Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия 174-дарс. Кибрдан эҳтиёт бўлинг!

20:00 / 26.02.2022 5689 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўзини юқори олган одам кибр аҳлидан бўлади. Камолот сифатларининг соҳиби бўлган одам ўзини бошқалардан юқори олмайди. Камолот сифатлари эса диний ва дунёвий бўлади. Динийлари илм ва амал бўлса, дунёвийлари насаб, жамол, қувват, мол ва тарафдорлари кўп бўлишидан иборатдир. Буларнинг ҳаммаси еттитадир:

1. Илм.

Илмга уринган баъзи одамлар мутакаббирлик дардига жуда ҳам тез чалинадилар. Улар илмнинг жамолига ва камолига маҳлиё бўлганлари ҳолда ўзларини юқори олиб, ўзгаларга паст назар билан қарашни бошлайдилар.

Уларнинг кибри икки сабабга оид бўлади.

Биринчи сабаб – илм деб аталаётган нарса ҳақиқий бўлмайди. Ҳақиқий илм орқали банда Роббини ва ўзини яхши танийди. Ҳақиқий илм эгаси тавозели бўлади ва кибрга яқин ҳам йўламайди.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:

وَمِنَ النَّاسِ وَالدَّوَابِّ وَالْأَنْعَامِ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ كَذَلِكَ إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاء إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُور

 «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимлар қўрқарлар» (28-оят).

Иккинчи сабаб – илмга уринган бўлса ҳам, ўзи нафси бузуқ, хулқи ёмон одам бўлади. Бу каби одамлар қанча илм олсалар ҳам, ўзларини ўнгламаганлари учун ёмон сифатлар уларни тарк этмайди. Бадхулқ шахсда пайдо бўлган илм эгасининг мутакаббирлигига сабаб бўлиши ажабланарли ҳол эмас.

2. Амал.

 Бу ердаги амалдан ибодат ҳам кўзда тутилади. Бу турдаги кибр кўпроқ обид ва зоҳидларда бўлиб, у икки қисмдан иборат бўлади.

Биринчи қисм дунёвий ишларда бўлади. Кибрга берилган кимсалар одамлар фақат уларни зиёрат қилиши кераклигини даъво қиладилар. Одамлар уларнинг ҳожатларини чиқаришлари, улуғлашлари, жой бўшатишлари, доимо уларнинг тақволари ва ибодатларини мадҳ қилиб туришлари лозимлигини даъво қиладилар.

Иккинчи қисм диний ишларда бўлиб, кибрга берилган баъзи обид ва зоҳидлар ўзларидан бошқалар нотўғри йўлдан бораётганларини ва ҳалокатга учрашларини даъво қиладилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا قَالَ الرَّجُلُ: هَلَكَ النَّاسُ فَهُوَ أَهْلَكُهُمْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.        

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бир одамнинг «Одамлар ҳалок бўлди», деганини эшитсангиз, унинг ўзи энг ҳалок бўлганидир», деганлар».

Имом Муслим ривоят қилган.

3. Ҳасаб ва насаб ила кибрланиш.

Насаби шарафли бўлган одам ўзидан илми ва амали устун бўлган одамга такаббурли муомала қилади. Уларнинг наздида бошқа одамлар худди уларнинг қули ёки хизматкоридек бўлади. Ислом таълимотида эса насаб кишининг амалидан устун қўйилмаган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «وَمَنْ بَطَّأَ بِهِ عَمَلُهُ لَمْ يُسْرِعْ بِهِ نَسَبُهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимни амали ортга сурса, уни насаби олдга сура олмайди», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Яъни охиратда ҳамманинг насабига эмас, амалига қараб даража берилади. Кимнинг амали яхши бўлса, насаби қандай бўлишига қарамай олдинга сурилади, олий мартабаларга эришади. Кимнинг амали ёмон бўлса, у ортга сурилади, иши чатоқ бўлади. Насаби қанчалик олий бўлмасин, иши олдинга сурилмайди. Шунинг учун ҳеч ким ўзига ишониб қолмаслиги, мағрурланмаслиги керак. Аксинча, кўпроқ яхши амал қилишга уриниш лозим.

4. Жамол ила кибрланиш.

Бу нарса одатда аёллар ўртасида кўпроқ учрайди. Улар ўзаро жамоллари ила фахрланишга, бошқаларининг ташқи кўринишидаги нуқсонларини зикр қилишга ўч бўладилар.

5. Мол билан кибрланиш.

Мол-дунёси кўп кишилар исломий тарбия олмаган бўлсалар, камбағаллардан кибрланишлари, ўз моллари ила фахрланишлари маълум ва машҳур. Уларнинг кибрлари гап-сўзлари, ҳатти-ҳаракатлари ва имо-ишораларидан ҳам билиниб туради.

6. Куч-қувват билан фахрланиш.

Бунда моддий ва маънавий куч, имконият, чора-тадбирлар ва бошқалар кўзда тутилади. Мутакаббирлар мазкур нарсаларда ўзларидан паст бўлганлар устидан «Сени у қилиб юбораман, бу қилиб юбораман», дея фахрланадилар.

7. Ўз тарафдорлари билан кибрланиш.

 Бунда киши ўз қарамоғидагилари, шогирдлари, хизматчилари, қариндошлари, уруғ-аймоқлари, ака-ука ва фарзандлари билан кибрланади.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сабр сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир. Ушбу мақомда биз учун сабрнинг худди шу маъноси керак.Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида давоми...

23652 05:00 / 28.02.2017
Мақолага сарлавҳа қилиб олинган бу уч маънавий жиноят бирбирлари билан чамбарчас боғлиқдир. Бунга ажабланиш керак эмас. Зотан, барча маънавий жиноятлар давоми...

5126 05:00 / 28.02.2017
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилдилар quotБирбирингизга ҳасад қилманг. Ўрталарингизга давоми...

3946 05:00 / 01.03.2017
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадиси шундайдир Менинг ахлоқимга тобеъ бўлмаган ва менга салоту салом йўлламаган киши жаннат йўлини йўқотиб давоми...

4255 12:03 / 03.11.2018
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021