Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Фарз намозида қиблани тарк қилиб бўлмаслиги | Ҳадис дарслари (294-дарс)

19:00 / 07.08.2024 2393 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُصَلِّي عَلَى رَاحِلَتِهِ حَيْثُ تَوَجَّهَتْ بِهِ، فَإِذَا أَرَادَ الْفَرِيضَةَ نَزَلَ فَاسْتَقْبَلَ الْقِبْلَةَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُسَبِّحُ عَلَى الرَّاحِلَةِ قِبَلَ أَيِّ وَجْهٍ تَوَجَّهَ وَيُوتِرُ عَلَيْهَا غَيْرَ أَنَّهُ لَا يُصَلِّي عَلَيْهَا الْمَكْتُوبَةَ. وَلِأَبِي دَاوُدَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا سَافَرَ فَأَرَادَ أَنْ يَتَطَوَّعَ اسْتَقْبَلَ بِنَاقَتِهِ الْقِبْلَةَ فَكَبَّرَ ثُمَّ صَلَّى حَيْثُ تَوَجَّهَ رِكَابُهُ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловлари устида у қаёққа қараб юрса, ўша ёққа қараб намоз ўқир эдилар. Қачон фарз намозини ирода қилсалар, тушиб, қиблага юзланар эдилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Ва бошқа ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловлари устида нафл ва витр намозларини у қаёққа юзланса, ўша ёққа қараб ўқир эдилар. Фақат фарз намознигина унинг устида ўқимас эдилар», де­йилган.

Абу Довуднинг ривоятида:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар қилсалар ва нафл намоз ўқимоқчи бўлсалар, туяларини қиблага қаратиб туриб, такбир айтар, сўнгра минган уловлари қайси томонга юзланса, ўша ёққа қараб намоз ўқир эдилар», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Нафл намозни уловнинг устида у қаёққа қараб кетаётган бўлса, ўша ёққа қараб ўқиш мумкинлиги.

2. Фарз намозни ерга тушиб, қиблага қараб ўқиш кераклиги.

Уламолар улов устидаги нафл намоз ҳақида бир оз тафсилотлар қўшганлар. Баъзилари «Намозга ният қиблага қараб қилинади, ўқиётганда эса улови қайси томонга кетса, ўша томонга қараб ўқийверади», дейишган.

Бошқа бирлари эса «Ниятни ҳам улови кетаётган тарафга қараб қилса бўлаверади. Аммо улов кемага ўхшаш кенг ва қулай бўлса, қиблага қараб ўқиш керак», деганлар.

Демак, бугунги куннинг аксар уловлари – сайёра (автомобиль), учоқ (самолёт), кема ва бошқаларда нафл намозни ҳам қиблага қараб ўқиш керак бўлади.

3. Фарз намозида қиблани тарк қилиб бўлмаслиги.

Шунингдек, узр бўлса, мисол учун, ёмғир, душман хавфига ўхшаш нарсалар бўлса, фарз намозни ҳам улов устида ўқиш мумкин, дейилган. Бошқа ривоятлар ҳам шуни таъкидлайди.

Бошқа ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловлари устида нафл ва витр намозларини у қаёққа юзланса, ўша ёққа қараб ўқир эдилар. Фақат фарз намознигина унинг устида ўқимас эдилар», дейилган.

Бу ривоятда нафл намозига витр намози ҳам қўшилган. Шунга қараганда, витр намози нафл ҳам, фарз ҳам эмаслиги келиб чиқади.

Бу ҳадисда ҳам аввалги ривоятдаги каби нафл намозни улов қаёққа қараса, ўша ёққа қараб, фарзни ерга тушиб, қиблага қараб ўқиш алоҳида таъкидланмоқда.

Абу Довуднинг ривоятида:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки сафар қилсалар ва нафл намоз ўқимоқчи бўлсалар, туяларини қиблага қаратиб туриб, такбир айтар, сўнгра минган уловлари қаёққа қараса, ўша ёққа қараб намоз ўқир эдилар», дейилган.

Бу ривоятдан қуйидагилар келиб чиқмоқда:

1. Нафл намозни улов устида ўқиш сафарда жоиз эканлиги.

2. Улов устидаги нафл намознинг ниятини қиблага қараб қилиш.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Билолга .Эй Билол, қачон азон айтсанг, азонингни шошилмай, давоми...

2749 19:00 / 06.11.2024
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳайзли аёл ва жунуб Қуръондан ҳеч нарса ўқимайди,, давоми...

3545 19:00 / 25.10.2023
Мазий ndash жинсий аъзодан чиқадиган оқ рангдаги ўта майин суюқлик бўлиб, у одатда жинсий яқинлик ёки шунга яқин ҳаракат бўлганда чиқади. . Асмо давоми...

4038 00:00 / 17.11.2022
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг энг афзал пайғамбари бўлиш билан бирга, оддий инсон ҳам эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

8072 14:00 / 26.12.2018