, Маъбуднинг қадри бундан юксак эканини билиш оқибатида пайдо бўлган хижолатлилик ҳаёсидир.

9. Иззат ва шараф ҳаёси.

Катта ва улуғ нафсдан ўз қадрига муносиб бўлмаган сарф-харажат, адо ёки эҳсон бўлгандаги ҳаё. Бундай ҳолда у ўз нафсининг иззати ва шарафи туфайли ҳаё қилади.

10. Кишининг ўзидан ўзи ҳаё қилиши.

Бу шарафли ва азиз нафсларнинг ўзига нуқсонни раво кўргани учун бўладиган ҳаёсидир. Бунда ўзидан ўзи ҳаё қилади, уялиб кетади. Худди унинг иккита нафси борга ўхшаб қолади. Биринчиси билан бошқасидан ҳаё қилади. Бу энг баркамол ҳаёдир. Чунки банда ўзидан ўзи ҳаё қилса, уялса, ўзидан бошқадан ҳаё қилиши турган гап.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Насиҳат диннинг мағизи, иймоннинг жавҳаридир.Шунинг учун дину диёнат ҳамда иймон мўминмусулмонларнинг Аллоҳ таоло учун, У Зотнинг Расули учун, Китоби учун, давоми...

4023 05:00 / 06.03.2017
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилувчилардандир. Ва уларни Ўз раҳматимизга давоми...

355 00:00 / 22 февраль
КИФОЯ ТАВАККУЛ САВОБИ БОБИТаваккул қилувчилар уч табақа бўлади мўминлар таваккули, хос аҳлининг тавакккули ва хослар хосининг таваккули. Бу Шиблийнинг таваккул давоми...

4711 05:00 / 01.03.2017
131. Саодатнинг тўрт қоидаси1. Сенинг ҳаққингда ҳар қанча хато қилса ҳам, ҳеч кимни ёмон кўрма2. Шаънинг ҳар қанча юксак бўлса ҳам, оддий яша3. Бало ҳар қанча кўпайса давоми...

5298 14:49 / 11.04.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021