Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (12-дарс)

15:00 / 22.12.2018 7518 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

* * *

84. Жобир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга хачир ҳам, ажамий от ҳам минмай келдилар».

Бухорий ривоят қилган.

* * *

85. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқиганларидан кейин Мадинанинг хизматкорлари сувли идишларини олиб келишар эди. Қайси идиш келтирилса, у зот унга қўлларини солар эдилар. Баъзида совуқ тонгда ҳам келишарди. У зот қўлларини солардилар».

Муслим ривоят қилган.

* * *

86. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадя қабул қилар ва унга яраша мукофот берар эдилар».

Бухорий ривоят қилган.

* * *

87. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади. Чунки шайтон менинг қиёфамга кира олмайди», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

88. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшларида (пайғамбар қилиб) юборилдилар. Маккада у зотга ўн уч йил ваҳий юборилиб турди. Сўнгра ҳижратга амр қилиндилар. Шунда Мадинага ҳижрат қилдилар ва у ерда ўн йил истиқомат қилдилар. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

89. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга охирги назар солганимда у зот пардани очдилар. Одамлар Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ортида сафда туришган эди. Абу Бакр ортига тисарилмоқчи бўлди. У зот «тураверинглар» деб ишора қилдилар ва пардани туширдилар. У зот ўша куннинг охирида вафот этдилар. У кун душанба эди».

Муслим ва Насоий ривоят қилишган.

* * *

90. Амр ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган вақтларида дирҳам ҳам, динор ҳам, қул ҳам, чўри ҳам, қўй ҳам қолдирмадилар. Фақатгина оқ хачирлари, силоҳлари ва садақа қилган ерлари қолди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юбо-рилмаганман. Албатта, мен раҳмат этиб юборилганман», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

* * *

92. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади. Ердагиларга раҳм қилинг, сизга осмондаги Зот раҳм қилади», дедилар».

Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривоят қилишган.

* * *

93. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Раҳмдиллик фақатгина бадбахтдан суғуриб олинади», деганларини эшитдим».

Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

* * *

94. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ раҳматни юз қисмга бўлди. Ўз ҳузурида тўқсон тўққиз қисмини тутиб қолиб, Ерга бир қисмини нозил қилди. Ўша қисмдан махлуқотлар бир-бирларига раҳм қиладилар. Ҳаттоки от ўз боласига озор етказмаслик учун туёғини ундан кўтаради», деганларини эшитдим».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

95. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига асирлар келтирилди. Асирлар ичида бир аёлнинг сийнаси сутга тўлган эди. У асирлар ичида бирор гўдакни кўрса, кўксига босиб эмиза бошлар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: «Ушбу аёл боласини ўтга ташлайди, деб ўйлайсизларми?» дедилар. «Йўқ, у уни ташламасликка қодир», дедик. «Бу аёлнинг боласига раҳмли бўлганига қараганда Аллоҳ бандаларига раҳмлироқдир», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло.Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом йўлланг,, деган .Аҳзоб, давоми...

19769 17:08 / 30.03.2018
Муҳаммад ибн Исҳоқнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақидаги китобида қуйидагилар келтирилади«Сўнгра Маккада турганларида давоми...

4327 16:16 / 23.12.2017
395. Ҳишом ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Уҳуд куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилиб .Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳар бир одамга гўр давоми...

4227 14:00 / 07.08.2020
.Муҳаббат, сўзи .ҳубб, сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, аслида лозим тутиш ва сабот маъноларини англатади. Бирор нарсага муҳаббат қўйган одам мазкур маҳбубни лозим давоми...

8814 10:47 / 01.04.2017
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар