Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Шариатга хилоф иш содир бўлган жойдан тезроқ жўнаб кетиш зарурлиги | Ҳадис дарслари (284-дарс)

19:00 / 29.05.2024 3319 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ فِي مَسِيرٍ لَهُ فَنَامُوا عَنْ صَلَاةِ الْفَجْرِ فَاسْتَيْقَظُوا بِحَرِّ الشَّمْسِ، فَقَالَ عَلَيْهِ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ: تَنَحَّوْا عَنْ هَذَا الْمَكَانِ، ثُمَّ أَمَرَ بِلَالًا فَأَذَّنَ ثُمَّ تَوَضَّئُوا وَصَلَّوْا رَكْعَتَيِ الْفَجْرِ، ثُمَّ أَمَرَ بِلَالًا فَأَقَامَ الصَّلَاةَ فَصَلَّى بِهِمْ صَلَاةَ الصُّبْحِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالشَّيْخَانِ.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарларидан бирида (ҳамма) Бомдод намозида ухлаб қолиб, қуёшнинг иссиғидан уйғондилар.

У зот алайҳиссалоту вассалом:

«Бу жойдан бошқа жойга ўтинглар», дедилар.

Сўнгра Билолга амр қилиб, азон айттирдилар. Сўнгра таҳорат қилиб, икки ракъат фажр (Бомдод)ни (суннатини) ўқидилар. Сўнгра Билолга амр этиб, такбир айттирдилар ва уларга Бомдод намозини ўқиб бердилар».

Абу Довуд ва икки Шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикри келган ҳодиса жуда маълум ва машҳур.

Муҳаддисларимиз иштирокчиларнинг гапларини бир неча ҳадисларда келтирганлар. Жумладан, Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар ғазотидан қайтганларида кечаси билан юрдилар. У зотни мудроқ босганида, кечанинг охирида дам олишга қарор қилдилар ва Билолга: «Бизнинг қоровулимиз бўл», дедилар.

Билол қудрати етганича намоз ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари уйқуга кетдилар. Тонг яқин қолганда Билол юкларига суянган ҳолда кўзи кетиб, ухлаб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, Билол ҳам, саҳобалардан бирортаси ҳам қуёш уларни урмагунича уйғонмадилар.

Биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чўчиб уйғондилар ва:

«Ҳой Билол!!!» дедилар.

«Сизнинг нафсингизни олган менинг нафсимни ҳам олди», деди Билол. У зот:

«Туриб, жўнанглар!» дедилар.

Бас, туриб, кўчларини бир оз юргиздилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва Билолга амр қилдилар, у такбир айтди. Бас, уларга Бомдод намозини ўқиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлгач:

«Ким намозни эсидан чиқарса, эслаган чоғида ўқиб олсин. Чунки Аллоҳ таоло: «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», деган», дедилар».

Ушбу ривоят олдингисини тўлдириб келмоқда.

Энди икки ривоятдан олинадиган фойдаларни кўриб чиқайлик:

1. Намоздан ухлаб қолмасликнинг барча тадбирларини кўриш кераклиги.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Билол розияллоҳу анҳуни қоровул қилиб қўйишлари айни шу муддао учун бўлган.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умрларида бир марта Бомдод намозида ухлаб қолганлари.

Кўпчилик уламолар «Бу Аллоҳнинг иродаси ила махсус равишда, қазо намозини қандай ўқишни ўргатиш учун бўлган», дейдилар.

3. Ухлаб, намозни ўтказиб юборган одам уйғонганидан кейин дарҳол ўқиб олиши лозимлиги.

4. Шариатга хилоф иш содир бўлган жойдан тезроқ жўнаб кетиш зарурлиги.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша ердан кетиб, бошқа томонга ўтиб, Бомдоднинг қазосини ўқиганлари шуни кўрсатади. Баъзи ривоятларда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу водийдан бошқа жойга ўтинглар, бу ерда шайтон бор экан», деганлар.

5. Қазо намозига ҳам азон айтилиши.

6. Қазо намозига ҳам такбир айтилиши.

7. Бомдоднинг суннатининг ҳам қазосини ўқиш лозимлиги.

8. Қазо намозни жамоат билан ўқиса ҳам бўлиши.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтоншарридан паноҳ сўрагин,, деган Наҳл сураси, 98оят. Яъни, аввал .Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожийм,ни давоми...

2565 19:00 / 25.03.2025
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош давоми...

4895 14:00 / 07.04.2021
. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Билол розияллоҳу анҳуга азонни жуфт айтиш, иқоматни .қод қоматиссолаҳ,дан бошқасини тоқ айтиш амр давоми...

2452 19:00 / 16.10.2024
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам поклансалар, покланишларида ҳам, тарансалар, таранишларида ҳам давоми...

3935 19:00 / 17.08.2023