Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (91-дарс). Аллоҳнинг илми ва қудрати (бешинчи мақола)

13:09 / 24.06.2020 5835 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган ҳолда қўлларидаги чўп билан чизар эдилар. Бас, у зот бошларини кўтардилар ва:

«Сиздан жаннатдаги ва дўзахдаги манзили билинмаган бирор жон йўқ», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, (у ҳолда) нима учун амал қиламиз? (Ўшанга) суянсак бўлмайдими?» дейишди.

«Амал қилинглар! Ҳаммага ўзи халқ қилинган нарса муяссар қилингандир», дедилар ва «‎Аммо кимки ато этса ва тақво қилса ва гўзални тасдиқ қилса, бас, уни осонга муяссар қиламиз» оятларини қироат қилдилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда қазо ва қадар масаласига мўминларнинг қандай муносабатда бўлишлари лозимлиги ҳақидаги улкан қоида баён қилинмоқда.

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган ҳолда қўлларидаги чўп билан чизар эдилар. Бас, у зот бошларини кўтардилар ва:

«Сиздан жаннатдаги ва дўзахдаги манзили билинмаган бирор жон йўқ», дедилар».

Ўша манзилларни яккаю ягона Зот – Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Агар Аллоҳ таоло буни билмаса, Аллоҳлиги қолмас эди. У Зотга нуқсон сифати нисбат берилган бўларди. Бошқа ҳеч ким мазкур нарсаларни билмайди. Баъзи бир саҳобалар бу гапни ўзларича англадилар ва Пайғамбар алайҳиссаломга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, (у ҳолда) нима учун амал қиламиз? (Ўшанга) суянсак бўлмайдими?» дейишди».

Яъни, ҳар бир жоннинг жаннати ёки дўзахи бўлиши Аллоҳ таоло томонидан билинган бўлса, ўша илмга суяниб, ибодат ва амали солиҳ қилмай юраверса бўлмайдими? Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга энг тўғри жавобни бердилар.

«Амал қилинглар! Ҳаммага ўзи халқ қилинган нарса муяссар ‎қилингандир», дедилар ва «‎Аммо кимки ато этса ва ‎тақво қилса ва гўзални тасдиқ қилса, бас, уни осонга ‎муяссар қиламиз» оятларини қироат қилдилар‎».

Ҳа, айнан шариатга биноан амал қилиш кимнинг кимлигини ажратишга аломат бўлгандир. Ҳар кимни Аллоҳ таоло нима учун халқ қилган бўлса, ўша бандага мазкур нарсага олиб борувчи амаллар осон кўринади ва уларга амал қилишга ўтади. Бу ҳақиқатни Қуръони Карим ҳам таъкидлаган:

«‎Аммо кимки ато этса ва тақво қилса ва гўзални тасдиқ қилса, бас, уни осонга муяссар ‎қиламиз» («Лайл» сураси, 5-7-оятлар).

Ким Аллоҳ таолонинг йўлида мол-дунё сарф қилса, Аллоҳ таолога тақво қилиб яшаса ва «гўзал сўз» – «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни тасдиқ қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатга киришни осон қилади.

«‎Ва аммо, кимки бахиллик ва истиғно қилса ва гўзални ёлғонга чиқарса, ‎бас, уни ‎қийинга муяссар қиламиз» ‎(«Лайл» сураси, 8-10-оятлар).

Ким Аллоҳ таолонинг йўлида мол-мулк сарфламай, бахиллик қилса, тақво қилишдан истиғно қилса ва «гўзал сўз» – «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни ёлғонга чиқарса, Аллоҳ таоло унинг дўзахга киришини осон қилади.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Таҳорат учун Валҳон деб айтиладиган шайтон бор. Сув давоми...

4575 19:00 / 29.03.2023
. . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтон намозини кечанинг ярмигача суриб, кейин давоми...

3192 19:00 / 01.05.2024
Ҳадис орқали собит бўлган ҳукмлар тўрт қисмга бўлинади 1. Қуръони карим ила собит бўлган ҳукмларни таъкидловчи ҳукмлар. Бунга намоз ўқиш, закот бериш, рўза давоми...

8439 12:00 / 28.11.2018
Қазои қадар иймоннинг рукнларидан бўлиб, унга ҳеч қачон эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. Бу соҳада доимо ҳушёр бўлиш керак. Ана ўша ҳушёрлик, эҳтиёткорлик давоми...

5842 13:00 / 11.11.2020