Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (163-дарс) Шайтоннинг ашаддий душмани ким?

17:00 / 08.12.2021 6516 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: فَقِيهٌ أَشَدُّ عَلَى الشَّيْطَانِ مِنْ أَلْفِ عَابِدٍ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир фақиҳ шайтон учун минг обиддан ҳам ашаддийроқ (душман)дир», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида диний илмлар олимининг фазли қанчалар улуғ эканлигини баён қилмоқдалар. Ушбу фазлни яна ҳам равшанроқ кўрсатиш учун дийний илмлар олимини обид кишига қиёслаб баён қилмоқдалар. Обид – ўзини ибодатга бағишлаган, қўшимча ибодатларга кўп аҳамият берувчи, кўп вақтини нафл ибодатларга сарфловчи кишидир. Шубҳасиз, бундай одам фазилатли бўлади. Кўпчилик уни ибодатли бўлгани учун ҳам ҳурмат қилади.

Аммо олимга солиштирганда мингта обиднинг фазли ҳам битта олимнинг фазлига тўғри келмас экан. Нима учун? Чунки обид сифатига эга бўлган инсон илмдан унчалик хабардор бўлмайди, бўлса ҳам, бор илмини фақат ўзи учунгина ишлатади. Кўпинча ибодатли кишиларга илм етишмаса, шайтон васвасасига учиб, йўлдан озишлар ҳам содир бўлиб туради. Шунинг учун ҳам обид киши шайтонга унчалик қаршилик кўрсата олмайди. Тўғрироғи, шайтоннинг ишларига қарши туролмайди.

Олим киши эса Аллоҳ таоло берган илм ёрдамида шайтоннинг барча макр-ҳийлаларидан хабардор бўлади ва уларга қарши кўриладиган чора-тадбирларни яхши билади. Шайтон қаерда одамларни иғвога солса, уларни тўғри йўлдан адаштирмоқчи бўлса, олим ўша ерда пайдо бўлади ва шайтоннинг иғвосига қарши зарур чораларни кўради. Шунинг учун бир олим шайтон учун минг нафар обиддан кўра ашаддийроқ душман ҳисобланади.

Исломда шунинг учун ҳам диний илм олимлари юқори қадрланадилар. Олим бор жойда кишиларнинг шайтон васвасасига учиши оз бўлиши тарихий тажрибада кўрилган ҳақиқатдир. Қайси бир жамиятда кераклигича диний олим бўлса, ўша жамиятда шайтоннинг васвасаси оз бўлади. Олимлар ваъз-насиҳат, дарсу иршодлари билан халқни шайтонга малай бўлишдан қайтариб, Аллоҳнинг йўлига солиб турадилар. Уламолари йўқ ёки кам жойларда эса инсонлар шайтонга малай бўлиб қоладилар.

Шунинг учун ҳам орамиздан кўпроқ етук диний олимлар чиқиши учун ҳаракат қилмоғимиз, бор уламоларни эса жамият учун, эл-юрт учун зарур кишилар сифатида тақдирлашимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга .Қачон витр ўқийсан, дедилар. .Кечанинг давоми...

1598 19:00 / 08.10.2025
Жобир розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, ҳаммомга иштонсиз кирмасин. Ким давоми...

5538 05:00 / 03.03.2017
.Витр, сўзи луғатда .тоқ, деган маънони англатади. . . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эй аҳли Қуръон, витр давоми...

1573 19:00 / 24.09.2025
Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида шундай марҳамат қилади .Расул сизга нимани берса, олинг, нимадан қайтарса, қайтинг, 7оят, деган. Бу ояти карима эса мусулмонлар давоми...

4647 13:30 / 17.02.2021