Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Азондан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш | Ҳадис дарслари (308-дарс)

19:00 / 20.11.2024 3124 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قاَلَ: إِذَا سَمِعْتُمُ النِّدَاءَ فَقُولُوا مِثْلَ مَا يَقُولُ الْمُؤَذِّنُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَزَادَ غَيْرُ الْبُخَارِيِّ: ثُمَّ صَلُّوا عَلَيَّ، فَإِنَّهُ مَنْ صَلَّى عَلَيَّ صَلَاةً صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ بِهَا عَشْرًا، ثُمَّ سَلُوا اللهَ لِي الْوَسِيلَةَ، فَإِنَّهَا مَنْزِلَةٌ فِي الْجَنَّةِ لَا تَنْبَغِي إِلَّا لِعَبْدٍ مِنْ عِبَادِ اللهِ، وَأَرْجُو أَنْ أَكُونَ أَنَا هُوَ، فَمَنْ سَأَلَ اللهَ لِيَ الْوَسِيلَةَ حَلَّتْ لَهُ الشَّفَاعَةُ.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки азонни эшитсангиз, муаззин айтаётган нарсани айтинглар», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Бухорийдан бошқалар:

«Сўнгра менга саловот айтинглар. Чунки ким менга бир саловот айтса, албатта, Аллоҳ унга ўн саловот айтади. Кейин менга василани сўранг­лар. Бас, у жаннатдаги бир манзила бўлиб, Аллоҳнинг бандаларидан фақат бир бандагагина лозим бўлур. Ўша банда мен бўлишимни орзу қиламан. Ким менга василани сўраса, у шафоатга сазовор бўлур»ни зиёда қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Муаззин қайси лафзни айтса, азонни эшитувчи ўшани такрорлаб туриш лозимлиги.

2. Азондан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш лозимлиги. Бу салавот қайси сийға билан бўлса ҳам бўлаверади. Фақат у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва салом маъноси бўлиши зарур.

3. Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бир салавот айтса, Аллоҳ унга, албатта, ўн салавот айтиши. Аллоҳнинг бандага салавот айтиши – раҳмат юборишидир.

4. Азондан ва салавотдан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Василани сўраш кераклиги. Уни қандай қилиб сўраш кейинги ривоятда келади.

5. «Васила» жаннатдаги бир манзила – мақом эканлиги.

6. Аллоҳ томонидан Василанинг фақат бир бандага берилиши.

7. Василага энг яқин зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эканликлари.

8. Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Василани сўраса, у зотнинг шафоатларига мушарраф бўлиши.

Демак, азонни эшитганимизда муаззин нима деса, шуни қайтариб туришимиз лозим. «Ҳайя ъалас-солаҳ» ва «Ҳайя ъалал-фалаҳ» дейилганда нима айтилиши қуйида баён қилинади.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ قَالَ حِينَ يَسْمَعُ النِّدَاءَ اللَّهُمَّ رَبَّ هَذِهِ الدَّعْوَةِ التَّامَّةِ، وَالصَّلَاةِ الْقَائِمَةِ آتِ مُحَمَّدًا الْوَسِيلَةَ وَالْفَضِيلَةَ، وَابْعَثْهُ مَقَامًا مَحْمُودًا الَّذِي وَعَدْتَهُ، حَلَّتْ لَهُ شَفَاعَتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким азонни эшитгандан кейин: «Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит тааммати вас-солатил қоимати ати Муҳаммаданил василата вал фазилата вабъасҳу мақомам маҳмудан аллазий ваъадтаҳ» деса, қиёмат куни унга шафоатим вожиб бўлур», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда келган дуонинг маъноси қуйидагича: «Аллоҳим! Эй ушбу тугал даъватнинг ва қоим бўладиган намознинг Роббиси! Муҳаммадга Василани ва фазилатни бергин. Ҳамда уни Ўзинг ваъда қилган мақоми Маҳмудда қайта тирилтиргин».

«Васила» жаннатдаги олиймақом манзила эканлиги ҳадисда зикр қилинди.

«Мақоми Маҳмуд» – «Мақталган Мақом» эса Аллоҳ таолонинг «Шоядки, Роббинг сени Мақоми Маҳмудда қайта тирилтирса» ояти ила Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваъда қилинган. Мақоми Маҳмуд буюк шафоат мақомидир.

Демак, қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига мушарраф бўлайлик, десак, азондан кейин ушбу дуони ўқиб юришимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намоз араб тилида .солат, деб аталиб, луғатда .яхшиликка дуо, деган маънони англатади. Шариатда эса такбир билан бошланиб, салом бериш билан тугайдиган, зарур давоми...

3796 19:00 / 03.01.2024
. . Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз намозга турса, унинг давоми...

2602 19:00 / 08.01.2025
Маълумки, Ислом дини янги келган пайтда дунёни ширк босиб ётар, одамлар Аллоҳ таолога ширк келтирар эдилар. Ҳатто туясини қумга соғиб, лой қилиб, ўзига .худо, ясаб давоми...

6136 17:50 / 25.12.2019
Имом Абу Ийсо Муҳаммад ибн Ийсо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок асСулмий азЗаририй алБуғий атТермизий ҳозирги Термиз шаҳридан олти фарсах узоқликда жойлашган Буғ давоми...

9375 13:40 / 24.04.2019