Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Қуръоннинг учдан бирига тенг сура | Сийрат дарслари (331-дарс)

19:00 / 06.06.2025 1902 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

686. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам бошқа бир кишининг кечаси «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни қайтариб чиққанини эшитди. У тонг оттирганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ўшани зикр қилди ва уни писанд қилмагандек бўлди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, у Қуръоннинг учдан бирига тенгдир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

687. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз бир кечада Қуръоннинг учдан бирини қироат қилишга ожизлик қиладими?» дедилар. «Қандай қилиб бир кечада Қуръоннинг учдан бирини қироат қилади?» дейишди. «Қул ҳуваллоҳу аҳад» Қуръоннинг учдан бирига тенгдир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

688. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага дастлаб келганларида ансорлардан боболари ёки тоғалари(нинг авлодлари) ҳузурига тушдилар. У зот ўн олти ой ёки ўн етти ой Байтул-Мақдис томонга (қараб) намоз ўқидилар. У зот Каъба томон юзланишни яхши кўрар эдилар. У зотнинг (Каъбага юзланиб) биринчи ўқиган намозлари аср намози бўлди. У зот билан қавм ҳам намоз ўқиди. У зот билан намоз ўқиган одам (масжиддан) чиқди. Сўнгра ансорлардан бир қавмнинг олдидан ўтди. Улар аср намозида Байтул-Мақдис томонга қараб рукуъ қилиб туришган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқигани ва у зот Каъбага юзланганлари ҳақида гувоҳлик берди. Улар рукуъда турган ҳолларида бурилдилар. У зотнинг Байтул-Мақдис томонга (қараб) намоз ўқишлари яҳудийлар ва аҳли китобга ёқарди. У зот юзларини Байтга бурганларида улар (буни) инкор қилишди.

Баро айтади: «Қибла айлантирилгунча бир қанча одамлар вафот этган ёки қатл қилинган эди. Улар ҳақида нима дейишни билмай қолдик. Шунда Аллоҳ таоло: «Аллоҳ иймонингизни зое қилмас»(ояти)ни нозил қилди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

689. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтул-Мақдис томонга қараб намоз ўқир эдилар. Шунда «Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез бурилганини кўрурмиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратурмиз. Юзингни Масжидул-Ҳаром томон бур» (ояти) нозил бўлди. Сўнг Бану Саламадан бир киши ўтиб қолди. Улар бомдод намозида рукуъда туришар, бир ракатни ўқиб бўлишган эди. Шунда у: «Огоҳ бўлинглар! Қибла ўзгарди», деди. Шунда улар турган ҳолларида қиблага бурилишди».

Муслим ривоят қилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
276. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бири обид, бошқаси олим икки киши зикр қилинди. Шунда Расулуллоҳ давоми...

3377 19:00 / 15.09.2023
416. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини хурмодан бир соъ ёки арпадан бир соъдан ndash қулга давоми...

2355 19:00 / 10.05.2024
711. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Дуо ибодатдир,, дедилар. Сўнгра .Роббингиз .Менга дуо қилинг, давоми...

1462 19:00 / 18.07.2025
413. Зайнаб бинт Абу Саламадан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Умму Ҳабибанинг олдига кирдим. Ўшанда унинг отаси Абу Суфён давоми...

4305 13:02 / 18.09.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар