Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

У туғмаган ва туғилмаган | Сийрат дарслари (337-дарс)

19:00 / 18.07.2025 1464 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

711. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуо ибодатдир», дедилар. Сўнгра «Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди» (ояти)ни қироат қилдилар».

Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

712. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда турган эдилар, бироз жим туриб қолдилар-да, сўнг табассум билан бошларини кўтардилар. Биз: «Нега куляпсиз, Эй Аллоҳнинг Расули?» дедик. «Менга ҳозиргина бир сура туширилди», деб, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Иннаа аътойнака ал-Кавсар. Фа солли ли Роббика ванҳар»ни қироат қилдилар. Сўнгра: «Кавсар нималигини биласизларми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», дедик. «У Роббим азза ва жалла менга ваъда қилган наҳрдир. Унда кўп яхшилик бордир. У Қиёмат куни умматим келиб ҳузуримда сув ичадиган ҳовуздир. Унинг идишлари юлдузлар ададича. Улар ичидан бир банда суғуриб олинади. Мен: «У менинг умматимдан», дейман. Шунда: «Бу сендан кейин нима қилганини билмайсан», дейди», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

713. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Бизга Роббингнинг насабини баён қилиб бер», деганларида, Аллоҳ «Айт: «У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ сомаддир. У туғмаган ва туғилмаган»ни нозил қилди. Чунки ҳар бир туғилган нарса, албатта, ўлади. Ҳар бир ўлган нарса, албатта, мерос қолдиради. Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ўлмайди, мерос ҳам қолдирмайди. «Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган». Унга ўхшаш ҳам, тенгдош ҳам бўлмаган. Унинг мислига ўхшайдиган ҳам йўқ», деди.

Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

714. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Одам боласи Мени ёлғончи қилди, у буни қилмаслиги керак эди. Ва Мени сўкди, у буни қилмаслиги керак эди. Мени ёлғончи қилгани «Асло мени аввал бошдагидек ҳолга қайтармайди» деганидир. Ҳолбуки, Менга уни қайтариш илк бор халқ қилишдан қийин эмас. Мени сўккани эса, «Аллоҳ фарзанд тутди» деганидир. Ҳолбуки, Мен Аҳадман, Сомадман, туғмадим, туғилмадим ва Менга ҳеч ким тенг бўлмади», деди».

Бухорий ривоят қилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолодан қўрқиш Ва аммо ким Роббининг ҳузурида туришдан қўрққан ва нафсни ҳавойи хоҳишдан қайтарган бўлса... Бас, албатта, жаннат унга жой давоми...

5846 11:11 / 28.06.2017
Ана шундай оғир пайтда кушойиш томон яна бир қадам босилди. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини улкан мўъжиза ndash ойнинг ёрилиши ила қўллади.Имом Бухорий ривоят давоми...

8531 16:57 / 30.12.2017
904. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .У Маккага йўлга чиқса, туя минишни малол олганда миниб дам олиш учун ўзи билан эшак оларди. Бошига ўраб оладиган давоми...

3490 19:00 / 26.05.2023
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Намознинг аввалги вақти Аллоҳнинг розилигидир. Охирги вақти Аллоҳнинг афвидир,, давоми...

3865 19:18 / 31.05.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар