Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Намоз ўқимасликка ҳеч қандай баҳона ўтмайди | Ҳадис дарслари (337-дарс)

19:00 / 16.07.2025 1990 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

الصَّلَاةِ، فَقَالَ: صَلِّ قَائِمًا فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَقَاعِدًا فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَعَلَى جَنْبٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менинг бавосилим бор эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз ҳақида сўрадим.

У зот:

«Тик туриб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ўтириб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ёнбошлаб ўқи», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Бавосил – инсон мақъадида бўладиган касаллик.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу бавосил дардига чалинган одам намозни қандай қилиб ўқиши ҳақида сўраган бўлсалар ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умумий жавоб бердилар. Бунинг ичига оғир касалликлар ҳам кириб кетди. Саволда одам беморлиги туфайли тик тура олмаса, намоз ўқиши қандай бўлади, чунки намозда тик туриш фарз-ку, деган маъно бор.

Жавобдан эса намозда тик туриш бунга қодир бўлган киши учун фарздир, деган маъно чиқади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Намозга таъсир қилиши мумкин бўлган нарсаларнинг ҳукмини биладиган кишидан сўраб олиш лозимлиги.

2. Муайян нарсанинг ҳукми сўралса, умумий жавоб бериш мумкинлиги.

3. Намозни тик туриб ўқишга қодир бўлмаган одам ўтириб ўқиши жоизлиги. Иложи бўлса, намозда ўтирганга ўхшаб, чўккалаб ўтирган яхши. Бўлмаса, қодир бўлганича ўтиради.

4. Намозни ўтириб ўқишга ҳам қодир бўлмаган одам ётиб ўқиши зарурлиги.

5. Намознинг энг аҳамиятли ибодат эканлиги ва уни тарк қилишга узр йўқлиги.

عَنِ ابْنِ أَبِي أَوْفَى رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: إِنِّي لَا أَسْتَطِيعُ أَنْ آخُذَ مِنَ الْقُرْآنِ شَيْئًا، فَعَلِّمْنِي مَا يُجْزِئُنِي مِنْهُ، فَقَالَ: قُلْ سُبْحَانَ اللهِ وَالْحَمْدُ للهِ وَلَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَاللهُ أَكْبَرُ، وَلَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ الْعَلِيِّ الْعَظِيمِ، قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، هَذَا ِللهِ فَمَا لِي؟ قَالَ: قُلِ اللَّهُمَّ ارْحَمْنِي وَارْزُقْنِي وَعَافِنِي وَاهْدِنِي، فَلَمَّا قَامَ قَالَ هَكَذَا بِيَدَيْهِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ r: أَمَّا هَذَا فَقَدْ مَلَأَ يَدَيْهِ مِنَ الْخَيْرِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

Ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Мен Қуръондан ҳеч нарсани (ёд) олишга қодир бўла олмаяпман. Менга кифоя қиладиган нарсани ўргатиб қўйинг», деди.

У зот:

«Субҳаналлоҳи, валҳамду лиллаҳи ва лаа илааҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил алиййил азийм», дегин», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, бу Аллоҳ учун. Мен учун-чи?» деди.

«Аллоҳуммарҳамни варзуқни ваъафини ваҳдини», дегин», дедилар.

У ўрнидан тураётиб, икки қўли билан мана бундай қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аммо мана бу икки қўлини яхшиликка тўлдириб олди», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Аввало ҳадиснинг ровийcи Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳунинг кунялари Абу Муовиядир. Бу зот Ҳудайбия сул­ҳи, Ризвон байъати, Хайбар ғазоти ва бундан бошқа маъракаларда иштирок этдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларича Мадинада яшадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг Куфага кўчиб ўтиб, ана шу ерда истиқомат қилдилар.

Бу зотнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисларини Исмоил ибн Абу Холид, Абдулмалик ибн Умайр, Саома ибн Куҳайл, Шаъбий, Абу Исҳоқ, Шайбонийлар ривоят қилдилар.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 86-йили Куфада вафот топдилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, бу Аллоҳ учун. Мен учун-чи?» жумласи бу ўргатган нарсангиз Аллоҳнинг зикридан иборат. Мен ўзим учун сўрайдиган нарсам қани, дегани бўлади.

«У ўрнидан тураётиб, қўли билан мана бундай қилди» дегани икки қўлини кўтариб, ҳар бир калимани айтганда биттадан бармоғини юмди ва охирида ҳаммасини жамлаб, «ёдлаб олдим» деган ишорани қилди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қуръон ёдлашга қодир бўлмаган одамдан ҳам намоз соқит бўлмаслиги.

2. Қуръон ёдлашга қодир бўлмаган одам намозни қандай адо қилиш йўлини ахтариши зарурлиги.

3. Қуръондан керагича ёд олгунга қадар бош­қа зикрни айтиб, намоз ўқиб туриш лозимлиги. Умуман ёд ола билмаса, доимо ўша зикрни айтиш.

4. Намозда қилинадиган зикрнинг Аллоҳ учун ва банда учун алоҳида қисмлари бўлиши.

5. Қуръон ёдлай ололмай, намозда унинг ўрнига бошқа зикр айтган одам ҳам яхшиликка эришиши.

Ҳанафий мазҳабида «Фотиҳа сурасини ўқишдан ожиз одам уни ёдлаб олгунга қадар ўз тилида маъносини ўқиб турса ҳам жоиз», дейилган.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Менга мендан олдин ҳеч кимга берилмаган беш нарса берилди менга бир ойлик масофадаги давоми...

7626 15:05 / 01.04.2020
t r . . Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким илмни уламолар билан можаро қилиш учун, давоми...

3442 20:00 / 27.04.2022
Биз Имом Бухорий энг машҳур муҳаддис бўлганлари учун кўпроқ шу зотдан мисол келтирдик. У кишидан олдин ўтган муҳаддислар ҳам ҳудди шундай йўл тутишган. Аслида бу давоми...

6100 17:23 / 08.01.2017
Мухтасар қилиш рағбати ила барча такрор ривоятлар шарҳига фиқҳий ҳукмларни ўзида жамлаган бир ривоятни олиш билан кифояландим. Шунингдек, санаддан ҳадиснинг давоми...

5746 17:36 / 20.06.2019